Хатолардан хулосалар чиқариш ривожланиш гаровидир.

(Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2нчи Қурултойига тегишли айрим фикрлар).

Ушбу кунларда Прагада Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2нчи Қурултойи иш бошлади. Мен унинг 1нчи Қурултойида иштирок этиб Ҳаракат Низоми ва Дастурига айрим ўта жиддий ва мўҳим қўшимчаларни киритишга муваффақ бўлган, Ҳаракат раҳбарияти Ҳайьати сафларида 6 ой фаолият олиб борган инсон сифатида ўзимнинг айрим фикрларимни бугунги 2нчи Қурултой иштирокчиларига билдирмоқчиман.

Ушбу Қурултой ва умуман бу Ҳаракатнинг фаолиятидан самара бўлсин деб умид қилганлар энг аввало Ҳаракатнинг ўтган йилги фаолияти ва унинг камчиликларини эринмай, чуқур таҳлил қилиб, кейин шунга мос хулосалар чиқариб иш тутишлари лозим. Акс ҳолда аҳвол янада ёмонлашиб, ушбу Ҳаракатнинг бошқаруви ҳам Ўзбекистон бошқаруви, "Эрк" партияси бошқаруви каби диктаторлик услубида қолаверади. Ўтган йилги жиддий хатоларнинг энг мўҳимлари эса мана бу ерда биттама битта келтирилган:
Уларнинг айримлари:
"...Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши жараёнидаёқ ЎИҲХЖ(Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти) вакиллари томонидан бир неча бор кўрсатилган ва кузатилган жиддий камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ечимлар таклиф этилганига қарамай, афсуски бу таклифлар инобатга олинмади, камчиликлар бартараф этилмади. Аксинча, тузатилмаган камчиликлар секин аста Раҳбариятнинг жиддий ва доимий равишда такрорланадиган хатоларига айланиб қолди.

Булар оқибатида Ҳаракатни кучайтириш ишлари орқага кетди, унинг раҳбар ва фаол вакилларини ҳимоя қилиш ишлари жиддий йўлга қўйилмагани боис Ҳаракат ҳам жисмонан, ҳам маънавий йўқотишларга дучор бўлди.

Фуад Рўстамхўжаевнинг қурбон берилиши, “Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг Ҳаракат сафини тарк этишга мажбур бўлиши, ЎИҲХЖ вакилини ЎҲХ Раҳбарияти бўлмиш Муассислар Мажлисидан чиқиб кетишга мажбур бўлиши ана шу йўқотишларнинг айримлари холос.

Ҳаракат Раҳбарияти томонидан йўл қўйилаётган хатолар бу билан тугамади. Раҳбарият вакиллари ва фаолларини Ўзбекистон ҳуқумати айғоқчилари хуружидан ҳимоя қилишга қаратилган чора тадбирлар кўриш ўрнига, узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон демократик мухолифатига қарши турли туман фаолиятлар олиб бораётганлиги фош этилган шахслар, бундай айғоқчилар билан ҳамкорлик қилган одамлар (М.Зоҳидов, Ю.Расулов, И.Дадажонов, Д.Худойназаров ва бошқалар) билан ЎХҲ Раҳбарияти яқиндан ҳамкорлик қила бошлади, уларнинг айримлари ҳатто Ҳаракат Раҳбариятига киритилди. Бу нарса охир оқибатда ЎХҲ раҳбариятини кучли инқирозга олиб келишига сабабчи бўлди..."


2нчи Қурултой қилиши лозим бўлган Мўҳим ишлардан айримлари:
Ҳаракат раҳбариятидан Муҳаммад Солиҳ, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Намоз Нормўмин ва Тафтиш комиссиясининг раиси Муҳиддин Шириновлар истеьфо бериб кетишлари керак. Чунки улар ўзларига ишониб топширилган вазифаларни ўта қониқарсиз ҳолда бажаришди, сиёсий билимлари ўта паст даражада эканликларини амалда исбот қилишди.Уларнинг барчалари масалан, "демократия" сўзига, бу сўзни Ҳаракат Низомига киритишга қаттиқ қаршилик кўрсатишди.
Бугун уларнинг демократия ҳақида вайсашлари уларнинг ўз хатоларини тушунганларини англатадими? Агар улар эндигина демократия нима эканлигини англаган бўлсалар, уларнинг бирданига катта бир ташкилотни бошқаришга ҳақлари борми? Бу инсонлар сиёсий саводсизликлари туфайли, ё атайлаб, ё билмасдан Ҳаракат сафларини парчаланиб кетишига кўп ҳаракат қилишди ва бунга эришишди ҳам.

Ёшлар вакили(Ғайрат Холматов), мустақил шахслар вакили(Н.Нормўмин) энг аввало ана ўша ёшлар ва мустақил шахслардан ваколат олишлари керак. Бу учун улардан биринчиси ёшларни, иккинчиси эса мустақил шахсларнинг камида 50тасини тўплаб, улар ичида эркин сайлов йўли билан бир инсонни Ҳаракатга вакил қилиб сайлашлари керак. 1нчи Қурултойда бу вакилларни биз спонтан равишда, яьни зудлик билан , зарурат туфайли танлаган эдик. Аммо энди уларни демократик услубларда , Ҳаракат ва унинг Қурултойига хотиржам сайланиб келинишлари талаб қилиниши керак.

Бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам ўзларининг камида 50 аьзоларини тўплаб, у ерда Ҳаракат фаолиятида ким ва қандай фаолият олиб боришини аввало ўз ташкилотларида муҳокама қилиб, кейин ташкилотнинг таклифларини Қурултойда тақдим этишлари керак.

50 аьзоси бўлмаган ташкилотнинг Ҳаракатга ташкилот сифатида киритилиши (масалан "Таянч", Ёшлар вакиллиги, мустақил шахслар вакиллиги ва ҳоказо, бошқаларни ҳам текшиириб кўриш керак!) мумкин эмас. Акс ҳолда бу Ҳаракатнинг жиддий эмаслиги яна бир бор исбот қилинади холос.



Ҳазратқул Худойберди
30 июнь 2012й