Ўзбекистон халқ ҳаракатларини пароканда қилган шахсларнинг шумликлари ҳақида.

 I ҚИСМ. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати кўпчилик инсонларнинг эзгу ниятлари билан тузилган ҳаракат, унинг сафларига қўшилган инсонларнинг орзу умидлари эса катта эди. Аммо минг афсуслар бўлсинки, бу ҳаракат ҳам худди Ўзбекистон ”Бирлик” Халқ Ҳаракати каби унинг раҳбарларининг калтафаҳмлик билан олиб борган сиёсатлари туфайли парокандаликка юз тутди. Орадан 20 йил ўтиб тузилган иккинчи халқ ҳаракати ундан олдин тузилган илк халқ ҳаракати хатоларини такрорлади ва натижа яна ўша парокандалик фожеаси билан ўз якунини топди.

Нега шундай бўлди? Нега бундай ташкилотларни тузишда инсонлар ўтмиш хатоларидан сабоқ олиш ўрнига уларни қайта ва қайта такрорлайверадилар?  

Мен ҳар иккала ҳаракатнинг ҳам сафларига улар тузила бошлаган пайтдаёқ қўшилганман ва ҳар иккала ҳаракатнинг фаолларидан бири сифатида уларнинг раҳбарлигини мустаҳкамлаш, у ерга кучли ва ўткир фикрли инсонларни олиб келиш, уларнинг сафларини соғломлаштириш, ҳаракатнинг умумий фаолиятини кучайтириш, халқни озодлик ва эркинлик учун кураш йўлида ғалабага етаклаш учун бир инсон қўлидан келадиган барча ишларни қилганман ва ҳозир ҳам шундай фаолиятдаман.

Аммо ўзбек халқининг озодлик ва эркинлик учун курашининг илк 20 йиллик даври давомида Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ каби шуҳрат- ва мансабпараст шахслар халқ ҳаракатлари раҳбарлигига сайланиб қолдилар. Бу икки шахснинг Ўзбекистон халқининг озодлик ва эркинликлар учун кураши йилларидаги роллари жуда ачинарли ва фожеали бўлди.

“Кўр кўрни қоронғуда топади” деганларидек улардан бири(М.Солиҳ) иккинчисини(А.Пўлатовни) ўз қўли билан халқ ҳаракати сафларига олиб келди ва раҳбарликни топширди. Кейин бирга ишлай олмай ўзлари тузган ҳаракатни ўзлари пароканда қилишди. Орадан 23 йил ўтган бўлишига қарамасдан бу икки “тарихий” шахслар ҳамон бир бирини гўштини ўз сайтлари орқали ғажиш билан банд бўлган ашаддий икки душманга айланиб қолишди.       

 

     !992й. бошларида мен ”Бирлик”даги умумий фаолият сустлиги сабаб ҳамда ”Бирлик”ка турли сабаблар билан қўшилмаган турли туман гуруҳлар, жамоалар ва ташкилотларнинг барчасини бошқача бир кўринишдаги умумий бир бирлашмага тўплаш учун бир гуруҳ ҳамфикр дўстлар билан “Миллий Мажлис” деб аталмиш Жамоатчилик Парламенти тузишга киришдим.

Тез муддатлар ичида “Миллий Мажлис”га қўшилишни истаган ташкилотлар ва жамоаларнинг сони 30дан ошиб кетди. Айни ана шу юксак кўрсаткич Каримов Ҳукуматини қўрқўвга солди ва натижада Ҳукуматнинг демократик мухолифатга қарши кескин репрессиялари бошланиб кетди. “Миллий Мажлис” Ташкилий Қўмитасининг қарийб барча аьзолари(6 кишидан 5 таси) қамоққа олиндилар. Фақат бир шахс, журналист ва кинооператор, ”Бирлик” фаоли Абдулазиз Махмудов қамоқдан қутилиб қолди. Сабаби Аллоҳга, уни ўзига ва Ҳукуматга аён холос.

“Миллий Мажлис” ҳақида тўлароқ материалларни мана бу ерларда ўқиш мумкин:

http://stopdictatorkarimov.com/Kundalik_1.htm , http://www.uzbek-people.narod.ru/delo_1.html

 

      8 ойлик Ички ишлар вазирлиги ертўласидаги қамоқдан 1993 йил 6 августда  чиқишим билан Ўзбекистон ”Бирлик” халқ ҳаракати раҳбариятини соғломлаштириш ва қайта сайлаш учун ҳаракат бошлаб юбордим. Аввалига Москвада ”Бирлик”нинг “Муҳожиротдаги Ишчи Қўмитасини” туздик. Кейин бир гуруҳ фаоллар 1995й.Июнида ”Бирлик”нинг Москва Конференциясини ташкиллаштиришга эришдик ва у ерда кун тартибидаги асосий масала раҳбариятни алмаштириш эди. Чунки 1992йилда бошланган Каримов репрессияси кучайган сари демократик оппозициянинг етакчи кучи бўлган ”Бирлик” халқ ҳаракати ўз фаолиятини деярли тўхтатган, унинг ўша пайтда фаолиятда бўлган раисдоши А.Пўлатов тўсатдан оғир саросимага тушиб, қарийб барча фаолиятларини тўхтатган, иккинчи раисдош Шуҳрат Исматуллаев унга бўлган ҳужумдан сўнг оғир жароҳатланиб ўз сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Биз Москвада тўпланган 15 ”Бирлик” фаоли Конференцияни тайёрладик ва ўтказдик. Аммо Конференцияда одамлар 2 гуруҳга бўлинишди: Бир гуруҳ фаоллар А.Пўлатов тараф бўлди ва уни раҳбарликда қолиши учун овоз беришди(8 киши), иккинчи гууруҳ(7 киши) уни раҳбариятдан олиб ташлаш учун овоз беришди.

Бугунга келиб ана ўша 8 киши бўлмиш А.Пўлатов тарафдорларидан фақат биттаси(П.Охунов) уни ёнида қолди. Қолган барчаси ўз хатоларини кеч бўлсада тушуниб уни ҳам, ”Бирлик”ни ҳам тарк этишди. Бугунга келиб ”Бирлик” аҳволи ночор кичик бир партия кўринишини эгаллади. (Куни кеча махсус баёнот тарқатган  П.Охунов ҳам А.Пўлатовдан ажралиб, партия ичида ўз фракциясини тузганини эьлон қилди. Айримлар бир раҳбарнинг ноқобиллигини унинг бир ёки икки ҳаракатиданоқ тушунишса, бошқалар учун бундай нарсаларни тушунишга нақ 18 йил керак бўлар экан.)

”Бирлик” халқ ҳаракатини пароканда бўлишига катта ҳисса қўшган, ундан ажралиб чиқиб ўзининг “Эрк” партиясини тузган М.Солиҳ ҳам худди А.Пўлатов каби кичик бир ночор партиянинг раҳбари бўлиб қолмоқда.

Уларнинг иккаласи ҳам ўзларининг партияга раҳбарликка нақадар номуносиб эканликларини англамай, ўтган давр мобайнидаги мағлубиятлардан керакли хулосалар чиқара олмай, на ўз ҳаётларида, на партияларида бирор жиддий ўзгариш қила олмай бир куни бу дунёни ташлаб кетадиган одамлар эканликларини тўлиқ исбот қилиб бўлишди.

 

Аммо А.Пўлатовдан фарқли ўлароқ М.Солиҳ Каримов режимига қарши курашни кучайтириш учун қаттиқроқ уриниб келмоқда ва бу йўлда у турли туман бирлашмалар, қўмиталар ва ниҳоят янги халқ ҳаракати тузишга муваффақ ҳам бўлди.

Аммо у қилган барча саьйи ҳаракатларда бир хато, аниқроғи касаллик, уни узлуксиз таьқиб этиб келаверди. Кўпчиликка маьлумки, агар ҳар қандай касал даволанмаса у секин аста кучайиши ва охир оқибатда беморни йиқитиши мумкин. Солиҳнинг асосий хатоларидан бири шундаки, у сиёсий кучайишни асосан бошқа ташкилотлар ва одамларни янги ташкилот остида тўплаш орқалигина амалга ошириш деб ўйлаб келади. Аммо ҳар қандай сиёсий ташкилотнинг кучайиши энг аввало ўша ташкилотни кучайишидан бошланишини, ўзи раҳбарлик қилаётган партияни кучайтиришда эканлигини тушунмайди.

 

Биз, Ўзбекистон демократик мухолифатининг бир гуруҳ садоқатли курашчилари(Насрулло Сайид, (собиқ парламент ва “Эрк” партияси аьзоси), раҳматли Сулаймон Мурод(“Эрк” партияси раҳбарияти вакили), мен ва бошқалар) М.Солиҳни бу касалликдан даволашга астойдил уриндик. Шахсан мен у билан сиёсий раҳбарлик масалаларида жуда кўп марта тортишдим, уни бағри кенгликка, демократик бошқарувга чақирдим. Аммо натижа шу билан тугадики, у унга танбеҳ берган, танқид қилган барча инсонларни ўзидан узоқлаштирди, уларга душман кўзи билан қарай бошлади. Бу энди муттаҳамликдан бошқа нарса эмас эди.

Уни тартибга чақиришлар шу билан тугадики, у эмас балки уни тартибга чақирганлар янги тузилган ҳаракат раҳбариятидан кетишга мажбур бўлдилар.

Агар А.Пўлатов мени Ўзбекистон ”Бирлик” халқ ҳаракати раҳбариятини тарк этишимга сабабчи бўлган бўлса, М.Солиҳ мени янги тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбариятини тарк этишимга сабабчи бўлди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам бу икки инсон ўз раислик лавозимларини сақлаб қолиш учунгина ана шундай пасткашликларга қўл уришди.

Мен нима учун бу ишларни “пасткашлик” деб атаябман?

Бунга сабаб шуки, бу инсонлар Ўзбекистон халқининг озодлиги ва эркинлиги учун узоқ йиллардан бери курашиб келаётган энг садоқатли ва кучли курашчи раҳбарларни халқнинг асосий ташкилотларидан четлатишга эришдилар.

Агар Каримов Ўзбекистон демократик мухолифати Армиясининг генераллари бўлмиш фаол курашчиларни қамоққа олишлар, уриб ўлдиришлар ва чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилиш йўллари билан йўқ қилиб келган бўлса, А.Пўлатов ва М.Солиҳ бундай фаол курашчиларни турли туман мунофиқона усуллар билан халқ ташкилотларидан четлатишга уриниб келдилар. Ўзларининг бу ифлос кураш йўлларида Каримов ҳам, Пўлатов ҳам ва Солиҳ ҳам юксак  натижаларга эришдилар: Бугун Ўзбекистон демократик мухолифати Армияси  сафларида саноқли генераллар қолди ва уларнинг кўпчилиги ўз қўшинларидан мажбуран четлатилган раҳбарлар каби якка, якка ҳолда, турли туман мамлакатларда яшамоқдалар ва қўлларидан келганча ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Албатта бу фожеаларга, яьни халқ ҳаракатлари ва турли туман жамоат ташкилотларининг яксон қилинишига биринчи навбатда Ислом Каримов бошлиқ Ўзбекистон Ҳукумати, Парламенти ва кўплаб давлат ташкилотларининг Каримовга содиқ малайлари айбдордирлар.

Айни пайтда бу фожеаларда А.Пўлатов ва М.Солиҳнинг ҳам ҳиссалари катта. Бунга сабаб шуки, улар давлат тепасига Москва ёрдамида(Москва ёрдамисиз Каримов ҳеч қачон эркин ва адолатли сайлов йўли билан Ҳукуматга кела олмас эди!) келган  Каримов диктатурасидек бир ёвўз гуруҳга қарши курашга астойдил бел боғлаган кўплаб асл курашчи инсонларни ўз амбициялари, эгоистик характерлари ва манманчилик йўлларида қурбон қилдилар.

Агар халқ ҳаракатлари бошида Шуҳрат ака Исматуллаев(ТошДУда кучли математик,“Бирлик”нинг собиқ раисдоши), Зоҳид ака Ҳақназаров(Профессор,элга таниқли композитор, “Бирлик” Тошкент бўлимининг собиқ раиси), Толиб ака Ёқубов(Математик,ЎИҲЖнинг собиқ раиси, “Бирлик” Ҳайьатининг собиқ аьзоси) каби мулоҳазали, фаросатли, садоқатли инсонлар ҳамиша бўлганларида ва мамлакатда сиёсий фаолият юритишга озгина бўлсада имкон берилганда, бугунга келиб на Каримов, на Пўлатов, на Солиҳ каби инсонлар Ўзбекистон ҳукуматига келар эдилар.

Аммо минг афсуслар бўлсинким, Каримов Ҳукуматининг қатағон сиёсати туфайли юқорида номлари келтирилган инсонлар мажбуран, зўрлик ва шумлик ишлатилиб сиёсатдан четлатилдилар.

Аммо зўрлик ва шумликларга бардош бериб, чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган, курашдан чекинмаган мухолифат сафларидаги бошқа бир гуруҳ кучли сиёсатчиларни Каримов ҳукумати эмас, балки ўз раҳбарликларини суистеьмол қилган А.Пўлатов ва М.Солиҳлар халқ харакатлари сафларидан четлатганларини қандай баҳолаш мумкин? 

Хўш, энди айтингчи, Ўзбекистон озодлиги ва эркинлиги учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган, бу кураш йўлида оғир жудоликларга учраган аммо барча қийинчиликларга қарамасдан курашни давом эттириб келаётган тажрибали мухолифат раҳбарларини халқ ташкилотларидан суриб чиқариб ташлашни “пасткашлик” деб аташ ўринлими ёки йўқми?

 

II ҚИСМ.

Энди ана шу сиёсий пасткашликларнинг бир неча исботи ҳақида:     

Мен Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши ҳақида илк бор 2010 йил кузида эшитишим биланоқ унинг биринчи Қурултойига тайёргарлик ишларида фаол қатнаша бошладим, бир талай мўҳим ҳужжатларни шахсан тайёрладим(Ҳаракат Дастури), бошқалар тайёрлаган ҳужжатларни(Ҳаракат Низомини) қайта ишладим, унга мўҳим ўзгартиришлар киритдим  ва Ҳаракатнинг оёққа туришида қўлимдан келганича саьйи ҳаракатлар қилдим. Ҳозир менинг бу гапларни ёзишимдан мақсад, Ҳаракат сафларидаги инсонларни огоҳликка чақириш, пароканда бўлиб кетаётган халқ ҳаракатини сақлаб қолиш чораларини излашга ёрдам бериш холос.

Ватан ва халқ учун қилинадиган ҳар қандай эзгу ишларни бошлаш хайрлидир. Аммо бундай хайрли ишларни бошлашни ўзиёқ автоматик равишда уни тузукроқ натижаларга олиб келади дегани эмас. Ҳар қандай ишни натижаси ўша ишни Қандай бошланишига, Қандай олиб борилишига, Кимлар томонидан Бошқарилишига ва ишга бош қўшган инсонларнинг шу ишни амалга ошириш режаларида қатнашиш имконлари Нақадар кенглигига боғлиқдир.

Ҳар қандай бошланган ишнинг олиб борилишга Қанчалик кўпроқ одамлар ҳисса қўшсалар ишнинг баракаси шунчалик юксак бўлади ва аксинча, унинг олиб борилишга қанчалик кам одамлар ҳисса қўшсалар унинг баракаси шунчалик паст бўлади. Бу инсоният ривожланиш тарихининг олтин қоидасидир.  

Хўш, нима сабабдан шундай эзгу ниятлар билан бошланган иш, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати орадан ўтган 2,5 йил ичида кучайиш ўрнига парокандаликка юз тутмоқда?

“Қанақа парокандалик?” деган соддаларга жавоб: Бошланишида Ҳаракатни 5та ташкилот тузган эди(“Андижон Адолат”,ташкилоти, “Эрк” партияси, “Таянч” жамияти, Ўзбекистон Демократик Форуми, Ўзбекистон Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Жамияти). Бугун 2та қолди: “Эрк” партияси ва Ўзб.Демократик Форуми. Қолган аьзолар асосан якка шахслардан иборат.

 

    Ҳаракат инқирозининг асосий сабабларидан бири бу Ҳаракатнинг авторитар, яьни яккаҳоким раҳбари М.Солиҳнинг сиёсатчи(халқаро ва ички сиёсатда) сифатидаги улкан хатолари ва инсон сифатидаги шумликларидир.

Биринчи шумлик: Ташкилий ишлардан узоқлаштириш.

Ҳаракатнинг Ташкилий Мажлисига тайёргарлик пайтидаёқ Ҳаракат ташаббускорларидан бири бўлган Муҳаммад Солиҳ шумлик йўлини танлади. Ҳаракат ташаббускорлари бўлмиш “Андижон Адолат” ва “Таянч” вакиллари томонидан М.Солиҳга мухолифат сафларидаги қатор таниқли сиёсатчиларни Ташкилий Мажлисга чақириш вазифаси юклатилган эди(бунинг сабаби шундаки, бу икки ташкилот янги бўлгани учун улар Ўзбекистон демократик мухолифати сафларидаги таниқли сиёсатчиларни яхши танимас эдилар, Солиҳ эса аксинча, уларни яхши танир эди). Ўша одамлар рўйхатида мени ва яна бошқа таниқли сиёсатчиларни номлари бўлишига қарамасдан Солиҳ Дюсселдорфга асосан ўзига маьқул бўлган одамлар(ўз партиясининг аьзоларини, турли туман лаганбардорлар ва ялтоқлар)ни таклиф қилди.

Ҳаракат тузилиши ҳақидаги гаплар чиқиши билан уни кўпчилик ичида тарғиб қилиш ва у ҳақида турли туман мақолалар ёзиб юрган, Каримовнинг мустабид режимига қарши 23 йилдан бери собитқадамлик билан курашиб келаётганимга қарамасдан Ташаббус Гуруҳи Мажлисига Солиҳ томонидан атайлабдан таклиф қилинмаганлардан бири мен эдим. (Билишимча, Насрулло Сайид ҳам, бошқалар талаб қилишига қарамасдан М.Солиҳнинг айби билан Мажлисга чақирилмаган).

Солиҳга ишонган аммо унинг шумликларидан бехабар Ташаббус Гуруҳи вакиллари мени номимни ҳам меҳмонхона маьмуриятига айтишган ва шу сабабдан у ерда менга ҳам жой ажратилган экан. (Бу гапни мен кейинчалик чеки мен билан бир хонага тушган одамдан эшитдим).

Бундай шумликлардан кеч хабар топган Ташаббускорлар Гуруҳи зудлик билан мени Мажлис очиладиган куни Дюсселдорфга етиб келишимни Толиб ака орқали(телефонимни билмаганлари учун) илтимос қилишди. Аммо мен ишли одамман, ишни ташлаб, шартта 2000км узоқликдаги жойга бир зумда етиб борадиган бойваччалардан эмасман.

Ундан ташқари мен ҳамма нарсани режа билан, бамайлихотир қилишга ўрганганман. Чунки биламанки, шоша пиша қилинадиган ишлар кўпинча палапартиш ҳолда давом этаверади ва хом ишланган патирдек, ҳали пишиб етилмасдан тандирдан узилиб тушаверади.  Шулар сабаб мен мажлисга бора олмадим.

Мен Ташаббускорлар мажлиси қандоқ ўтгани, кимлар нималар деганиини билмайман. Аммо бир нарса менга кундай равшан бўлди: Ўша мажлисда ҳеч ким М.Солиҳни қилган шумликлари учун тергамаган, бировнинг уни танобини тортиб қўйишга ҳадди сиғмаган экан. Аммо Ташаббускорлар Мажлисиинг бундан ҳам каттароқ хатоси шундан иборатки, кўпгина ўта жиддий масалалар, яьни янги тузилажак Ҳаракатнинг бўлимлари, уларнинг раислари ва М.Солиҳни янги тузилажак Ҳаракатга раҳбарлик қилиш  масаласи дарпардалар ортида ҳал этилган. Бу нарса орадан 2 ой ўтгач, Қурултой очилган куни равшан бўлди, ўша куниёқ (мен ва Солиҳ ўртасида) жанжал чиқишига сабабчи бўлди, аммо бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

 

III ҚИСМ.

Ҳар қандай шумлик ва жиноят вақтида фош қилиниб, унга керакли баҳо берилмас экан у яна қайталанишга ва янада оғирроқ шумликлар ва жиноятларга содир этилишига сабабчи бўлади, яьни шумлик ва жиноят рецидивига йўл очилади.

Узоқ йиллардан бери Каримов режимининг рецидивистик фаолиятининг сабаби ҳам худди ана шунда, чунки аввал бошданоқ у бошқариб келаётган Ҳукуматнинг жиноятларига қарши бирор куч қарши тура олмади, жиноятчилар бирор марта бўлсин жазоланмади, натижада 1992йил 16 январда Тошкентда, Талабалар шаҳарчасида бегуноҳ ёшларни яёвсиз ўққа тутган, уларни уриб, тепиб кейин 5000дан ошиқ талабаларни Тошкентдан ўз вилоятларига ҳайдаган Каримовнинг жиноятчи Ҳукумати 2005 йил 13 Майида янги, ундан ҳам даҳшатлироқ жиноятга қўл урди.

Бу сафар ўзининг жазоланмаслигини аниқ билган муттаҳамлар тўдаси 25 000 кишилик Андижон фуқароларининг намойишини аёвсиз ўққа тутди, 4000га яқин одам ўлдирилди(қўрқоқ ҳукумат фақат 187 киши ўлдирилганини тан олди), минглаб андижонликлар чет элларга қочиб, жон сақлаб қолдилар.

Худди шунга ўхшаш рецидивистик шумликлар ҳам Ўзбекистон халқ ҳаракатлари раҳбарлари томонидан давом эттириб келинмоқда. Бу раҳбарлар ҳам худди Каримов каби ўзларининг жазоланмасликларини билишади, чунки бутун дунёга сочилиб кетган “Бирлик” ва “Эрк”нинг фаолларини бир жойга тўплаб, уларнинг раислари фаолиятини чиғириқдан ўтказиш учун ҳам аввало ташаббускор инсонлар бўлиши керак, ундан кейин ана шунақа мажлисга ўзини тайёрлиги айтадиган мард раис ва ниҳоят улкан бир маблағ фонди ҳам бўлиши керак - барча харажатларни қоплаш учун. Москва, Истамбул, Берлин, Стокгольм, Осло, Париж, Нью Йорк ва бошқа шаҳарлардан камида 20та фаолни тўплаш учун анчагина ишлар ва маблағлар тўплаш керак бўлади.

     Хуллас, Солиҳ янги ҳаракат тузиш йўлидаги ўзининг биринчи шумлигини қойиллатиб амалга оширди, янги ташкилотга раҳбарлик мандатини ҳали у бошланмасдан олдин қўлга киритиб, уни чўнтагини тўрига яшириб олди. Агар “Андижон Адолат” ва “Таянч” жамияти вакиллари мард бўлсалар, улар Дюсселдорфда бўлган барча ташкилий масалаларни очиқлаб, бу гапларни тасдиқлашлари мумкин. Бу тарих учун ва келажакда ислоҳот қилиниши керак бўлган “Бирлик”, “Эрк” ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатларини соғломлаштириш учун зарур бўлган савоб ишлардир.

Иккинчи шумлик: Қурултойдан узоқлаштириш.

Бу шумлик Ўзб.Халқ Ҳаракатининг илк Қурултойига тайёргарлик бораётган кунларга тўғри келди. Солиҳ бу сафар янги шумлик тайёргарлигини бошлади. Аммо биринчи шумлиги учун озроқ дакки еган чамаси, бу сафар у ўз шумлигини имкон қадар яширин ва бошқалар қўли билан қилишга уринди.

Мени Берлинда бўладиган Қурултойга таклиф қилишди. Аммо менга фақат Қурултой бўладиган кунни ва шаҳарни айтишди холос. На бир адрес, на бир меҳмонхонани номи берилди менга. Берлин катта шаҳар бўлса, тили бошқа бир давлат, мен инглизча ва шведчада бемалол гаплаша оламану аммо немисчани билмайман. Шу сабаб Аэропортда роса қийналдим. Сабаби мени кутиб олиши керак бўлган одам(раҳматли Фуад Рустамхўжаев) у ерда йўқ эди. Мен бир амаллаб телефон қилиб уни топганимдан сўнггина Фуад менга Новотел деган меҳмонхонага етиб келишимни тайинлади ва  ташкилий ишлар кўпайиб кетгани учун узрини айтди. Бир такси олиб бир амаллаб у ерни топиб бордим. Солиҳни шумлиги бу сафар ўтмади, яьни Қурултойга келишимга тўсқинлик қилиш макри ҳийласи менинг талабчанлигим сабабли иш бермади. Ишнинг бундай тус олишидан жаҳли чиққан ва талмовсираган Солиҳ энди менинг раҳбарият тузиш масаласида унга жиддий қийинчиликлар туғдиришим мумкинлигини олдини олиш учун янги шумликни бошлади.   

 

Учинчи шумлик. Жанжал.

Мен меҳмонхонага етиб борсам жамоат қарийб жам бўлган экан. Уларнинг ичидаги кўпчилик сиёсатчилар ”Эрк” партиясининг аьзолари, айримлари собиқ аьзолари экан. Меҳмонларнинг катта қисми ҳали сиёсий саҳнада ўзларини кўрсата олмаган янги ташкилотлар “Андижон Адолат” ва “Таянч”нинг вакиллари, бир неча мен каби мустақил сиёсатчилар ва ҳуқуқбонлар ҳамда 10дан ошиқ кузатувчилар экан.

Тўпланганлар жамоасига қараб мен шуни тушундикми, Солиҳ бир томондан ўзини қўллайдиганларни(асосан ўз партияси аьзолари ва хайрихоҳларини), иккинчи томондан ҳали сиёсатда тажриба орттирмаган ташкилотларни(“Андижон Адолат” ва “Таянч”) вакилларини тўплаб, уларни ўзининг олдиндан тайёрлаб қўйган Доклади ва режалари билан ўз томонига оғдиришни пухта мўлжаллаган экан.

Аммо у билар эдики, мен каби сиёсатда суяги қотганлар бунақа “ишни олдиндан пиширишларни”   қабул қила олмаймиз ва Қурултой(ва ҳар қандай бошқа йиғилиш) жонли ўтиши, ҳамма нарса одамлар кўз ўнгида бўлишини талаб қиламиз.

 Буни сезган Солиҳ тўйдан олдин ноғора чала бошлади ва менга “Қурултой яхши ўтсин, жанжал қилмайлик ва унга йўл қўймайлик” деди. Мен уни гапларига ҳайрон бўлдим ва “Нега жанжал бўлар экан, бу ерга ахир одамлар катта қизиқишлар билан келишган” деб жавоб бердиму аммо уни гаплари мени ўйлантириб қўйди.

У чамаси қилган шумликлари фош бўлишини, унга қарши мен ва бошқалар норозилик билдиришимизни  олдини олиш учун шундай гаплар қилди.

Кейинчалик унинг режалари борган сари фош бўла бошлади ва бизни ўртамизда кескин тортишувга сабабчи бўлди.

Гап шундаки, Қурултойдан бир неча кун олдин мен емайл орқали янги тузилажак Ҳаракатнинг асосий ҳужжатлари: Унинг Низоми ва Дастурини олдим ва уларни обдон ўрганиб чиқдим. Бу иккала ҳужжатда камчиликлар беҳисоб эди.

Мен уларни Солиҳ кўриб чиқиб, маьқуллаганига шўбҳаландим. Кейин 3...4 кун ичида бу ҳужжатларга улгурганимча тузатишлар ва қўшимчалар киритдим.

Масалан, энг жиддий камчиликлардан бири, Низомнинг кириш сўзида бу янги Ҳаракатнинг НИМА УЧУН тузилаёгани ва унинг Асосий Мақсадлари кўрсатилмаган эди( бу ҳужжатлар мени архивимда сақланиб қолган).

Ундан ташқари Низомни бирор жойида бирор марта бўлсин “демократия”, “демократик қадриятлар ва  эркинликлар” деган сўзлар йўқ эди.

Хуллас мен Низом ва Дастурни қайта ишлаб жўнатдим. Аммо Қурултойга келгач қўлимга берилган ҳужжатларда мен киритган бирорта тузатиш ва қўшимчалар қабўл қилинмаганини кўрдим.

 

IV ҚИСМ. Қанча суриштирмай бу ҳужжатларни ёзган ва таҳрир қилган одамларни топа олмадим. Ниҳоят яна Солиҳ билан гаплашишга тўғри келди. У менинг Низом ва Дастур бўйича фикрларимни Қурултой бошлангач айтишим мумкинлиги ҳақида гапирди. Аммо мен Қурултой давомида юзлаб камчиликларни тузатиш имкони бўлмайди, аввалдан уни пухта тайёрлаб кейин кўпчиликка тақдим этишимиз керак, Қурултойда асосан принципиал масалалар муҳокама қилинади холос, ҳужжатларнинг мазмуний шакли ва орфографик хатоларини тўғрилашга у ерда вақт етмайди дедим. У аввалига бунчалик кўп камчилик бўлишига ишонмади, мен унга бир иккита жиддий камчиликларни айтгач уларни қайта ишлаб, 50 ошиқ аллақачон чоп этилган бу 2ҳужжатни алмаштиришга рози бўлди.

Ҳамма йиғилганлар бир бирлари билан сўҳбатлашишга имкон туғилганидан хурсанд бўлиб гаплашиб ўтирар эканлар мен ва “Андижон Адолат” ташкилотидан Илхомжон деган йигит ҳужжатларни компьютерда қайтадан териш билан овора бўлдик.

Аммо белгинланган вақт бўлгач Қурултой бошланиб кетди, биз улгурганимизча қайта ишланган аммо ҳали ярими чала қолиб кетган ишлар билан Қурултойга кириб ўтиришга мажбур бўлдик.

Шу ерда бир чекиниш:

Ҳар қандай ишни, ҳатто оддий бир балиқ овини ҳам олдиндан пухта тайёрлаш керак. Қармоқ, тўр, пичоқ, челак, чувалчанг, балиқ овлашга қўлай бўлган жой, оби ҳаво ва ҳоказолар дегандек.

Агар бир уста оддийгина, бир хонали уй қуришдан олдин уни режасини пухта тузмаса ва шоша пиша уй қуришни бошласа, у ҳолда ҳатто шу бир хонали уй ҳам узоқ турмасдан биринчи қор ва ёмғирдан сўнг ағанаб тушиши аниқ.

Бу Қурултой ҳам Солиҳнинг фикрича тезгина, силлиққина ўтказилиши ва эртага катта пресс конференция ўтказиб, у ерда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилганлигини эьлон қилиш, у ҳақда жаҳон оммавий ахборот воситаларида кучли бир шов шув кўтариш экан.  

Аммо менинг ва бошқа эски сиёсатчиларнинг нияти эса бошқача эди. Биз ниҳоят шу пайтгача тарқоқ бўлган барча сиёсий ва жамоат ташкилотларини бир улкан ташкилот остида, пишиқ ҳолда бирлаштириш ва унинг ёрдамида Каримов Диктатурасига қарши курашни янада кучлироқ кўринишда давом эттиришни мўлжаллаган эдик.   

Афсуски, Солиҳ ва уни гуруҳининг олдиндан кўриб қўйган тайёргарликлари билан биз, эндигина кўришиб турган, суяги сиёсатда қотган одамларнинг режалари тўғри келмади.

Мажлисни олиб бориш жараёнида кун тартибидан сўнг дарҳол Низомнинг ҳар бир пункти муҳокама қилина бошланди. Кўпчилик биз киритган пунктларни маьқуллагани учун улар бирин кетин қабул қилина бошланди.

Муҳокама Низомдаги “демократик эркинликлар ва қадриятлар” ҳақидаги бизлар киритган жумлаларга келганда Намоз Нормўмин бошлиқ бир гуруҳ диндорлар бу сўзларга қарши чиқишди. Уларнинг фикрича бу сўзлар Ғарб маданиятидан олинган сўзлар эмиш, бизлар эса мусулмон бўлганимиз учун демократик қадриятлардан кўра исломий қадриятларга суянишимиз керак эмиш.

Шунда мен бу сўзларга қарши чиқиб, демократик қадриятларни ҳимоя қилдим. Ҳаттоки мана шу Берлиндаги меҳмонхона залида хотиржам тўпланиб Ўзбекистондаги сиёсий муаммоларни муҳокама қилиб ўтирганимизни ўзи ҳам демократик қадриятлар амалда бўлиб тургани учун бўлаётганини, барчамиз демократик давлатларда ҳақ ҳуқуқларимиз ҳурмат қилиниб қабул қилинганимиз ва турли давлатларда эркин ва озод инсондек яшаётганларимиз ҳам демократик тузумларнинг маҳсули эканлиги, демократик дастурхондан нон еб туриб унга ҳурматсизлик қилиш нотўғри эканлиги, аслини олганда демократия нафақат Ғарбда балки Шарқда ҳам , масалан Туркия, Малайзия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда ҳам борлигини ва у жой танламаслигини, унинг том маьносига, яьни Демократия дегани Халқ Ҳокимиятини англатишига эьтибор қаратишни таькидладим.

Мендан сўнг ёшлардан Улуғбек Бакиров ҳам демократик қадриятларни қўллаб гапирди. Аммо залда ўтирганларнинг кўпчилиги бу сўзни Низомга киритмасликка овоз беришди.Ана шундан ҳам Қурултойга келганларнинг умумий савиясини тушуниб олса бўлар эди.    

 

V  ҚИСМ. Аммо Қурултой қатнашчиларининг кўпчилиги сиёсатга энди кириб келаётган одамлар бўлгани учун бундай сиёсий муҳокамалар уларга оғирлик қила бошлади. Бу тушунарли эди. Қурултойда бир неча соатлаб ўтириб, бир жиддий Ҳаракатнинг энг асосий ҳужжатини бир ўтиришда бирор одам на ҳазм қила олар, на барча жумлаларни тушунган ҳолда улар учун овоз бера олар эди.

Аввал айтганимдек, бундай тайёргарлик ишлари Қурултойдан олдин ўткир сиёсатчилар томонидан пухта тайёрланиши керак эди.

Хулласи калом, Қурултойнинг кетиши оғир тус ола бошлади. Уни байрамдек ўтказишни мўлжаллаган, мақсадлари асосан халқаро миқёсда шов шув кўтариш, асосий масала бўлмиш фаолият ҳақида эса кейин бош қотиришни ўйлаган Солиҳчилар гуруҳи исён кўтара бошладилар. Аввалига раҳматли Фуад Рустамхўжаев мен ўқиётган Низомдаги тузатишларни шартта тўхтатиб: “Ахир қачонгача қоғозбозлик билан шуғулланамиз? 22 йилдан бери Ўзбекистонда аҳвол оғирлигича қолмоқда, ташкилотлар тарқоқ. Ахир тезроқ бирор жиддийроқ ишлар қилайликда биродарлар!” деб ҳайқирди.

Мажлисни кетишидан чарчаб қолган диний гуруҳларнинг вакиллари ва Солиҳ гуруҳига бу гап жуда маьқул тушиб, улар қарсак чалиб юборишди. Шундан сўнг мен “Агар истамасанглар мен шу ерда гапимни тугатаман. Аммо шуни билингларки, ҳали Низомни кўп бандлари кўриб чиқилмади. Уларни кўриб чиқмасдан эса қабўл қила олмаймиз” дедим.

Аммо бу гаплар кўпчиликка, айниқса ўзини аллақачон, ҳали сайланмасдан янги ҳаракатни раиси деб ҳисоблаётган Солиҳга ёқмади.

Қурултойни кетишиданоқ унинг натижаси самарали бўлмаслигини сезган бир неча эски сиёсатчилар норозилик билдиришди, айримлари(Насрулло Сайид , Алибой Йўляхшиев) Қурултойни тарк этмоқчи ҳам бўлишди. Мен уларни қўлимдан келганича тинчлантиришга уриндим, уларнинг барча фикрларини қайта ишланаётган Низом ва Дастурга киритишга ҳаракат қилишимни айтдим. Қурултойни биринчи куни ана шунақа тортишувлар билан ўтди ва мен ўз бўйнимга Низомни эрталабгача қайта ишлаб, уни тайёр ҳолда эрталаб тарқатиш вазифасини олдим.

Эртасига асосан пресс конференция ва ташкилий ишларни мўлжааллаган Солиҳнинг таьби тирриқ бўлди аммо кўпчилик талаби олдида жиддийроқ эьтироз билдира олмади.

 

Эртаси куни янги Низом тарқатилгач уни ҳамма бандларини кўпчилик бирга қараб чиқиб бирдагина овозга қўйиш ҳақида тортишувлар бўлди. Биз эски сиёсатчилар ҳамма бандларни ёппасига овозга  қўйиб бўлмаслигини, айрим жиддий масалалар алоҳида кўрилиши лозимлиги ҳақида гапирдик. Булар Қурултойни табиий равишда чўзилиб кетишига олиб борар эди.

Шу сабабдан бўлса керак, ҳамда ишлар у ўйлагандек кетмаётганидан ранжиган Солиҳ танаффус чоғида ёнимга келиб “Сиз нима қилаяпсиз ўзи? Яна жанжал чиқармоқчимисиз?” деб ўшқирди.

Мен ундан кечаси 3 гача ухламай қилган меҳнатим учун ўшқириш эмас балки ҳурмат ва илиқ сўзлар кутган эдим. Шу сабабдан мени ҳам жаҳлим чиқиб кетди ва мен ҳам унга “Сиз шов шув кўтариш учун келдингизми  ёки жиддий ташкилот тузиш учунми ?!” деб кескин жавоб қайтардим. Ундан ташқари мен унга ана шунақа камчиликларни олдини олиш мумкин эди, агар у атайлабдан мени Дюсседорф ташрифидан айириб  ташламаганида дедим. “Ким айтди шу гапни?! Бу бўлмаган гап!” деб ўшқирди менга. Мен гувоҳларим борлигини айтганимда қизариб, бўзариб кетди. Бизнинг баланд овозларда гаплашишимиздан ҳовлиққан унинг укаси ва ўғли дарҳол уни ёнига келиб, далда бўлиш учун бўлса керак, туриб олишди, гуёки ҳозир муштлашув бўладигандек.   

Танаффусдан кейин барча мажлисни тезроқ тугатиш тараддудига тушишди ва ана шу нарса Биринчи Қурултойнинг энг жиддий хатоларидан бири эди. Янги қурилаётган уйни усталари ва шогирдлари қаёққадир шошишар, уйни қуриш режаларидан кўра уларни тезда, уйни апил тапил томини ёпиб,  кейин олам жаҳонга шов шув кўтариш кўпроқ қизиқтираётган эди.

Сиёсатнинг энг оғир ва энг мўҳим ишлари бўлмиш МУҲОКАМА  кўпчиликни, ҳатто “Эрк”нинг у тузилгандан бери аьзоси, Солиҳнинг содиқ таарафдорларидан бирининг ҳам энсасини қотирди, у очиқдан очиқ ўзининг журналистик бир чиқишида бизларнинг Низомни муҳокама қилишларимизни “мижғовлик” деб атади ва шу билан инсоннинг  сиёсий онги йиллар ҳисобига эмас балки тафаккур ҳисобига(агар у бўлса) ўсишини исбот қилди.  

 

Ана шундай чала чўлпалик ила ўтказилган Қурултой охир оқибатда Солиҳни якка раис этиб 5 киши(Ҳаракатни Муассислари бўлмиш ташкилотлар раҳбарлари) томонидан, Қурултой залидан ташқарида сайланишига сабабчи бўлди. Бу демократияга тамоман зид бўлган яна бир нарса эди.

 

Орадан бир йил ўтгач, яьни 2012 йил Май ойида Ҳаракат ўз Қурултойини Прагада, кичикроқ аммо Солиҳга содиқроқ даврада ўтказди ва у ерда Солиҳни яна 3 йил муддатга, алтернатив номзодлар кўрсатилмаган ҳолда қайта сайлашди. Низомга ўзгартиришлар киритиб, ҳар йил эмас, балки 3 йилда бир марта Қурултой ўтказишга келишиб олишди. Шу билан у мақсадига етди, энди нафақат “Эрк” партиясига балки Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ҳам доимий раислик ва яккаҳокимликни қўлга киритди.

Қурултойга мен юборган таклифлар, яьни Харакатни соғломлаштириш, Коллегиал раисдошликни киритиш, демократик бошқарувни таьминлаш каби таклифларга на Солиҳ, на унинг содиқ биродарлари эьтибор беришмади.

Натижада бугун мана яна ўзлари яккаланиб қолмоқдалар, чунки Ўзбекистондаги яккаҳокимлардан чарчаган одамларга янги тузилаётган мухолифат ташкилотларидаги эскича, Каримовча яккаҳокимчиликлар умуман тўғри келмайди. Бу гап “Бирлик”ка ҳам, “Бирдамлик”ка ҳам, “Эрк”ка ҳам ва Ўзб.Халқ Ҳаракатига ҳам тегишлидир.

 

Ҳазратқул Худойберди , 2013.06.26.

 

 

Сўнгги сўз. Сиёсий ташкилотлар фаолиятларини таҳлили ҳақида.

 Ўзбекистон халқ ҳаракатлари ва уларнинг раҳбарларини фаолиятини таҳлил қилишдан асосий мақсад бу ҳаракатлар нима сабабдан ҳанўзгача бирор бир сезиларли, кўзга кўринадиган натижаларга эриша олмаётганликлари, мамлакатда сиёсий фаолиятни кучайтиришни йўлга қўя олмаётганликларини очиқлаш эди.

Таҳлилдан кўриниб тургандек, бу ишларда натижа ўта пастлигига асосий сабааб бу ана шу ташкилотларнинг раҳбарлари бўлмиш Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳларнинг раҳбарликдаги ношудликлари, уқувсизликлари, улар бошқараётган ташкилотларда Бошқарув Ҳайьати ва Маслаҳат кенгашларининг умуман йўқлигидир.

Бемаслаҳат қилинаётган ишлар эса ҳамиша натижасиз тугаши кўпчиликка аён нарса. Шуларни ҳисобга олиб ана шу икки шахс раҳбарлик қилаётган 3 ташкилот ("Бирлик" ва "Эрк" партиялари ва Ўзб.Халқ Ҳаракати) аьзолари кескин ва жиддий ислоҳотлар ўтказишлари ҳамда бу икки шахснинг истеьфосини талаб қилишлари керак.

 

Агар улар бу ишларни иложини қила олмасалар(чет эллардаги тарқоқ аьзоларнинг бундай ишларни амалга оширишлари қийин масала.
Айнан ана шу қийинчиликлардан бу икки шахс айёрлик билан унумли фойдаланмоқдалар) у ҳолда
улар бу ташкилотларни тарк этиб, янги ташкилот тузишлари ёки янги тузилган ташкилотларга қўшилишлари тадбири жоиздир.

Вақт ҳамма учун ғанимат, ҳамма учун олтиндир. Ундан унумли фойдаланган инсонларгина ҳаётда нималаргадир эришишга қодирлар холос. Ўз умрларини уч ношуд раҳбар (Каримов, Пўлатов ва Солиҳ) ортидан юришга бағишлаган инсонлар ҳаётининг кўпчилик қисми хавога сов
урилган умрдек бўлмаслиги керак.

https://www.facebook.com/JusticeRebell/posts/10151525030984503

 Ҳазратқул Худойберди, 2013.06.27