Жаслиқ:Ҳатто диний тадбирлар ҳам маҳбус мусулмонларни қийнаш учун ишлатилмоқда

 

Озода Ёқубова: Етти кун очликда рўза тутишга мажбур бўлиш бу фақат Ўзбекистонда бўлиши мумкин

 

Мен август ойининг бошида Жаслиқдаги УЯ 64/71 колониясида қамоқда сақланаётган турмуш ўртоғим Азам Фармонов билан учрашувга бордим. 1 август куни рўза бошланган эди. Асосан диний мотивлар билан қамалганлар учун ташкил қилинган мазкур зонанинг асосий контингенти мусулмонлар эканлиги ҳаммага маълум.

 

Диндорларни етти кун сув ҳам, саҳарлик ҳам, ифторлик ҳам бермай қийнашган. Сув кранларини ҳам қайтариб ташлашган. Шунда ҳам рўзасини тутаверишган, яъни улар 7 кун оч ҳолатда рўза тутишган. Ҳаво иссиқлиги август ойи бошида 60 градусга чиқибди. Шундай иссиқда, куннинг энг иссиқ маҳалида рўзадорларни сайр (прогулка)га олиб чиқишар экан. Ҳар куни бир соат сайр вақтини рўзадорлар учун чўзиб, 1,5 соат қилиб қўйибди. 7 кундан кейин ифторликка рухсат беришибди.

 

Ўтган сафарги (май ойидаги) учрашувдан кейин Азам Фармоновни бизнинг олдимиздан олиб чиқиб кетиб, ўлчами 2 метрга 2 метр бўлган хонага, яъни боксга 3,5 соат қамаб қўйишибди. У ерда ўтириб ҳам, ётиб ҳам бўлмас экан. Тезкор ишлар бўйича ходим Абдуллаев Ҳабиб бошчилигида 5-6 та зона ходимлари Қўнғирот туман жазони ижро этиш жойларида қонунни назорат қилиш прокурорига ҳамма шароит яхши, учрашувга вақтида чиқаяпман, озиқ-овқатлар яхши, менга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ бўлмаяпти деб тушунтириш хати ёзиб берасан деб роса мажбурлашган. Руҳий босим ҳам ўтказиб кўришган. Уриб ўлдирсанглар ҳам ёзмайман деб Азам Фармонов бу ноқонуний талабни рад этибди. 2-3 кун роса уринишибди, лекин ёздира олмабди.

 

Азам Фармонов 2010 йил ноябрь ойида бошлиқ бўлган зонанинг янги бошлиғи Кенжаевга бир неча бор сўҳбатга чақиришини талаб қилиб ариза ёзса ҳам халигача бир марта ҳам сўҳбатга чақирмабди, аризаларини йиртиб ташлашар экан. Азам Фармонов Бу билан менинг мурожаат қилиш ҳуқуқимдан маҳрум қиляпти деди.

 

Умумий соглиғи яхши, бироқ оёклари ва қўлларида ҳали ҳам безлари кетмаган. Озиқ овқат жуда ёмон, оқшоқдан, яъни гурунчнинг майдасидан овқат қилиб берар экан. Камерада чой ичиш таъқиқланган, фақат уч кружка қайнаган сув ичишга рухсат берилган.

 

Олдинги май учрашувимизда мен август ойида кела олмайман деганим учун зонанинг тезкор ходимлари кириб Азам Фармоновга: августда учрашув йўқ, августда оиланг келмас экан деб устидан кулиб, мазах килишаётган экан.

 

Айни пайтда Азам Фармонов таниқли маҳбуслар, яъни ўз вақтида Ўзбекистонда биринчи хусусий банк Рустамбанкни таъсис қилган Рустам Усмонов, Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Аъзамхон Баҳромов кабилар билан битта камерада қамоқ муддатини ўтамоқда.

 

Зонадан Юсуф Жума чиқиб кетгандан бери зона ходимлари жудаям қўрқиб қолишган дейишади. Фармонов ҳам энди чиқиб кетади, ҳамма ёқни билиб юрибди деб ҳаммаси эхтиёткорлик билан гаплашишармиш. Ҳозирча ички тартибни бузиш айбини қўйишмабди.

 

Сиёсий маҳбусларнинг оиласига уч суткалик учрашув берилмаяпти экан. Хусусан менга ҳам икки суткалик учрашув беришди. Уч суткалик учрашувни фақат уголовниклар деган маҳбуслар, яъни одам ўлдириш, ўғирлик қилиш ва ҳоказо моддалар билан қамалганларнинг оиласига берилаяпти экан. Ҳалиям оилалар антисанитария ҳолатда бўлган меҳмонхонада 4-5 кунлаб навбат кутишаяпти. Бундан ҳам кўп вақт навбат кутишган одамлар бор. Мен ҳам зонага кириш навбатини беш кун кутдим.

 

Байрам арафаси бўлгани учун росаям қаттиқ текшириш бўлаяпти. Зонага боришда постда ҳам битталаб нарсаларни чиқариб ҳамма ёқни текширишаяпти. Эрталаб соат 8да зонага олиб кетишса, учрашувга соат 12 ларда кириб боришаяпти, маҳкумларни эса соат 13-00 ларда олиб келишаяпти.

 

2011 йил 20-август

Ўзбекистон