Ўзбекистон Халқ Ҳаракати. Раҳбарликдаги хатолар.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши жараёнидаёқ ЎИҲХЖ(Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти) вакиллари томонидан бир неча бор кўрсатилган ва кузатилган жиддий камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ечимлар таклиф этилганига қарамай, афсуски бу таклифлар инобатга олинмади, камчиликлар бартараф этилмади. Аксинча, тузатилмаган камчиликлар секин аста Раҳбариятнинг жиддий ва доимий равишда такрорланадиган хатоларига айланиб қолди.

Булар оқибатида Ҳаракатни кучайтириш ишлари орқага кетди, унинг раҳбар ва фаол вакилларини ҳимоя қилиш ишлари жиддий йўлга қўйилмагани боис Ҳаракат ҳам жисмонан, ҳам маънавий йўқотишларга дучор бўлди.

Фуад Рўстамхўжаевнинг қурбон берилиши, “Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг Ҳаракат сафини тарк этишга мажбур бўлиши, ЎИҲХЖ вакилини ЎҲХ Раҳбарияти бўлмиш Муассислар Мажлисидан чиқиб кетишга мажбур бўлиши ана шу йўқотишларнинг айримлари холос.

Ҳаракат Раҳбарияти томонидан йўл қўйилаётган хатолар бу билан тугамади. Раҳбарият вакиллари ва фаолларини Ўзбекистон ҳуқумати айғоқчилари хуружидан ҳимоя қилишга қаратилган чора тадбирлар кўриш ўрнига, узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон демократик мухолифатига қарши турли туман фаолиятлар олиб бораётганлиги фош этилган шахслар, бундай айғоқчилар билан ҳамкорлик қилган одамлар (М.Зоҳидов, Ю.Расулов, И.Дадажонов, Д.Худойназаров ва бошқалар) билан ЎХҲ Раҳбарияти яқиндан ҳамкорлик қила бошлади, уларнинг айримлари ҳатто Ҳаракат Раҳбариятига киритилди. Бу нарса охир оқибатда ЎХҲ раҳбариятини кучли инқирозга олиб келишига сабабчи бўлди.

Биз, ЎИҲХЖ вакиллари, токи Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларида ва ҳатто унинг раҳбарият органларида юқорида номлари келтирилган шахслар ишлар ёки улар билан ҳамкорлик қилинар экан, биз Ҳаракат сафларида ортиқ қола олмаймиз. Чунки бундай бузғунчи кимсалар билан бир стол атрофида ўтириб бирор бир мўҳим масалани ижобий ҳал қилиб бўлмайди.

Ундан ташқари Ҳаракат Раҳбарлигини бошқариш борган сари диктаторлик рўҳини ола бошлагани, унинг раиси ўз партиясидаги бошқарув услубини Ҳаракатга кўчириб, якка ҳолда бошқарув тизимини ўрнатаётгани ҳам демократик ташкилот қабул қила олмайдиган бир ҳолатдир.

Ўтган 6 ойлик давр мобайнида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати секин аста Ўзбекистондаги мавжуд мустабид,зўравон ва жиноий тузумга қарши курашувчи энг катта ташкилий бирлашмага айлана бошлаган эди.
Аммо мустабид тузум жим ўтирмади ва ўзининг турли туман жиноий усуллари билан Ҳаракатни ичидан емириш учун қаттиқ курашди.

Натижада бугун Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўта оғир аҳволда қолди. Бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулосалар қилиш имконига эга бўлмаган Ҳаракат раҳбарияти ўзининг сўнгги Стокгольм йиғилишида ўз фаолиятини қониқарли деб баҳолади ва бу билан ЎХҲини самарали бошқара олиш қудратига эга эмаслигини очиқ кўрсатди.

Юқорида келтирилган сабаблар ЎИҲХЖнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур қилаётган шарт шароитлардан мўҳимларидир.

 

Ҳазратқул Худойберди

2011й.ноябрь