Фуқаролар ўз ҳақ ва ҳуқуқларини яхши билишлари ва уларни ҳурмат қилишни талаб қилишга шижоатлари бўлиши керак!

Мен ҳозир журналист ва ҳуқуқлари Наманган маҳаллий ҳукумат вакиллари томонидан топталган Шоира Тўхтабоева билан телефонда гаплашдим.

Уни биз ўз ҳимоямизга олганимизни, Фасебоокда кўплаб инсонлар унинг тақдири билан қизиқаётгани ҳақида айтдим. У аввалига хурсанд бўлди кейин эса хавотирга тушиб "Менга ҳеч нарса бўлмайдими?" деди.

Мен "Йўқ, агар сиз ўз ҳуқуқларингизни яхши ўргансангиз ва ўз ҳимоячиларингиз даврасида бўлсангиз ҳеч ким сизга тега олмайди" дедим. Ва унга бугуноқ Ўзбекистон Конституциясини дўкондан сотиб олишни ва ўз ҳуқуқларини яхши ўрганишни маслаҳат бердим. Кейин Фасебоокда ўз саҳифасини очишни ва биз билан доимо бирга бўлишни таклиф қилдим.

Бу гап аслида Ватандаги барча фуқароларимизга тегишли гап. Авваламбор барча фуқаролар Конституцияни Алифбони билгандек ёддан билишлари керак.

Ўз ҳақ ва ҳуқуқларини яхши билган одамдан прокурор ҳам, судья ҳам, милиса ҳам қўрқади. Уларга қайси конституцион ҳуқуқларингизни бузаётганларини аниқ қилиб айтсангиз, Конституция моддаларини кўрсатиб, топталган ҳуқуқларингиз ҳақида Халқаро ташкилотларга хабар берилаётгани ҳақида огоҳлантирсангиз погон таққан зўравонларни ҳам, судья ва покурорларни ҳам попуги пасайиб қолади.

 

Инсонлар энг аввало ўз ҳақ ҳуқуқларини яхши билишлари керак!

Ундан кейин эса фуқаролар ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ҳурмат қилинишини талаб қилишни ҳам билишлари керак.

Бу масала, яъни уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аслида давлатнинг, унинг ҳуқуқ ва тартибот органларининг бирламчи ва энг асосий вазифасидир. Аммо бу нарсани кўпинча ҳуқуқ тартибот органларининг ходиимлари тез тез эсдан чиқаришга одатланиб қолишган. Шундай экан демак бизнинг вазифамиз бу нарсаларни уларга вақти вақтида эслатиб туришдир.

Ҳокимият вакилларининг ўз вазифаларини тез тез эсдан чиқаришларининг сабаби, ҳеч ким ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ҳурмат қилинишини талаб қилмайдида! "Бола йиғламаса онаси сут бермайди"! Фуқаро талаб қилмаса милиса унинг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди.

Барча фуқаролар ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ўрганиш, уларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича бошқа инсонлар билан баҳамжиҳат иш олиб боришлари ҳамиша самарали натижалаарга олиб келади.

Бу дунёда ҳамма нарса нисбийдир. Сурувдан ажралган от ёки қўйни бўрилар, шоғоллар ва ҳатто итлар галасига ем бўлиши у сурувни ичида бўлганида шундай аҳволга тушишидан кўра камроқ ҳар ҳолда. Балки бу айрим умидсизликка тушган фуқароларга озроқ бўлсада таскин берар. Аммо инсонлар ҳайвонлардан бир нарса билан ажралиб турадилар: Инсонларда заковат бор. Заковатни тўғри ишлата билган ва ҳамжиҳат бўлган халқни унча бунча душман енга олмайди. Ҳатто қамоқдаа ўтириб ва очлик эълон қилиб мен ўз ҳақ ҳуқуқларимни(Адвокат ва оила аъзоларим билан учрашиш, Айблов иши билан танишиш,қийноқ камерасидан нормал камерага кўчириш) талаб қилиб ИИВ бошлиғи, генерал Зокиржон Алматов ва унинг полковникларини енгишга муваффақ бўлганман.

Биз фуқаролар фақат бирлашсаккина қаршимиздаги қонунбузар амалдорларни енга оламиз. Фақат бирлашсаккина биз Ўзбекистонда Демократик, Очиқ, Фуқаровий, Эркин ва Ҳуқуқий Жамиятни биргалашиб қура оламиз.

Каримов Ҳукумати вакилларининг қонунбузарликлари ва қонунбилмасликларига қарши биз Фуқаролар Қонунларни яхши билишимиз, уларни ҳурмат қилишимизни ва Ҳукумат вакилларидан ҳам бу қонунларни ҳурмат қилишни талаб қилишни яхши ўрганишимиз керак.

Ана шундагина қонунбузар амалдорлар Қонунларни яхши билган ва уларга амал қилинишини талаб қиладиган ва қилаётган Буюк ХАЛҚ олдида чекинишга МАЖБУР БЎЛАДИЛАР!!!

Агар улар бу қонунбузарликларини бас қилмасалар ва Халқнинг қонунларни ҳурмат қилиш ҳақидаги талабларини бажаришни истамасалар, у ҳолда Ўзбекистоннинг 28,5 миллион Фуқароларига бундай қонунбузар Ҳукуматнинг нима кераги бор?

У ҳолда бундай Ҳукумат зудлик билан истеъфога чиқиши керак.

Акс ҳолда Халқнинг ўзи уни истеъфога чиқишга мажбур қила олади. Чунки шоир Чўлпон айтганидек "Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир. Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир!"

 

Ҳазратқул Худойберди

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг Президенти

2011.08.14