2015 йилда Ўзбекистонда эркин ва адолатли сайловлар бўлиши лозим!

Кўпчиликка маълумки, келаси 2015 йил Ўзбекистонда сайловлар йилидир.

Ўзбекистон мустақил бўлганига яқинда чорак аср бўлади. Афсуски ўтган 25 йиллик давр мобайнида бўлган бир неча сайловларда Ўзбекистон демократик мухолифати вакиллари фақат бир мартагина (1990йилда) қатнашишга муваффақ бўлишди. Ўша пайтда Олий Кенгаш деб аталадиган Парламентда бор йўғи 25 демократик мухолифат вакиллари ва яна 10...15та халқ учун астойдил жон куйдирадиган депутатлар бўлишига қарамасдан 250дан ошиқ депутатлар бўлган барча йиғилишлар жуда кўтаринки ва қизғин баҳслар билан ўтар эди. Халқ Ошкоралик даври шабадаларидан баҳраманд бўлиб Парламент йиғилишларини қизиқиб кузатишар ва янги қонунларни олқишлаб кутиб олишар эди.

Аммо вақт ўтиши билан халқнинг жонкуяр вакиллари Парламентдан аста секин четлатила бошландилар, улар ичидаги халқ энг оловли фарзандларининг бирлари қамоқларда уриб ўлдирилдилар(Шовриқ Рўзимуродов), бошқалари узоқ муддатли қамоқлар солиндилар (Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов ва бошқалар), учинчилари эса Парламентдан ҳайдалдилар (Эркин Воҳидов, Карим Баҳриев, Шуҳрат Нусратов, Тойиба Тўлаганова, Муҳаммад Солиҳ, Шерали Жўраев ва бошқалар).

Ўзининг оловли ва жонкуяр аъзоларидан айрилган Парламент ҳам, Ўзбекистон жамияти ҳам секин аста маънавий ва моддий инқирозга юз тута бошлади, мамлакатда порахўрлик, таниш билишчилик, рэкэт, судларнинг адолатсизликлари, божхона ва солиқ идораси ходимларининг  юлғичликлари, Милиция ва МХХнинг зўравонликлари, инсонларни эркин фикри ва эътиқоди учун қамоқларга олишлар ўта кучайиб кетди, ишсизлик туфайли 5 миллиондан ошиқ фуқаролар чет элларда иш излаб, сарсон саргардон юришга мажбур қилинди.

Айни пайтда жамиятни таг томиридан кемираётган порахўрлик қуртлари нафақат турли туман вазирликлар ва ҳокимият идораларида балки Ўзбекистоннинг асосий давлат идоралари бўлмиш Миллий Хавфсизлик Хизмати, Бош Прокуратура, Олий Суд, Ички ишлар ввазирлиги ва уларнинг жойлардаги вилоят ва туман бўлимларига ўта юқумли касалликдек кенг тарқалиб кетди. Бу ҳақда сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида мингларча мақолалар чоп этилди.

Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарофутдинов, МХХ раиси ўринбосари Шароф Ҳаётхўжаев ва уларнинг қирқдан ошиқ ҳамтовоқларининг ҳибсларга олиниши, зўравонлик ва порахўрлик билан орттирган юз миллионлаб долларлари ва мол мулклари мусодара қилиниши, Президент Каримовнинг шахсан ўзи вилоятларга бориб ишдан олиб ташлаган ўнлаб лаёқатсиз ҳокимлар Ўзбекистонда авж олган Порахўрлик ва Қонунбузарлик Айсбергининг энг чўққиси холос. Сув остида халққа кўринмай турган аммо Президент ва Парламентга аллақачон бир қисми маълум бўлган давлат органларидаги кенг авж олган бу жиноий қатлам бугун ҳаммани  -  Олий Ҳокимиятдаги виждонли инсонларни ҳам, кенг халқ оммасини ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда.

Агар бундай кенг тарқалиб кетган оғир ва юқумли касалликка қарши кескин ва жиддий чоралар кўрилмаса унинг оқибати нималар билан тугашини ёлғиз Аллоҳ таоло билади.

Бизга маълум бўлган нарса шундан иборатки, халқлар ва давлатлар тарихида бундай касалликлар илгари ҳам кўп учраб турган ва улардан безиб кетган халқлар ниҳоят бу хавфли касалликдан қутилишнинг ягона чорасини уйлаб топишган.

Халқларни ҳар қандай жамиятнинг энг ёмон ва хавфли кушандаси бўлмиш  порахўрлик, қонунбузарликлар ва давлат органларининг зўравонликларини тўхтатиш каби иллатлардан қутқаришниинг ягона чораси бу мамлакатда энг аввало сиёсий ислоҳотларни бошлашда экан.

Сиёсий ислоҳотлар - бу амалга ошириш узоқ муддат талаб қиладиган халқнинг энг қудратли кучларидан биридир.

Бугун Ўзбекистон халқига унинг ана шу яширин аммо қудратли кучини ишга солишига имкон бериш вақти келди. Бу учун Олий Ҳокимиятдан бир нарса, яъни ана шундай ишларни бошлашга истак ва ҳаракат талаб қилинади. Акс ҳолда бундай оғир касалликлардан қаттиқ ва узоқ муддат азият чекаётган халқ ўзининг бу яширин қудратини ўз қўллари билан ишга солиши мумкин.

Аммо бундай ҳолда, яънинг халқни сиёсий ислоҳотларни ўзи бошлашига мажбур қилиш бу ишларни у нақадар тартибли ва маданиятли олиб бора олишини савол остига қўяди. Ўз ўзидан бошланиб кетиши мумкин бўлган халқ ғалаёнларини тартибга солиб бошқаришга кафолат бериш жуда қийин. Чунки ҳар қандай ўта жиддий ишларни бошида ўз билими, фаросати ва қудрати билан кўпчиликка таниш бўлган ва ўзининг софдилиги, ҳалоллиги ва халқ учун жон куйдириши билан кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган инсонлар туриши керак.

Халқ бошига тушган оғир қийинчиликларга қарамасдан бугун ҳам халқ орасида ана шундай кучли инсонлар бор. Аммо уларнинг аксарияти афсуски ё қамоқларда ўтиришибди, ё чет элларда сургунда юришибди ёки мамлакатда ўз овозини чиқармай, тишини тишига босиб юришга мажбур бўлмоқда.

Гапни чўзиб ўтирмасдан асосий мақсадга ўтадиган бўлсак, бугун Ўзбекистон Олий Ҳокимиятида ўтирган виждонли халқ вакиллари ва Президент йиғилишиб бир жиддий қарор олишлари лозим. Бу қарор Ўзбекистонда келаси сайловларни эркин ва адолатли ўтказишни таьминлаш ҳақида бўлиши керак.

Дори минг аччиқ бўлмасин, укол нақадар оғриқли бўлмасин ва муолижа нақадар қийноқли бўлмасин бемор, агар у даволанишни истаса,  ўша аччиқ дорини ичиши, оғир уколни олиши ва азобли бўлсада ўша оғир муолижани олиши керак.

Бугун Ўзбекистон давлати, унинг 30 миллионли халқи яшаётган жамият оғир касалликка чалинган. Бу касалликлар юқорида санаб ўтилди. Энди навбат муолижа турлари ва тартиблари ҳақида.

Энг аввало Ўзбекистон Парламенти “Сайловлар ҳақидаги қонун”га айрим мўҳим қўшимчалар киритиши керак. Бу қўшимчаларда сайловларни ўтказиш тартиби уларни нақадар адолатли ва эркин ўтказиш зарурати нўқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши ва уларда демократик мухолифат вакилларини иштирок этиши алоҳида қайд этилиши лозим.

Бу янги қўшимчаларда Демократик мухолифат ташкилотларини номларини кўрсатиш шарт эмас, чунки улар янги вазиятда қайта тузилишлари, ўз ташкилотларининг йиғилишларини ниҳоят Ватанда очиқ, эркин, журналистлар ва халқ кузатувчиларининг назорати остида ўтказиб номлари, Дастур ва Низомларини ўзгартиришлари мумкин.   

Энг асосийси, бу “Сайловлар ҳақидаги қонунга” қўшимчаларда сиёсий, диний ёки бошқа турлича уйдирма айблар билан қамалиб чиққанлар ва бугун чет элларда сургунда юришга мажбур бўлганлар тўлиқ оқланишлари, уларга Ватанга ҳеч бир тўсиқсиз қайтиб келиш имконлари берилиши кўрсатилиши керак. Чунки айнан ана ўша одамлар халқни ўз ортидан эргаштира оладиган, турли туман ташкилотларни туза оладиган ва уларда ўз йиғилишларини тартибли ўтказиб Олий Мажлис ва Президентлик сайловларига ўз вакилларини кўрсата оладиган ташкилотларга раҳбарлик қила оладиган потенциал кучлардир. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, улар мамлакатда тарқалган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий “касаллик”ларни даволай оладиган муттахасис табиблардир.

Мен умид қиламанки бу гаплар Олий Ҳокимият вакиллари ва халқнинг қулоқларига етиб боради ва яқин кунларда биз бу гапларга нисбатан уларнинг муносабатларини билишга муваффақ бўламиз.    

 

Ҳазратқул Худойберди

2014.08.17