Апатия ёки лоқайдлик касали ҳақида.

Мен бу мақолани ёзишни анчадан бери ўйлаб юрган бўлсамда уни ёзишни атайлабдан пайсалга солиб келавердим.

Нима сабабдан шундай қилдим? Бунга сабаб ота-боболаримизнинг бир мақоли бўлди: Ахмоқни ахмоқ десанг у арпа бўйи ўсар эмиш.

Билмадим нега шундай дейишган. Наҳотки ана шунақа тарсаки гапдан арпа бўйи ўсадиган одам бўлса? Аммо ёшликда айрим ўртоқларимнинг қуюшқонга сиғмайдиган шўхликларини кўриб, уларга кимдир “тентакмисан?” деганда хохолаб кулганларини, кейинчалик эса ёши катта айрим одамларнинг ҳам бетайин қилиғини кўриб “Сенга нима бўлган, тентакмисан? Нега бунақа хурмача қилиқ қиласан?” деганда улар жиддий гапни ҳазилга буриб, кулганларини эсласам бу мақолни бекорга айтишмаган экан деб ўйлаб қоламан.

Психологияда шундай бир тартиб бор: Рўҳий касал одамга унинг рўҳий касаллиги ҳақида гапиришмайди. Бошқа тан касалликлари билан оғриганларга эса аксинча, ўша касаллик ҳақида имкон қадар тўлиқ ахборот беришга ва шу йўл билан касални даволанишга ундашади. Аммо рўҳан касал одамга бундай деб бўлмас экан. Чунки у ўзиинг қанақа касал билан оғриганини бировлардан эшитса бадтар рўҳий тушкунликка тушиб кетар экан. Шунинг учун бундай касалларга имкон қадар бошқа нарсалар ҳақида гапиришади, уни ёмон фикрлардан чалғитишга уринишади, унинг миясини бошқа нарсалар билан банд қилишга ҳаракат қилишади.

 

Энди апатия касаллиги ҳақида.

Шундай касаллик ҳақиқатан ҳам бор ва у ҳар бир инсон учун ўта хавфли бўлган рўҳий касалликдир. Апатияга йўлиққан одамни дунёни сув босса тўпиғига чиқмайди.

Индамасангиз у ётган жойидан турмасдан, шу ётганича “ҳаё хўв” деб нариги дунёга кетишга тайёр.

Уларни бирор жойи оғримайди аммо юракларида оғир бир дард бор(бу ерда юрак тан аъзоси сифатида эмас балки қалб маъносида назарда тутилаяпти).

Бундай дардни пайдо бўлишига кўп нарсалар сабаб бўлиши мумкин.  Ана шундай сабаблардан бири бу умидсизликка тушишдир. Мен бундай касалларни ўз хизмат вазифамни бажариш жараёнида бир неча марта кўрганман ва ҳар сафар инсоннинг бу қадар умидсизликка тушишидан ҳайратда қолганман.

            

          Менинг ҳам бошимдан кўп қийинчиликлар ўтган, қамоқнинг оғир кунлари, 90 кунлик ёлғиз камерадаги рўҳий қийноқ, бутун дунёдан бир йил буткул узиб қўйилиш каби нарсалар менга қаттиқ таъсир қилган. Аммо Аллоҳ таолонинг каромати ва менга кўрсатган раҳм-шавқати билан мен ҳамиша бундай оғир шароитлардан кўп талафотлар бермай чиқиб кетишга муваффақ бўлганман. Агар худо кўрсатмасин, салгина ўзимни “э бор-ей, нима бўлса бўлсин. Менга деса отиб юбормайдими”деб бир лаҳза бўлсин умидсизликка тушганимда нима бўлишини тасаввур қилишим қийин. Худога минг қатла шукрки мен Каримовнинг зиндонларидан эсон омон қутилиб чиқдим. Аммо бугун ўша мудҳиш қамоқларда ўтирган Мурод Жўраев, Мақсуд Бекжонов каби биродарларимни, Аъзам Фармонов, Хайрулло Ҳамидов, Дилмурод Сайид каби бегуноҳ ва софдил инсонларни эсласам худодан уларга сабр тоқат тилайман ва тезроқ уларни озодликка чиқишларини тилаб қоламан.

       

           Апатия касаллигини энг хавфли томони шундаки, беморни ҳатто бир қултум сув ичишга ҳам мажбурлашга тўғри келади. Овқатланиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Сиз уни оғзига тутган қошиққа у қайрилиб ҳам қарамайди. Шунинг учун апатияга учраган кўплаб касалларнинг ҳаёти ингичка шланглар орқали унинг венасига санчилган нина билан томчилаб қувват берадиган махсус суюқлик ёрдамида таъминлаб турилади.

Ўзбекистон халқининг бугун ўзининг ўта оғир ҳаётига борган сари лоқайдларча муносабатда бўлиб бораётгани қайсидир бир маънода эндигина апатияга йўлиққан касални эслатади. Аксарият кўпчиликнинг кундалик асосий дарди бугун асосан бир нарса, яъни ҳар куни тонг отиши билан қандай қилиб бўлсада ўзига ва болаларига бир бурда нонни топиш келиш бўлиб қолган.

Ана шу ягона ва мушкул муаммони уддасидан чиқишни имконини топа олмаган қанчадан қанча инсонлар ўз жонларига қасд қилмоқдалар. Қудрати етганлари бола-чақасини ташлаб чет элларга кетганлар. Ўша ерларда ишлаб бола-чақасини боқаётганлар сони бугун 5 миллионга етди деган гапларда ҳақиқат бор. Чунки бугун Ўзбекистонда бирор аъзоси чет элга кетмаган бирорта оилани топа олмайсиз.

Бундай воқеа иккинчи жаҳон уруши йилларида бўлган эди. Ўшанда ҳар бир оиладан камида бир одам урушга кетган эди. Бугун ҳар бир оиладан камида бир одам чет элга нон топишга кетган.

Бугун Ўзбекистонда қолганлар эса ана ўша чет элда юрганларни қўлларига қараб қолган ёш оналар, гўдаклар, ҳали балоғат ёшига етмаган ўспиринлар ва ишлашга қурби етмайдиган қариялар, ногиронлар ва касаллардан ташкил топган.

Ана шуларнинг қайси бирлари лоқайдлик касалига йўлиққан деб ўйлайсиз?

Ҳеч қаёққа кетишни йўлини ҳам, ўз қишлоғи ва шаҳарида бирор ишни топа олмаганларми?

Ёки амал тақал қилиб, оиласини бир амаллаб тебратиб юрганларми?

Ёки чет элларда ишлаб, юртда қолган бола-чақаси ва қари ота онасини таъминлаб юрган аммо уларни минг соғинсада бориб кўриб келиш муаммоларини ўйлаб, ўз юртига бора олмай, икки ўт ўртасида ёниб юрган ёшларми?

Ёки зўравон тузумга қарши курашавериб ниҳоят чарчаган ва ҳамма нарсадан умидини узганларми?

Ёки ўзининг ҳаёти ва топиш тутиши яхши бўлсада кундалик ҳаётидан, атрофда кўраётганларидан ҳар куни кўнгли эзиладиган иймонли инсонларми?

Бу саволларга жавоб топиш мушкул. Аммо жавоб топишимиз керак. Чунки мамлакатдаги оғир аҳволни ўзгартириш ана шу жавобга қараб қолган.

Токи биз ана шу саволларга жавоб топмас эканмиз  Ўзбекистондаги оғир вазият оғирлашса оғирлашадики аммо енгилламайди.

Мени сезишимча, ҳатто ана шу мақола ҳам кўпчиликни ўйлантирмайди.  Шунинг ўзиёқ, яъни она юртимизни қора булут каби қоплаб олган улкан жаҳолат тумани ҳақида, бу туман остида эзилиб ётган яқинларимиз ҳақида ва бу туманни ёриб ўтиш лозимлиги ҳақида урилган ва урилаётган бонглар гуёки тирик зот бўлмаган Саҳрои Кабирда урилаётган бонгга ўхшаши, бу бонгга одамларнинг бепарволиги ҳам билган одам учун ЖИДДИЙ БИР ОГОҲЛАНТИРУВЧИ СИРЕНАДИР. Сиз фалокат ҳақида минг бонг урманг ҳеч ким сизга овоз бермаса бу даҳшат эмасми?

Аммо вазият минг оғир бўлмасин мен кўнглимга нур сочадиган, мен ишонадиган бир гуруҳ инсонлар бор. Улар ғорда шам кўтариб юрадиган инсонлардир. Уларнинг айримлари афсонавий Данко каби қўлларида машьала кўтариб юришади, бошқаларини чўнтакларидан ҳамиша шам ва гугурт топилади.

Ана шу инсонлар бир кун бўлмаса бошқа кун, барибир улкан ва қоронғу ғорда кетаётган оломонни олдига ўтиб, уларга йўлбошчи бўладилар ва ҳам ўзларини, ҳам улкан оломонни бир куни ёрўғликка олиб чиқадилар.

Ҳозирча эса биз ана шу икки муаммо ҳақида ҳар замонда бўлсада ўйлаб туришимиз керак. Биринчиси лоқайдлик касалига учраганларни аниқлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш, иккинчиси ана   ўша чўнтакларида шами ва гугурти бор инсонларни қидириб топиб, улар билан биргаликда йўлбошчилар гуруҳини ташкил қилишдир.  Мақсад эса барчага аниқ ва равшан – ҳаммамиз биргалашиб ёрўғликка чиқиб олишимиз керак.

 

Ҳазратқул Худойберди

2014 йил 12 феврал