Бош вазир Шавкат Мирзиёевга Facebook орқали бир Мурожаат

 

Жаноб Бош вазир!

 

Сиз менга Facebookда таклиф қилган "дўстлик"ни мен қабул қилдим, бу менинг сиз билан "фуқаро-вазир" ва “мухолифат-ҳукумат” мулоқоти олиб боришга уринишим эди. Шу йўл билан мен бир томондан сизнинг бош вазир сифатида Ўзбекистон фуқароларининг ғаму ташвишлари билан нақадар қизиқишингизни, иккинчи томондан эса иқтидордаги ҳукумат вакили сифатида сиз мухолифат намоёндаси билан мулоқотга нақадар тайёр эканлигингизни билиш эди.

Гапнинг нафсиламбирини айтганда Facebookнинг тадқиқотчилари бир масалада хато қилишган. Одамларнинг Facebookда ўзаро танишишлари ва мулоқот қилишлари учун "Дўстлик таклиф қилиш" эмас, балки "Мулоқотга таклиф" / "Invitation for communication" деган нарсани киритишлари лозим эди. Бундай таклифни олган одам истаса уни қабул қилиб, таклиф киритган билан мулоқот ўрнатади, истамаса йўқ. Аммо бир одамнинг ўзи танимаган бошқа бир одамга бирданига дўстлик таклиф қилишлари менимча нотўғри.

Машойихлар "Дўст бўлиш осон уни асраш қийин, узма дўстлик торини боғлаш қийин" деб куйлашади. Менимча эса ҳатто биров билан дўст бўлишни ўзиёқ осон иш эмас. Айниқса бир бирини яқиндан танимайдиган икки одамнинг дўст бўлиши анчайин қийин бир нарса.

Энди сиз билан мени дўст бўлишга уринишимиз масаласига келсак, бу менга бир фикциядек, action impossible ўхшаб туюлади. Чунки бу, яъни сиз билан дўстлик амалда бўлиши  учун дунё ўзининг Қуёш атрофидаги айланишини, бизнинг Галактика эса Сомон йўлидаги ўз вазиятини 1 градус бўлсада ўзгартириши лозим. Чунки сиз билан мени улкан баррикада кўп йиллардан бери икки томонга ажратиб туради.

Мен баррикаданинг бу томонидаги демократик мухолифат сафларига кириб, уни кучайтиришга уриниб юрган пайтларимда (1989..90 йиллар) сиз баррикаданинг у томонида туриб Парламент сайловларида илк бор қатнашаётган ва мавжуд ҳукумат сафларини кучайтиришга уринаётган эдингиз.

Ўшанда сиз мен ҳам илгарироқ ўқиган Тошкент Ирригация институтида компартия котиби эдингиз, мен эса САНИИРИ илмий тадқиқот бирлашмасида катта илмий ходим эдим. Орадан 21 йил ўтиб ҳам биз ҳамон баррикаданинг икки томонидамиз. Бу давр ичида сиз ҳукумат томонидаги ўз мавқеиларингизни мустаҳкамлаб олдингиз, мен эса ўзимнинг демократик мухолифат сафларидаги мавқеимни мустаҳкамлаб олдим.

Мен Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон мустақиллиги, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш, мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказиш учун курашганим боис доимий равишда ҳукуматнинг таъқиб ва тайзиқларига мубтало бўлавердим.

 

Сиз ҳукуматнинг чизган чизиқларидан бир мм ҳам чекинмай, Диктатор Каримовнинг барча топшириқларини у айтганидан ҳам зиёда қилиб бажариб борганингиз сайин хокимият поғоноларига кўтарилавердингиз.

Содда одамлар наздида мен пастга - қамоқ ертўлаларига, ишсизлик ва ватангадоликка мубтало қилиндим, сиз эса хокимият чўққиларига кўтарилдингиз.

 

Аммо бугун, орадан 21 йил ўтиб, қўлни кўксимизга қўйиб, иккаламиз ҳам виждонан, ўтган умримиздан кўнглигимиз тўқ ва биз ундан розимиз деб айта оламизми?

Шахсан мен айта олмайман. Сабаби, мен ўз олдимга қўйган мақсадларнинг кўпчилигига эриша олмадим, минглаб ёрдамга муҳтож одамлардан фақатгина бир неча юзтасига турли кўринишда ёрдам бера олдим холос. Мамлакатда мен орзу қилган, мен курашган нарсалардан айримларигина руёбга чиқди: юртимиз мустақил, она тилимиз давлат тили бўлди, ўзбек аскарлари ҳарбий хизматни ўз Она юртида ўтайдиган бўлди ва ниҳоят юртимиз Россиянинг 74 йиллик колониал сиёсатидан озод бўлди.

Аммо бу мустақиллик ва озодлик халқнинг эмас балки Ўзбекистон Ҳукуматининг мустақиллиги ва озодлиги бўлди. Ўша пайтларда 19 миллион бўлган халқ бор куч ва қувватларини марказни ва Россияни, унинг ҳарбий ва иқтисодий саноатини ривожлантиришга сарф қилган бўлса, бугунга келиб 28,5 миллионли халқ ўзининг бор куч ва қувватини Ўзбекистон ҳукумати кучлантиришга, унинг ички ишлар вазирлиги, Миллий хавф(айнан хавф, ҳукумат таькидлаётганидек хавфсизлик эмас) хизматини ва умуман халққа зухум ва босим ўтказувчи кучларни янада мустаҳкамлашга, бир тўда амалдорлар ва тўраларни бойитишга хизмат қилмоқда.

Барча ресурсларни ана шунақа ишларга қаратган ҳукумат оддий халқнинг кундалик ҳаёти билан қизиқмай қўйган, миллионлаб ёшларни иш билан таьминлаш масаласига қўлини силтаган.  Ана шулар сабаб бугун миллионлаб фуқаролар иш излаб ва бир бурда нон топиш илинжида Россия, Қозоғистон, Туркия ва ўзга юртларда сарсон саргардон бўлиб юрибдилар.

 

Мен уйлайманки сиз ҳам ана шу Ҳукуматнинг бош вазири сифатида қўлингизни кўксингизга қўйиб мамлакатда фуқароларнинг ҳаётлари яхши деб айта олмайсиз, қилаётган ишларингиз самарали деб қувона олмайсиз.

 

Мамлакатда минглаб муаммолар бор, уларни ечишга эса ҳукуматда на профессионал кадрлар бор, на пенсияга кетаётган озми кўпми мутахассисларнинг ўрнини эгаллайдиган ўқимишли ёш кадрлар бор, на иқтисодий ислоҳотларни бошлашга иштиёқ бор. Мавжуд енгил ва оғир саноат, қишлоқ хўжалиги бир амаллаб, эски кадрлар ҳисобига амал-тақал қилиб ишлаб турибди, аммо кўплаб давлат корхоналари, ширкатлари ва хусусий фирмаларда ишлаб чиқариш самарасиз, рентабеллик ўта паст даражада. Иш шу даражага бораяптики, айрим фермерлар давлат берган планни бажариш учун бир томондан қўшиб ёзиш билан, иккинчи томондан четдан маҳсулот сотиб олиш йўли билан планни бажаришга уринмоқдалар. Айни муаммолар ҳақида бошқаларнинг фикри бундан ҳам кескинроқ. Масалан Й.Бальчаускас «Ўзбекистондаги бугунни аҳволни «дабдала» дейиш ҳам уни безаб кўрсатишга тенг» дейди (Узбекистан сегодня. Сказать "хреново" - значит приукрасить ситуацию http://www.centrasia.ru/news.php?st=1313575500 ).

 

Энг ачинарли аҳвол Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавф хизмати томонидан олиб борилаётган қатағон ва халққа зулм ўтказиш сиёсатидадир.

Мен бу ерда минглаб ҳеч бир асоссиз қамалган инсонлар рўйхатини келтириб ўтирмайман балки биргина бегуноҳ аёлни тақдири ҳақида тўхталмоқчиман. Унинг оти Дилором, фамилияси Абдуқодирова. У 2005 йил 13 майда минглаб бошқа Андижон фуқаролари каби Бобур майдонига Президентни кўргани боргани учун оғир жазоларга йўлиқди.

У майдонда президент ўрнига тиш тирноғигача қуролланган аскарларга дуч келди. Кейин уларни ўқ ёмғиридан қочиб, бошқа юзлаб андижонликлар каби жон сақлаш учун Қирғизистонга қочиб ўтди. У ердан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Комиссариати ёрдамида бир гуруҳ қочқинлар сафида ҳатто тушига ҳам кирмаган, мактабда география дарсида эшитгани Австралия деган давлатга бориб қолди.

Орадан бир неча йил ўтгач бир тарафдан болаларини соғингани учун, иккинчи тарафдан эри ва қариндош уруғларининг талабларига биноан, учинчидаан эса ҳукумат вакилларининг «сизга тегмаймиз, бемалол ўз уйингизга келаверинг» деган ваъдаларига ишониб ўз уйига қайтиб келди.

Аммо қаттол Миллий Хавф хизмати ходимлари уни Андижонга келиши билан қамоққа олдилар. Кейин эса диктаторга ўз қулликлари ва содиқликларини зўрроқ намойиш этиш учун тиришадиган виждонсиз зобитлар уни бўйнига «диний экстремизм», «терроризм»  каби уйдирма айбларни қўйиб, бу муштипар ва соддагина аёлни сотқин ва қўрқоқ суд томонидан 10 йилга қамоққа ҳукм қилинишига эришдилар.

Бу нарса Ўзбекистон ҳукуматининг, диктатор Каримов ва унинг ўз халқига қарши турган югурдаклари: МХХ зобитларининг, Дилором Абдуқодировани ҳеч бир асоссиз суд қилган ва узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилган судьяларнинг, сизнинг қўл остингиздаги Адлия вазирлигининг, қораловчи прокурорнинг ишларини нақадар тўғри ва қонуний эканлигини назорат қилмаётган Республика Бош Прокуратурасининг, судларнинг ишларини назорат қилмаётган Олий Суднинг, Конституция ва қонунларнинг давлат идоралари ходимлари томонидан нақадар тўғри бажарилаётганини умуман текширмаётган Конституцион Суднинг, бу қонунбузарликларга кўз юмаётган Парламентнинг Қонунчилик Қўмитасининг, Омбудсменнинг ва шахсан президент Ислом Каримовнинг асло кечириб бўлмас жиноятларидир.

 

Хўш, жаноб Бош вазир Шавкат Мирзиёев, шу гапларга сиз нима дейсиз?

Жавобдан қочиш сизга ярашмайди. Чунки сиз ҳукуматнинг энг масъул вакилларидан бирисиз ва Ўзбекистон фуқаролари олдида, айбсиз қамоққа ҳукм қилинганлар Дилором Абдуқодирова, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Аъзам Фармонов, Муҳаммад Бекжон, Норбой Холйигитов, Ҳабибулла Оқпўлатов, Исроилжон Холдоров, Алишер Кароматов, Насим Исоқов, Абдурасул Худойназаров, Юсуф Рўзимуродов, Самандар Қўқонов, Солижон Абдурахмонов, Жамшид Каримов, Жамол Қутлиев, Ҳазрат Ахмедов, Зафар Рахимов, Юлдаш Расулев, Дилмурод Сайидов, Ғанихон Маматхонов, Максим Попов, Ғайбулло Жалилов ва бошқа минглаб бегуноҳ қамоққа ҳукм қилинганлар ва уларнинг чирқираб қолган болалари ва оила аъзолари олдида бир масьул ҳукумат вакилисиз.

Яқинда Ҳукумат ўзининг навбатдаги мустақиллик байрамини тантанали нишонламоқчи. Агар Ўзбекистон ҳукуматида зиғирча бўлсин инсоф ва ўз фуқароларига зиғирча ҳурмат бўлса мен умид қиламанки, сиз ана шу Ҳукуматнинг бош вазири сифатида қўлингиздан келган барча ишларни қиласиз ва номлари юқорида келтирилган инсонларни  қамоқлардан озод бўлишига ҳаракат қиласиз.

Бу билан сиз ҳукуматнинг ва ўзингизнинг Ўзбекистон халқи олдидаги бурчингизнинг кичик бир қисмини бажарган бўлар эдингиз.

 

Ҳазратқул Худойберди

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Халқаро Жамиятининг президенти

2011-08-16