ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИНИНГ ТАЪҚИБ ВА ТАЙЗИҚ ДОКТРИНАСИГА ҚАРШИ

ФУҚАРОЛАР ОВОЗИ


Биз, ушбу НОРОЗИЛИК МАКТУБИни имзоловчилар Ўзбекистон Президенти, Ҳукумати ва Парламентига шуни маълум қиламизки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукуматининг турли туман идоралари, жумладан Милиция, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Божхона ходимлари ҳар хил асоссиз сабабларга кўра фуқароларни шўбҳа остига олиш, уларнинг устидан доимий назорат ўрнатиш, фуқароларга нисбатан ҳеч бир асоссиз равишда турли туман жиноий ишлар очиш билан мамлакатда Полиция Режимини кучайтирмоқдалар.

Ушбу кунда Мустақиллик байрамини дунёга кўз-кўз қилаётган режим айни пайтда мамлакатда фуқароларга нисбатан ўзининг Таъқиб ва Тайзиқ Доктринасини борган сари кучайтирмоқда.

Кўп ҳолларда бундай асоссиз шубҳа гумонлар остига тушган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари устидан жиноий ишлар қўзғатилиши охир оқибатда уларни турли туман жазолашларга олиб бормоқда.

Бу доктринанинг сўнгги бир неча ой ичидаги қурбонлари Хайрулло Ҳамидов, Дилмурод Сайид, Абдумалик Бобоев, Умида Аҳмедова, Малоҳат Эшонқулова, Саодат Амонова, Шоира Тўхтабоевалар устидан ҳеч бир асоссиз равишда жиноий ишлар қўзғатилган, кейин эса улар турли туман жазоларга тортилган эдилар. Бугун яна Таъқиб ва Тайзиқ Доктринасининг хизматкорлари 23 ёшли журналист Елена Бондарь устидан ҳеч бир асоссиз равишда жиноий иш очмоқдалар, унга нисбатан тайзиқни кучайтирмоқдалар (Бу ишни Тошкент аэропорти божхона хизмати(Акмал Жалилов) олиб бормоқда).

Шу сабабдан биз Ўзбекистоннинг барча ҳокимият органларига мурожаат қиламиз:
Ўзбекистоннинг бегуноҳ фуқаролари ва жамиятнинг илғор вакиллари бўлмиш журналистлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилардан қўлингизни тортинг!

Ўзингизнинг жазо сиёсатингизни бегуноҳ фуқароларга эмас, балки порахўрлик, таъмагирлик ва зўравонликни ўзларининг касбига ва кундалик иш тартибига айлантирган ҳокимият вакилларига - милиция ва МХХ ходимларига, терговчиларга, прокурорларга, судьяларга ва божхона ходимларига қаратинг!



Ҳазратқул Худойберди, Толиб Ёқубов, Тўлқин Қараев, Нодир Ахатов
, Гулбаҳор Тўраева (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти аъзолари), Бахтиёр Мухторов (Андижон-Адолат ва Тикланиш ташкилоти), Шухрат Собиров(Тошкент, Ўзб.), Максим Назиров(Сўх анклави,Ўзб.), Ғафур Йўлдошев,(журналист, Канада)

Илтимос, имзо тўплашга ўз ҳиссангизни қўшинг, ушбу Чақириқни ўз таниш билишларингизга ҳам тарқатинг.
Имзолар тўплаш 1 сентябргача давом этади.Сиз ўз имзоингизни қуйидаги емайлларга жўнатишингиз мумкин: referi4321@gmail.com,    saturnus04@yahoo.se, bahtiyormuhtarov@googlemail.com