ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ХАЛҚАРО ЖАМИЯТИ

(қисқача ЎзИҲХЖ ёки Жамият)

НИЗОМИ

 

АСОСИЙ ҲОЛАТЛАР

1-модда. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти ҳақида

1.1. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Франция Республикасининг 1901 йил 1 июлда қабул қилинган қонуни ва Франция Республикасининг 1901 йил 16 августда қабул қилинган декрети ҳамда мазкур Низомга асосан тузилган ва фаолият олиб боради.

 

1.2. ЎИҲЖнинг 2-Конгресси/Қурултойи (2011 йил 15 июль, Angers шаҳри, Франция)да ташкилот номи Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти деб ўзгартирилган.

 

1.3. Жамият, ўз иродаларини эркин ифода этган ва эркин ташаббус кўрсатган фуқароларнинг умумий бир ғоя, яъни инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси атрофида бирлашиши натижасида, Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (БМТ, Нью-Йорк, 1948й. 10 декабрь)да эътироф этилган ва эълон қилинган ҳуқуқларни БМТга аъзо бўлган барча давлатларда ва хусусан Ўзбекистонда амалда бўлиши учун курашиш, уларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун тузилган.

 

2-модда. ЎИҲХЖнинг юридик адреси

 

2.1. ЎИҲХЖнинг бош қароргоҳи Maine et Loire департаменти (Франция Республикаси) инсон ҳуқуқлари жамияти Секцияси штаб-квартирасида, 22, rue du Maine, 49000, Angers (Франция Республикаси) манзилида жойлашган.

 

2.2. Жамиятнинг юридик адреси ЎИҲХЖ Конгресси (Қурултойи) қарори билан ўзгартирилиши мумкин.

 

3-модда. ЎИҲХЖ фаолият кўрсатадиган ҳудуд

 

3.1. ЎИҲХЖ ўз фаолиятини Францияда, Ўзбекистонда ва бошқа давлатлар ҳудудида ҳам, айни давлатлар қонунчилиги асосида мазкур давлатларда ўзининг филиал ёки ваколатхоналарини очган ҳолда олиб боради.

 

4-модда. Жамият фаолияти муддати

ЎИҲХЖ фаолияти муддати чекланмаган ва у фақат Жамият аъзоларининг қарорига биноан чекланиши мумкин.

 

5-модда. Жамиятнинг мақсад ва вазифалари

5.1. Жамият Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни ривожлантириш, фуқаровий, очиқ ва ҳуқуқий жамият қуришга кўмаклашишни ўзининг бош мақсади деб ҳисоблайди.

 

5.2. Жамиятнинг асосий вазифаси инсонларнинг ким эканлиги ва қаерда яшашидан қатьий назар уларнинг барча ҳақ ва ҳуқуқлари улар яшаб турган давлатдаги қонунларда ва халқаро шартномаларда, Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари Баённомасида белгиланганидек таъминланишини назорат ва талаб қилиш, инсонларнинг ўз ёки ўзга давлатларда яшаш, бошпана олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; ҳар бир инсон яшаб турган давлатда уларнинг фуқаровий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари халқаро ва регионал конвенция ва пактларга асосан ҳурмат қилинишини кузатиш ва уларни таъминланиши назорат қилиш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъмин этилиши ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш, адолатсизлик, ноқонуний ҳибсга олишлар ва асоссиз, адвокат ёрдами берилмасдан инсонларни айблаш ва инсон қадр-қийматини турли йўллар билан таҳқирлашга қарши кураш устида ишлашдан иборатдир.

 

5.3. Юқорида келтирилган принциплар, шахс ёки омманинг фуқаровий ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги ҳақида тушган маълумот асосида ЎИҲХЖ бу масалалар билан шуғулланади.

 

5.4. Бу мақсадларга эришиш учун Жамият қуйидаги усуллардан фойдаланади: Ўзбекистонда (жамиятда, ишхоналарда, уй-оилада, ўқув юртларида) инсон ҳуқуқлари, шу жумладан болалар ва аёллар ҳуқуқлари таъминланиши ҳақидаги маълумотларни тўплаш, уларни таҳлил қилиш, тарқатиш, ҳуқуқлари поймон қилинган фуқароларга ҳуқуқий ва юридик ёрдамлар беришни ташкиллаштириш.

 

5.5. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ЎИҲХЖ газета, журнал, бюллетень, китоб, интернет ва бошқа оммаввий ахборот воситаларида ўз фаолияти ҳақидаги доимий (кундалик, ҳафталик ёки ойлик) ахборотлар билан бирга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига таалуқли маълумотларни даврий равишда нашр этишни режалаштиради.

 

5.6. ЎИҲХЖ инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлашни мақсад қилган ҳолда халқаро ва республика миқёсида конференция, семинар, турли мажлислар, бошқа тадбирларни ташкил қилади, ўтказади ва уларда фаол иштирок этади.

 

6-модда. ЎИҲХЖда аъзолик

 

6.1. Миллати, ирқи, жинси, диний ва сиёсий эътиқодидан қатъий назар 18 ёшга етган ва мазкур Низомда келтирилган моддаларни тан олган ҳар қандай инсон (Франция Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, бошқа давлатлар фуқароси ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс) ЎИҲХЖга аъзо бўлиши мумкин.

 

6.2. ЎИҲХЖнинг ҳар бир аъзоси Жамиятнинг 1-Конгресси (6 май 2009 й., Angers ш., Франция)да тасдиқланган миқдорда:

- Францияда ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, АҚШ, Канада, Швейцария каби демократик давлатларда йилига 10 (ўн) евро;

- Собиқ совет республикалари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва ҳоказо)да йилига 5 (беш) евро;

- Ўзбекистонда йилига 1 (бир) евро аъзолик баъдали тўлаши лозим.

Баъдал миқдори давр ва замонга қараб Қурултой қарорига биноан ўзгартирилиши мумкин.

 

6.3. Аъзолик шарти: асосий меъзон - Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида эълон қилинган инсонпарварлик ғояси ва умуминсоний қадриятларга содиқлик ва ушбу Низомга риоя қилиш.

 

6.4. Истеъфо ёки аъзоликдан чиқиш: ҳар бир аъзо ўз ихтиёри билан истаган вақтда ЎИҲХЖдаги вазифасидан истеъфо бериши ва Жамиятга аъзоликдан чиқиши мумкин: бунинг учун у Жамиятнинг тегишли органига ариза топшириши етарлидир.

 

6.5. Аъзоликдан чиқариш: Жамият Низомини қўпол равишда бузган, зўравонлик акти, зўравонликка чақириқ, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти даврида қонунни бузиш, Жамият Низоми ва ички қоидаларини бузиш, умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик, Жамият ичида низолар чиқаришга уриниш, кўпчилик овоз билан қабул қилинган ёки раҳбарият қабул қилган қарорларни менсимаслик, уларга риоя қилмаслик, Жамият аъзолари ва ўзгаларга нисбатан қўпол кўринишларда ҳурматсизлик кўрсатиш ҳамда суд томонидан исботланган турли туман жиноий ҳаракатларда иштирок этган ҳар қандай аъзо ЎИҲХЖдан чиқарилиши мумкин. ЎИҲХЖнинг ташкилотдан чиқарилган ҳар қандай аъзоси қуйи ташкилот қарори устидан юқори ташкилотга арз/шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

6.6. Жамият Низоми, унинг ички қоидалари ва Низомнинг 6.5. бандида кўрсатилган хатоларга йўл қўйганлар аъзоликдан эгаллаб турган вазифаларига қараб улар фаолитяига масъул бўлган бошлиқ (бирламчи, бўлим ва марказий раҳбарлар)томонидан чиқариладилар(яъни оддий аъзолар маҳаллий,бирламчи ташкилот раҳбари томонидан, бирламчи ташкилот раҳбари туман раҳбари томонидан, туман раҳбари вилоят раҳбари томонидан ва вилоят раҳбари мамлакатдаги Бўлим раҳбари, яъни Вице президент томонидан аъзоликдан чиқариладилар). Вице президентларни ҳамда маҳаллий ва бўлим ташкилотлари ҳали тузилмаган давлатлардаги аъзоларни Жамият Президенти ўз қарори билан Жамиятга аъзоликдан чиқариши мумкин.

7-модда. Ташкилот тузилиши/структураси

 

7.1. ЎИҲХЖ бошланғич гуруҳлар, регионал бўлимлар (филиаллар ёки ваколатхоналар) ва қуйидаги марказий раҳбарлик органларидан иборатдир: Конгресс/Қурултой, Бошқарув/Маъмурий Кенгаш (Президент, 3та вице-президентлар ва Жамиятнинг Марказдаги ва жойлардаги котиблари, қисқача Котибият), Котибият [Маъмурий ишларни олиб борувчи котиблар (4та марказий фаолият бўйича: 1) халқаро қонунлар ва шартномалар бўйича, 2) Ўзбекистон қонунлари бўйича, 3) иқтисод масалари бўйича (шу жумладан fundraiser, яъни маблағ тўплаш функциялари ҳам), 4) аъзолар ва бошқа ташкилотлар билан алоқалар бўйича ҳамда барча мамлакатлардаги бўлимларнинг котиблари)] ва Тафтиш Комиссияси.

 

7.2. ЎИҲХЖнинг олий органи, одатда 2 йилда бир марта чақирилувчи Конгресс/Қурултойдир. Навбатдан ташқари Конгресс ЎИҲХЖ аъзоларининг камида ярмининг талаби билан чақирилиши мумкин. Конгрессга делегатлар регионал бўлимлар томонидан, регионал ташкилотлар аъзолари сонига пропорционал ҳолда Котибият (ёки навбатдан ташқари Конгрессни чақириш Ташаббус Гуруҳи) белгилаган квота бўйича йўлланади.

7.2.1. Навбатдан ташқари Конгрессни чақириш Ташаббус Гуруҳи ваколатли деб ҳисобланиши учун Жамиятнинг Ўзбекистон бўлими ва яна 3 давлатдаги бўлимлари аъзоларининг кўпчилик қисмини овозлари тўпланган бўлиши ва у Тафтиш Комиссияси томонидан текширилиб, тасдиқланиши лозим

 

7.3. Конгресс делегатлари ЎИҲХЖ регионал бўлимларининг Конгресс олдидан ўтказиладиган конференциялари иштирокчилари орасидан сайланади.

 

7.4 Конгресс ЎИҲХЖ Президенти, вице-президентлари ва Тафтиш Комиссияси аъзоларини сайлайди. Президент Жамиятнинг Бош қароргоҳида ишлайдиган Котибият аъзоларини, вице президентлар эса жойларда ўз котибларини тайинлайдилар. Вице-президентлик лавозимлари Ўзбекистон, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва демократик давлатлар бўйича ташкил қилинади.

 

7.5. Бир шахс ЎИҲХЖ Президенти қилиб тўрт мартадан кўп бўлмаган муддатга сайланиши мумкин. ЎИҲХЖ Президенти вице-президентларни Қурултой оралиғида ишдан бўшатиши ва уларнинг ўрнига Қурултойгача янги шахсларни вақтинча тайинлаши мумкин.

 

7.6. Конгресс ваколати:

- Президент, вице-президентлар ва Тафтиш Комиссиясининг ҳисоботларини эшитиш;

- ЎИҲХЖ фаолиятини мувофиқлаштириш ва режалаштириш масалаларини ўрганиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;

- ЎИҲХЖ Уставига тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилиш (Жамият фаолият юритаётган бирор давлатда қонун ўзгаришлари ҳолларида Котибият ўша қонунга мувофиқлаштириш лозим бўлган қарорлар мажмуасини тузади ва улар бўлажак Конгрессда тасдиқланади).

 

7.7. Конгресс қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

 

7.8. Кворум таъминланган ҳолда ўтказилган Конгрессда қатнашаётган делегатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорларни бажариш ЎИҲХЖнинг барча аъзолари учун мажбурий ҳисобланади.

 

7.9. Президент ваколатлари:

- ЎИҲХЖ номидан фақат Президент гапиради ва ҳужжатлар (хусусан, баёнотлар, мурожаатлар, Жамият ҳисоботлари)ни имзолайди, ҳукуматлар билан мулоқот олиб боради; Президент бирор жиддий сабаб (оғир касаллик, фалокат, фаолият юритишнинг сунъий равишда бирор ташқи кучлар томонидан чекланиши ва Тафтиш комиссияси текшириб ўринли деб топилган бошқа сабабларга) кўра ўз фаолиятини давом эттира олмаганда ЎИҲХЖга раҳбарликни то фавқулодда Қурултой чақирилгунча, вақтинча вице-президентлардан бири олиб боради;

- Президент ўз фаолиятини вице-президентлар билан яқин алоқада олиб боради;

- у долзарб масалаларни ҳал қилади ва Конгресс қарорларини ҳаётга тадбиқ этади;

- у вице-президентлар ва Раҳбарлар Кенгаши мажлислари ҳамда Конгрессга тайёргарлик ишларини ташкиллаштиради;

- у ЎИҲХЖ раҳбар органлари қабул қилган қарорларнинг бажарилишини назорат қилади.

 

7.10. Вице-президентнинг ваколатлари:

- доимий ижроия органи сифатида Конгресслар орасидаги вақт ичида ўзи жавобгар бўлган ҳудудда Жамиятнинг маъмурий фаолиятига раҳбарлик қилади;

- у ЎИҲХЖ лойиҳалари ва дастурлари орасидан энг асосий йўналишларни белгилайди;

- ЎИҲХЖ жорий фаолиятига таалуқли масалаларни ҳал қилади:

(i) Тафтиш Комиссиясига тегишли ҳолатларни аниқлаш ва тасдиқлаш;

(ii) Конгрессни тайёрлаш.

 

7.11. Президентдан мустасно, вице-президентлар ЎИҲХЖ фаолиятининг бир ёки бир неча йўналишига масъулдир.

 

7.12. Қурултой кўпчилик овози билан Президент қарорига вето қўйиши мумкин.

 

7.13. Раҳбарлар Кенгаши ваколатлари:

- Президент, вице-президентлар ва ЎИҲХЖ регионал бўлимлари раҳбарларидан ташкил топган Раҳбарлар Кенгаши Жамият фаолиятининг барча соҳалари устидан назорат органидир;

- ЎИҲХЖ Президенти бошчилигида у уч ойда камида бир марта ўзининг мажлисига тўпланади;

- у Жамият бўлимлари фаолиятининг барча докладлари ва лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга;

- у Жамият бўлимлари фаолияти ЎИҲХЖ Низоми ва Конгресс қарорларига мослигини назорат қилади;

- у Жамият фаолиятига оид тавсиялар ишлаб чиқади, Президент қарорларига вето қўйиши мумкин.

 

7.14. Конгрессдан мустасно, ЎИҲХЖ органлари ўз мажлисларида аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса қарор қабул қилишлари мумкин. Қарор мажлис қатнашувчиларининг кўпчилиги унга овоз берса қабул қилиниши мумкин.

 

7.15. ЎИҲХЖ Тафтиш Комиссияси Жамият органларининг маъмурий ва молиявий фаолиятини текширади. Текшириш натижалари ҳақида Тафтиш Комиссияси раиси Конгрессда маъруза қилади. Тафтиш Комиссиясининг раиси Конгресс томонидан навбатдаги Конгрессгача бўлган муддатга сайланади.

 

8-модда. Ташкилотни молиялаш

 

8.1. Жамиятнинг ресурслари унинг мустақиллиги сақланган ҳолда қонун рухсат берган барча манбъалар, хусусан:

- Жамият аъзоларининг аъзолик баъдаллари;

- Жамият фаолияти (нашрлар, конференциялар, семинарлар, тадбирлар) дан тушадиган фойдалар;

- совға ёки мерос сифатида олинган ресурслар;

- ижтимоий жамғармалар ажратган субсидиялар;

- Жамият мулкини гаровга қўйишдан тушадиган фоизлар ва фойдалар;

- муайян проектларни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан беғараз берилган мулк ва маблағлар;

- фуқаролар, ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар (шу жумладан четэл)нинг ихтиёрий хайриялари;

- қонунлар ҳамда жорий бошқарувчи актлар билан ман этилмаган бошқа манбаалардан ташкил топади.

 

8.2. ЎИҲХЖ пули, маблағи ва мулки билан боғлиқ ҳужжатларни Президент ёки у ваколат берган шахслар имзолаши мумкин;

 

8.3. Ташкилот мулки ва активларини бошқариш устидан Тафтиш комиссияси назорат олиб боради

8.4. Жамиятнинг Шовриқ Рўзимуродов номидаги махсус мукофоти таъсис этиш ҳақида:

Бу мукофот Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳақлари учун астойдил кураш олиб борган инсон ҳуқуқлари курашчиларига бериб борилсин.

8.5. Мамлакатда демократия ва инсон ҳуқуқлари учун астойдил кураш олиб боргани сабабли қатағон/репрессияга учраганларга ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш учун махсус Ёрдам Жамғармаси ташкил қилинсин ва у ташкил қилингач Раҳбарлар Кенгаши қарорига биноан унинг молиявий ёрдамлари қатағонга учраган курашчилар ёки уларнинг оила аъзоларига бериб борилсин.

 

 

9-модда. ЎИҲХЖнинг юридик мақоми

 

9.1. ЎИҲХЖ расмий рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб юридик ташкилот мақомига эришади.

 

9.2. Унинг регионал бўлимлари ҳам юридик ташкилот мақомига эгадир.

 

10-модда. ЎИҲХЖ фаолиятини тўхтатиб қўйиш, қайта ташкиллантириш ёки тугатиш

 

10.1. Қатнашган делегатларнинг 2/3 қисми овоз берганда Конгресс қарори билан ЎИҲХЖнинг фаолияти тўхтатиб қўйилиши, тугатилиши ёки қайта ташкиллантирилиши мумкин.

 

10.2. Ташкилот тугатилган ҳолда унинг мулки, маблағи ва пулларидан қонунда кўрсатилган тартибда фойдаланилади.

 

10.3. ЎИҲХЖнинг фаолияти суд томонидан ҳам тўхтатиб қўйилиши ёки тугатилиши мумкин.

 

 

 

11-модда. Жамиятнинг Ички Регламентацияси

 

Жамиятнинг Конгресс томонидан тасдиқланган Ички Регламентацияси мазкур Уставда қайд қилинмаган ташкилий муаммолари, процедуралари, фаолияти ва бошқа жабҳаларига тегишли жиҳатларини аниқлайди.

 

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг 2нчи Қурултойида тасдиқланди.

 

2011-07-15, Angers шаҳри, Франция