Халқ ҳаракатлари ва ҳукуматлар ўртасидаги курашлар ва уларга муносабатлар ҳақида

 

 

Ушбу кунларда Ватанда ҳам, юрт ташқарисида ҳам бир қизиқ вазият юзага келди: Гуёки ҳамма Марсга учириладиган бир кемага Старт! деган буйруқ берилишини кутиб тургандай. Янги Ҳаракатни тузилгани Каримов режимини саросимага солиб қўйди аммо айни пайтда у минглаб ватандошларимизнинг қалбларида умид учқунларини ҳам ёқа бошлади.

 

Режим минг чирангани билан фуқароларнинг кўз ва қулоқларини ёпа олмади. Ҳар кун бу дунёда бўлаётган улкан ўзгаришларни борган сари кўпроқ инсонлар эшита ва кўра бошладилар. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, Араб дунёсидаги буюк ва оламшумул халқ инқилоблари 20, 30 ва 40 йиллаб ўз тахти равонларига зулукдек ёпишиб олган золим диктаторларни бирин кетин ағдара бошладилар.

 

Муборак(Миср) ағдарилди. Бен Али(Тунис) ағдарилди. Абдулла Солиҳ(Яман) ағдарилди. Жоҳил Қаддофийнинг (Ливия) ҳам куни тугаб қолди. Жаҳолатга бўғзигача ботган Башар Асад(Сурия) қўрқувдан титраб, халқ инқилобига қарши оғир қуроллар ва армияни ташламоқда. Аммо бу кетишда у ўз жиноятларини янада чуқурлаштиради ҳолос. Қайси халқ бу дунёда унга қарши учоқлар ва танкларни ташлаган иблис раҳбарга тоқат қила олади. Ҳеч бир халқ!

 

Ана шу жоҳиллардан салгина бўлсин фарқи қолмаган Ислом Каримов ҳам шу кунларда жазавага тушиб қолди. Уни жазавага солаётган нарса - бу Ўзбекистон халқининг янгидан қўзғолиши бўлди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қанотлари остида борган сари, кун сайин кучайиб бораётган фаолият, инсонларнинг Янгилик, Озодлик, Ҳуррият, Адолат каби қадриятларни қайтадан тикланишига бўлган орзу умидлари тўсатдан амалга оширса бўладиган кўринишларни ола бошлади.

 

Араб дунёсидаги шундай қудратли бўлган диктаторларнинг бирин кетин ағдарилиши шуни исбот қилдики, УШБУ ЗАМОНДА ХАЛҚНИ ТИНИМСИЗ БОСИМ ВА ҚЎРҚУВ ОСТИДА УЗОҚ МУДДАТ УШЛАБ ТУРИШ ВА АНА ШУНДАЙ УСУЛЛАР БИЛАН МАМЛАКАТНИ БОШҚАРИБ БЎЛМАС ЭКАН!!!

Ҳар қандай халқ, агар у истаса, ҳар қандай ҳукуматни, у нақадар қудратли бўлмасин, ағдариб ташлашга қодир экан!

Шу сабаб бугун Каримовни пайтавасига қурт тушиб қолди. У гоҳ Россия, гоҳ Европа, гоҳ АҚШ пинжига суқилишга, улардан тасалли берувчи сўзларни эшитишга ўлгудек муштоқлигини яширолмай қолди.

 

Бугун у Шанхай гуруҳидан мадад кутмоқда, ўлиб тирилиб уларни ўзининг хавфсизлик режаларини қабул қилишга чақирмоқда. Бу жоҳил одам билмайдики, у ўзини қўрқоқлиги билан ҳаммага кулги бўлмоқда. Аммо у минг чиранмасин энди уни ҳеч нарса қутқариб қола олмайди: На Европа, на АҚШ, на Россия.

 

Бир пайтлар Мисрнинг жоҳил диктатори ҳам ана шу давлатларга қаттиқ ишонган эди. Аммо бу давлатларнинг раҳбаарлари жоҳил диктаторларга ўхшаб ахмоқ эмас. Улар ўзга давлатлар ҳукуматларини ўз манфаатлари йўлида вақтинча қўллаб қўвватлаб туришлари мумкин. Аммо улар ҳеч қачон ўзларининг турли туман мақсадлари йўлида бутун бошли бир халққа қарши бормайдилар. Борган тақдирларида эса Жорж Бушга ўхшаб башараларига ботинка аралаш тарсаки еб, кейин думларини қисиб қочишга мажбур бўладилар.

 

Шу сабаб Каримов, Иноятов ва Мирзиёевлар режими бугун Россияга ҳам, Европага ҳам, Хитойгаю АҚШга ҳам ишонмай қўя қолсинлар, агар уларда салгина бўлсада сиёсий онг бўлса. Бунинг ўрнига улар ҳокимиятдан тинчгина кетиш йўллари ҳақида уйлаб кўрсинлар.

 

Бу режим вакилларининг сиёсий онглари эски шкафда 22 йилдан бери нафталин сепиб осиб қўйилган эски пальтодек қотиб ва бўрқсаб кетгани аниқ, шу сабаб уларни эски шкафдан олиб чиқиб янги замоннинг соф ва тоза шабадаларидан нафас олдирмагунча уларнинг онгида ўзгариш ясаш амри маҳол бир нарса.

 

Режим вакилларининг аҳволику аниқ, хўш, бошқаларнинг аҳволи қанақа?

Бугун Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига 4 хил муносабат мавжуд:

1.   Ҳаракат сафларига дадил кириб уни янада кучайтиришга ҳисса қўшиш

2.   Ҳаракат фаолиятига қарши турли туман йўллар билан халақит бериш, унга қарши тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатиш

3.   Ҳаракатнинг жоҳил ва золим тузум билан бўладиган оғир курашларини фақат томошабин сифатида кузатиб ўтириш

4.   Ҳаракатнинг фаолиятини умуман қўллаш аммо курашнинг оғирлигини тушунган ҳолда, иссиқ жонни ва яна алламбалоларни уйлаб бу курашга қўшилмаслик

Ҳар бир даврда, ҳар бир инсон ҳаётида, турли муаммолар намоён бўлаверади ва у бизларни ТАНЛОВ қилишга мажбурлайверади. Ана ўшанда ҳар бир инсон қандайдир бир йўлни, ечимни танлашга мажбурдир. Бизнинг бугунимиз ва эртамиз, ҳаётимизнинг мазмуни, бахту саодатимиз ҳар куни қабул қилаётган ана шу ечимларимизга чамбарчас боғлиқдир.

 

Шу сабаб ҳар биримиздан бир оддий нарсага эътибор бериш ҳам фарз ҳам қарздир. У нарсанинг оти

-     ҲАР ҚАНДАЙ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШДАН ОЛДИН БИР ДАҚИҚА БЎЛСАДА ФИКРЛАШ. АГАР БИЗ ЎЗИМИЗ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШГА, ЕЧИМ ТАНЛАШГА ҚИЙНАЛСАК У ҲОЛДА ОТА ОНАЛАР, ДЎСТУ БИРОДАРЛАР, АКА УКАЛАР БИЛАН МАСЛАҲАТ ҚИЛГАН ҲОЛДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛГАНИМИЗ МАЪҚУЛ. ЧУНКИ БИЗНИНГ ҲАР БИР ҚАРОРИМИЗ ТЎҒРИДАН ТЎҒРИ БИЗНИНГ БУГУНГИ ВА ЭРТАНГИ ҲАЁТИМИЗГА ТАЪСИР ҚИЛИБ БОРАВЕРАДИ...

 

2011 йил 16-июн

Ҳазратқул Худойберди