Ўзбекистон халқининг бошига тушган кунлар ҳақида.

Инсон озодлиги ва бахтли яшаш имкониятлари нималарга боғлиқ?

 

Бугун аксарият кўпчиликнинг энг асосий ташвиши бу келаётган кунни бир амаллаб ўтказиш ҳақидаги ғам ва ўйловлардан иборат десак адашмаймиз.

 

Камчиликни ташкил қиладиган бир гуруҳ инсонлар эса бир неча кун олдинга қараб ўз режаларини тузадилар.

 

Энг тадбиркор, ўз ишига пишиқ ва фикрли инсонлар эса бир неча ой ва ҳатто йилдан кейинги ташвишларини ҳам олдиндан режалаб қўядилар.

 

Боғ яратмоқчи бўлган боғбон ўзи етиштирган ва парваришлаган дарахтлар, узумлар, анжиру анорларнинг ширин меваларини бир неча йилдан кейингина татиб кўриши мумкинлигини аниқ билган ҳолда меҳнат қилади.

 

Худди шундай косиб ва ҳунарманд ҳам ўзи яратаётган буюмни токи уни гўзал ишлаб, синаб кўриб кейин бозорга олиб чиқиб бирор харидорга сотмагунча ўз меҳнатини баракасини кўрмайди.  

 

Чорвадор эса қўй қўзиларини боқар экан аниқ биладики, турмушни тебратиш учун у қўйлар сонини доим кўпайтириб бориши, сотилган бир қўйнинг ўрнини икки қўзичоқ билан тўлдириши, уларнинг қишки ем хашагини ёзда тайёрлаб қўйиши кераклиги каби нарсаларни яхши билади.

 

Аммо ана шу тадбиркор инсонлар эътибор қилмайдиган бир нарса борки, бу нарса уларнинг нафақат эртаси, индини ёки келаси ойдаги ҳаёти, балки келажакдаги бир неча ўн йиллардаги ҳаётини ҳам қандай бўлишини таьминлаши мумкин.

 

У нарсанинг номи сиёсатдир. Ҳар ким ҳам сиёсатчи бўлиши шарт эмас аммо ҳар ким ҳам сиёсатга қизиқиши керак. Чунки сиёсат бизнинг ҳаётимизни режалаштирадиган кучли бир қуролдир.

 

Бу қурол билан бутун бошли бир давлат ва бу давлатнинг халқи бошқарилади. Ва демак бу халқнинг тақдири ана шу давлат сиёсатини қандай олиб борилишга бевосита боғлиқдир.

Агар бу қурол бир ёки бир гуруҳ калтафаҳм инсонлар қўлига тушиб қолса, у ҳолда бу инсонлар бутун бошли бир давлатга, шу давлатда яшаётган барча инсонларга улкан зиён ва заҳматлар етказишлари мумкин. 

 

Бефаросат боғбоннинг қўлига тушган боғдаги мевали дарахтлар ё қуриб қолади, ёки бўлмаса мевадан қолади.

Уй қуришни билмаган одам қурган уй кўп ўтмай ағдарилиб тушади.

Ҳунарманд бўлмаган одамнинг ясаган буюми бир пасда ишдан чиқади.

Сиёсатни тушунмаган одам давлат ишини хароб қилади ва демак ўз халқини оғир кулфатларга дучор қилади.

Сиёсатга қизиқмаган халқ бефаросат одамларнинг сиёсатга кириб келишига йўл очиб берадилар ва шу билан ўз тақдирларини ўзлари билмаган ва тушунмаган ҳолда бировларни қўлига топшириб қўядилар. Бундан қизса хулоса шуки, сиёсатга қизиқмаган одам ўз ҳаётига, ўзининг ва яқинларининг эртаси ва келажагига хиёнат қилган одамдир.

 

Айримлар "мен сиёсатсиз ҳам ўз ҳаётимни яхши қила оламан, бахти бўла оламан" деб ўйлашади. Бу жиддий хатодир. Унинг хатолиги шундан иборатки, сиз ўз ҳаётингизни, унинг бошқарилиши, ўз бизнесингизни, миниб юрган машинангизни, уйингизни, бола чақангизни тақдирини қўш қўллаб қизил шапка кийиб олган қўпол милиса, папка қўлтиқлаб олган порахўр прокурор, унданда зўрроқ порахўр судья, вазир ёки ҳокимлар қўлига топшириб қўйгансиз. Сиз наҳотки ана ўша қўпол ва порахўр одамларга ўз тақдирингизни ишониб топшира оласиз?

 

"Кўза ҳар куни эмас кунида синади" деганларидек, сизнинг сердаромад бизнесингиз ҳам бир куни келиб синиши мумкин ёки уни синдиришлари мумкин, агар сиз рэкэтчиларга, милисага ва солиқчи порахўрларга ўз ҳақларини вақтида бериб турмасангиз.

 

Агар сиз чет элларда бизнес қилиб юрган бўлсангиз у ҳолда сиз бир нарсани, яьни ўша давлатда меҳмон эканлигингизни унутманг.

Вақти келиб Ватанга қайтишга тўғри келади, ана ўшанда сиз қайтган Ватанда тартиб ва интизом, қонунларга ва инсонларга хурмат бўлишини истасангиз у ҳолда шу бугундан бошлаб сиёсатга қизиқинг.

Чунки Ватандаги янги сиёсатни янги одамлар яратадилар. Уларни эса сиз бугун таниб олмасангиз, уларни бугун қўлламасангиз у ҳолда бошқалар ўзларига ёққан одамларни танлаб, қўллаб кейин эса юқори лавозимларга сайлаб юборишади. Қарабсизки бир куни келиб Каримовдан деярли фарқи бўлмаган навбатдаги муттаҳам Ўзбекистон давлатига раҳбар бўлади.. Сиз эса яна чэт элларда сарсон саргардон юришга мажбур бўласиз.

 

Шу сабабдан сиёсатга бефарқ бўлманг. Ким сиёсат ҳақида гап очар экан энг аввало ўша инсонга эътибор беринг. Нафақат гап ва сўзига балки кўпроқ юриш туриши ва қилаётган ишларига, кимлар билан ошна оғайнигарчилик қилишига эътибор беринг.

 

Асл сиёсатчи билан бефаросат сиёсатчининг фарқи шундаки, улардан биринчиси ҳар бир гапини ўйлаб гапиради, унинг сўзлари аниқ, равшан ва ишонарли бўлади, у гапирган  гапларини асослаб гапиради, мисоллар келтиради. Улардан иккинчиси эса оғиз кўпиртириб гапришни, мақтанишни, ўзининг катта ишларини бўрттириб кўрсатишни яхши кўради. Сиз унга жиддийроқ савол берсангиз у жавобдан қочади, аравани қуруқ олиб қочишга ҳаракат қилади.

Асл сиёсатчи ўзининг нафақат сўзига балки юриш туришига ҳам эътибор беради.

Аммо асл сиёсатчининг асллигини кўрсатувчи яна бир мўҳим нарса бу унинг айтган гапларини амалда қила олиши, у ҳаётда қилган амалий ишлардир.

 

Энди мақолада кўтарилган асосий масалага қайтсак. Бугун Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми сиёсатга қизиқмайди, улар ўйлашадики сиёсат фақат катталарнинг, амалдорларнинг иши. Бу жуда катта хато.

 

Ана шу хато туфайли Ўзбекистон халқларининг кўпчилик қисми узоқ йиллардан бери қийин шароитларда яшаб келмоқда.

Аҳолининг фақат бир кичик қисмигина ўзига тўқ, ташвишлардан холи. Улар жумласига энг аввало амалдорлар, уларнинг яқинлари, кейин тадбиркорлар, катта касалхоналарнинг дўхтирлари, судьялар, прокурорлар, олий лавозимли ҳарбийлар ва милисалар ҳамда олийгоҳларнинг ўқитувчилари кирадилар.

Булар 30 миллионли Ўзбекистон аҳолисининг 10 фоизини(3 миллионни) ҳам ташкил қилмайди.

 

Қолган 27 миллион аҳолининг аҳволи ночор. Аммо ночорларнинг ҳам ҳар хили бор, уларнинг яримидан кўпи ўта ночор, ўз кунини бир амаллаб кўраётган инсонлар: қариялар, ёлғиз қолган оналар ва ёш болалардир. Бундайлар сони 15 миллион десангиз адашмайсиз.

 

Ўзбекистоннинг ана шу 15 миллион оч наҳор юрган аҳолисини Россия, Қозоғистон, Туркия, Европа, АҚШ ва бошқа давлатларда ишлаб юрган 5 миллиондан ошиқ меҳнат муҳожирлари бўлмиш оталар, оналар, акалар, укалар, қизлар ва ўғиллар боқишмоқда.(Чэт элларда мажбуран яшаб юрган сиёсий муҳожирлар гуруҳи ҳам шулар жумласидандир).

 

Демак биз Ўзбекистон ичида оч наҳор юрган 15 миллионли яқинларимиздан сиёсатга қизиқишни ва аралашишни талаб қила олмаймиз. Уларга Худони ўзи инсоф берсин. Вақти келиб, ҳаётлари сал ўнглангач, уларнинг ҳам айримлари сиёсатга қизиқа бошлашлари мумкин.

 

Бугун биз асосий эътиборни чэт элларда яшаб ва ишлаб юрган ватандошларга қаратишимиз керак. Айнан чэт эллардаги ватандошларгина мамлакатдаги мавжуд вазиятни ўзгартира олиш имкони ва қудратига эгадирлар.

 

Аммо бу учун энг аввало уларни сиёсатга қизиқишларини уйғотиш керак. Улар ҳар куни 8..10..гоҳида 12 соатлик оғир меҳнатдан келиб сиёсат нари турсин, ҳатто овқатини ҳам бемалол ея олмасдан, чарчоқдан дўмалаб ухлаб қолаётган бўлишлари мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам ватандошларимиз вақт топиб, онда сонда бўлса ҳам сиёсатга қизиқиб туришлари лозим.

Чунки сиёсатга қизиқмасдан, узоқ йиллардан бери унга эътиборсизлик қилиб келганимиз туфайли Ўзбекистонда бугун ана шундай оғир вазият ҳукм сурмоқда.

Агар бизнинг, яьни сиёсатга қизиқадиганларнинг сафлари, қанчалик кўпайиб борса, Ўзбекистондаги бугунги оғир ва қолоқ сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятни яхшилашга имконларимиз ҳам шу қадар кучайиб бораверади.

 

Ҳазратқул Худойберди

2014 йил 27-май                   ---ā Бош саҳифага қайтиш