justiceman.jpgАдолат ҳақида қисса

 

Адолат. Оддий, ҳаммага тушунарли сўз. У туркчада ҳам, форсчада ҳам, арабчада ҳам бирдек жаранглайди.

 

Адолат. Ушбу жумлаларни бугун эрталаб Адолат рамзи бўлмиш кўзи боғланган ва бир қўлида тарози ушлаб турган йигитнинг сурати остига ёзар эканман бу нарса тўсатдан менда бир дунё саволларга тўла фикрлар уйғотди. Мен бу суратни бундан 10 йиллар илгари излаб топиб, уни ўзимнинг энг мўҳим тимсолларим сафига қўшган эдим.

 

Адолатга етишмоқлик аслида ҳар бир инсон учун осон бўлиши лозим эди, чунки уни аслида ҳамма истайди ва у ҳаммага бирдек бахт ва саодат келтиради. Бу оддий ҳақиқат аслида.

 

Аммо нечун бу оддий ҳақиқатга, бу барча учун суюкли ва мўҳим бўлган адолатга эришмоқ шу қадар оғир!

Нечун унга эришмоқ бўлиб интилган йўлларимиздаи чағир тиканзорлар, ўтиб бўлмас чангалзорлар, ютиб юборадиган ботқоқликлар, оёғни кесадиган тошли сўқмоқлар, бошни ёрадиган даҳшатли тоғ кўчкилару, шиддатла оқиб, отни ҳам йиқадиган дарёю сойлар кетма кет чиқаверади?

 

Майли эди, агар бизнинг бу йўлимизда фақатгина она табиат бизга шундай қийинчиликларни яратган бўлса... Инсонлар ўзларининг ақл ва заковатлари билан узоқ замонлардан бери турли туман табиат қийинчиликларини енгиб келганлар.

 

Аммо инсонлар енгиши қийин бўлган бир тўсиқ борки, уни енгаман деб неча неча авлодларнинг умрлари хазон бўлди ва бўлмоқда.

Бу тўсиқ инсонлар ўз қўллари билан яратган тўсиқлардир. Ҳа, бу нақадар ҳайратланарли бўлмасин, бу ҳаётда шундай инсонлар бор эканки, улар ўзга инсонлар ва улар орқали ўзларига ҳам қарши, ўзлари суйган орзу ниятлар йўлида, оддий ҳақиқат ва адолатга элтувчи йўлларда ана шундай ақл бовар қилмайдиган, фаросатли инсонларни ҳайрон ва лол қолдирадиган шундай тўсиқларни қуришар эканки, уларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

 

Ким экан у бадбахт инсонлар, қачонки улар бошқа инсонларнинг ҳаётини атайлабдан ёмон бўлишини истаса, қачонки улар адолат каби буюк бир қадриятни назар писанд қилмаса ва унинг йўлига ўтиб бўлмас чоҳлар қазиса?

 

Улар биринчидан адолат деган нарсадан не учундир қўрқадиган ҳоқонлар, иккинчидан эса ана шу ҳоқонлар мансаб ёки бойлик билан алдаб ўзининг қулларига айлантирган, “Гаҳ!” деса қўлига қўниб, “Ёт!” деса ҳоқоннинг оёғлари остига ётадиган, “Тур!” деса туриб, “От!” деса отадиган малайлар ва ялоқхўрлар армиясидир.

 

Бу инсонлар кўзлари ва дилларини нафс балоси кўр қилгани туфайли улар инсонларнинг адолатли ҳаёт учун қилаётган ҳаракатларга қарши курашмоқдалар.Улар адолат йўлига ўз қўллари билан, атайлабдан тўсиқлар қурмоқдалар.

 

Шу эмасми аслида инсониятнинг энг буюк инқирози, қачонки инсонларнинг ўзлари ва ҳатто улар ўзлари сайлаб қўйган йўлбошчилар адолатга, ва демак инсонларнинг бахту саодатига қарши турсалар?!

 

Аммо адолатни Она ватанимиз Ўзбекистонда ҳам тиклашга бугун умидлар уйғонди. Сабаби - бугун адолатни истаган ва у учун курашга тайёр бўлган инсонларнинг сони ошмоқда, уларнинг кураш сафлари тобора кенгаймоқда ва кучланмоқда.

Бугун бизнинг сафларимиз АДОЛАТ деган буюк бир нарсани тушунадиганлар ҳисобига ошмоқда, инсоннинг энг олий ҳуқуқларидан бири айнан АДОЛАТ эканлигини борган сари кўпроқ инсонлар тушунмоқдалар. Бугун улар ҳам дунёдаги барча инсонлар каби АДОЛАТдан баҳраманд бўлишни истамоқдалар.

 

Демак биз бир куни келиб ўзимизнинг АДОЛАТ учун курашимиз интиҳосида барибир ғалаба қозонамиз. Ана ўшанда Ўзбекистондаги барча инсонларнинг ҳаётлари ҳам бахтиёр бўлади, уларнинг кўнгиллари шодликка, поймоналари эса амалга ошган орзу умидлар билан тўлади.

 

Ана ўшанда инсонлар кўпроқ ўзлари ҳақида эмас бошқалар ҳақида қайғура бошлайдилар, ўзгаларнинг дардларини ўз дардларидек қабул қила бошлайдилар. Буни рифожланган давлатлар, у ерларда яшаётган халқлар ва уларнинг кундалик ҳаётлари исботлаб турибди.

 

Ана ўша бахтиёр кунларга етиш учун бугун биздан талаб қилинадиган ягона нарса - бу ҳамжиҳатлик ва собитқадамлик ила кўзланган мақсадлар сари оғишмай, чекинмай, дадил ва шахдам қадамлар билан боравериш, мақсад йўлидаги ҳар қандай қийинчиликларни биргаликда енгиш ва бошқаларни ҳам бу буюк курашга чорлашдир. Зеро бизларнинг мақсадларимиз умумий, қадриятларимиз умубашарий, ҳаракатларимиз эса абадиятга қаратилгандир!

 

Ҳазратқул Худойберди

2011.07.26