ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИНИНГ 2НЧИ ҚУРУЛТОЙИ

 

П Р О Т О К О Л

 

 

Қурултой/Конгресс Кун тартиби лойиҳаси:

 

1. Қурултойнинг очилиши.

Мажлисни олиб бориш учун 2 кишидан иборат Ишчи Ҳайъати сайлаш

 

2. ЎИҲЖнинг ўтган 2 йиллик даврдаги фаолияти ҳақида ҳисоботни тинглаш 

 

3. ЎИҲЖ Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

 3.1. Вице-президентлар сонини 3 тага ўзгартириш:  1- Ўзбекистон бўйича;  2 – МДҲ давлатлари бўйича, 3- демократик давлатлар бўйича; 

 3.2.  Жамият номини "Абдуманноб Пўлатов номидаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти" деб ўзгартириш;

 3.3.  Жамият Котибиятини сайлаш.

 

ТАНАФФУС

 

4. Ташкилий масалалар:

4.1. ЎИҲЖ президенти сайлови;

4.2. ЎИҲЖ вице-президентлари сайлови;

4.3. ЎИҲЖнинг доимо ишлайдиган Котибиятини/Секретариатини сайлаш;

4.4. Толиб Ёқубовнинг истеъфоси.

 

 

ТУШЛИК

 

5. Жамиятнинг Шавриқ Рўзимуродов номли мукофот фондини ташкил қилиш

 

 6. Жамиятнинг «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати»га расмий муносабати

 

ТАНАФФУС

 

7.  Бошқа масалалар

 

8. Қурултойнинг ёпилиши

 

ҚУРУЛТОЙ

1.  Қурултойнинг очилиши.

Қурултойни очилиши аввало кворум масаласини ҳал қилиш билан бошланди.

Мажлисни олиб бориш учун 2 кишидан иборат Ишчи Ҳайъати сайланди: Толиб Ёқубов раис, Гулшан Қараева котиба.

Қурултой турли сабабларга кўра айрим иштирокчилар (Гулшан Қараева ва Ҳазратқул Худойберди)нинг узоқ масофадан 2 соат кечикиб келиши оқибатида) белгиланган вақтдан 2 соат кечикиб очилди.

 

Қурултойнинг очилиши аввало кворум масаласини ҳал қилиш билан бошланди.

 

Т.Ёқубов кириш сўзи билан Қурултойни очиқ деб эълон қилди ва қатнашчиларни кун тартиби ҳамда кворумга тегишли айрим масалалар билан таништирди. Жумладан, Қурултойга Жамиятнинг аъзоси бўлган Франция фуқаролари Жак Ассерой, Лариса Мычкина, Даниэл Матерон ва Кристин Лассаль турли сабабларга кўра бугун Қурултойга қатнаша олмасликлари, аммо улар ўзларининг Қурултойда кўпчилик овозда қабул қилинган барча қарорларга қўшилишларини маълум қилганликларини айтди (Кристин Лассаль эрталаб Қурултойга келди, бироз ўтиргач, оилавий сабабларга кўра узр айтиб кетишга мажбур бўлди).

 

Қурултойга таклиф қилинганлар:

1. Абдужалил Бойматов

2. Абдуҳамид Пўлатов

3. Баҳодир Намозов

4. Башорат Ешова

5. Гулбаҳор Тўраева

6. Гулшан Қараева

7. Даниэл Матерон

8. Жак Ассерой

9. Зафар Мавлонов

10. Зебо Ёқубова

11. Кристин Лассаль

12. Каримжон Бозорбоев

13. Лариса Мычкина

14. Лутфулла Шамсутдинов

15. Собир Тўлаганов

16. Мамир Азимов

17. Насрулло Саидов

18. Нодир Ахатов

19. Носир Зокиров

20. Олим Ёқубов

21. Салима Қодирова

22. Саида Қурбонова

23. Сайфутдин Пазлетдинов

24. Толиб Ёқубов

25. Тўлқин Қараев

26. Турсунбой Ўтамуродов

27. Ҳазратқул Худойберди

28. Ҳайитбой Қўзиев

 

Қурултой ишига жонли қатнашганлар:

1.Абдуҳамид Пўлатов

2.Гулшан Қараева

3.Зебо Ёқубова

4.Кристин Лассаль(уйда невараси ёлғиз қолгани туфайли ўз овозини кўпчилик маъқуллаган қарорларга қўшишга ваколат бериб кетди).

5.Олим Ёқубов

6.Толиб Ёқубов

7.Ҳазратқул Худойберди

 

 

 

Қурултойга турли сабабларга кўра кела олмаган ва ўз ваколатларини кўпчилик овоз олган қарорларга топширган аъзолар:

1.Даниэл Матерон

2.Жак Ассерой

3.Лариса Мычкина

 

Қурултой ишига телефон орқали қатнашганлар:

1.Абдужалил Бойматов

2.Баҳодир Намозов

3.Зафар Мавлонов

4.Насрулло Саидов

5.Тўлқин Қараев

6.Турсунбой Ўтамуродов

7.Ҳайитбой Қўзиев

 

Қурултой ишида кузатувчилар сифатида Ўзбекистон Ҳалқ Ҳаракатининг вакиллари Шамсуддин Атаматов (ЎХҲ Муассислар Мажлисидан), Абдусалом Каримов (“Андижон: Адолат ва Тикланиш” ташкилотидан) ва мустақил сиёсий кузатувчи Камолиддин Раббимовлар қатнашдилар.

 

 

Кворум масаласи

Қурултой ишига турлича кўринишда қатнашганлар ва қабул қилинган қарорларга муносабат билдиришга имкони бўлганлар сони 17та.

Таклиф қилинганлар сони 28та. 

 

Қурултой ишига турлича кўринишда қатнашаётганлар сони унга таклиф қилинганлар сонининг яримидан кўпини ташкил қилгани учун қатнашчилар Қурултой ўтказиш учун кворум таъминланган деб ҳисобладилар ва мажлис давом эттирилди.

 

Даставвал Толиб Ёқубов турли (иқтисодий, географик ва турли сиёсий сабаблар, яъни виза ололмаслик) сабабларга кўра Қурултойга кела олмаган Жамият аъзолари Skype орқали Қурултойда қатнашиш истагини билдирганликлари ҳақида қисқача маълумот берди ва уларнинг руйхати билан қатнашчиларни таништирди.  

 

Қурутойга кела олмаганларни Skype орқали Қурултойга боғлашга бир неча бор уриниш қилинди, аммо компьютер ва интернетга масъул бўлган мутахассиснинг ҳатти ҳаракатлари Skype алоқани узуқ-юлуқ боғлашдан бошқа бирор тузукроқ натижага олиб келмади. Айрим одамлар жуда қисқа муддатларга боғлана олдилар, аммо кўпчилик боғлана олмади. Мутахассиснинг фикрича бу интернет операторининг ва интернет тармоғидаги турли техник камчиликлар туфайли шундай бўлган ва қандайдир ўзгача сабаблар (масалан, хакер атака ва ҳоказолар) бу ерда бўлмаган.

 

 

Қурултой қатнашчиларининг аксарият кўпчилиги Скайп ва умуман замонавий техник воситалар билан конференциялар ташкил қилиш тажрибалари ва бу масаланинг нозик томонлари ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.

 

Сўнгра кўпчиликнинг талаби билан ҳар қандай жиддий йиғилишлар ва айниқса 2 йилда бир марта ўтказиладиган Қурултой каби катта форумлар асосан жонли кўринишда олиб борилиши лозимлиги, фақат касаллик ёки бошқа бир ўта жиддий сабабларга кўра Қурултойга кела олмасликни кечириш ва ундай аъзолар билан телефон ёки Skype орқали боғланиб, уларнинг турли қарорларнинг лойиҳалари бўйича фикрларини инобатга олган ҳолда Қурултой ўтказилиши керак деган хулосага келишилди. Шундан сўнг Қурултой иши давом эттирилди.

 

2. ЎИҲЖнинг ўтган 2 йиллик даврдаги фаолияти ҳақида ҳисоботни тинглаш.

Бу масала буйича Жамиятнинг собиқ президенти Абдужалил Бойматовга телефон орқали боғланилди.

У аввал Скупе орқали бошқалар билан маслаҳатлашиб кейин жавоб беришини айтди.

Шу сабабли уни телефон қилишини кутиб Қурултой қатнашчилари кун тартибидаги бошқа масалалар ҳақида сўҳбатлашиб туришди. Орадан ярим соатдан кўпроқ вақт ўтгач ҳам А.Бойматовдан хабар бўлмагач, Қурултой унга телефон орқали боғланди. А.Бойматовга “Сизнинг Жамиятнинг ўтган Қурултойдан бугунги кунгача бўлган давр ичидаги ишлари бўйича Ҳисоботингизни бу ерда 8 киши кутиб ўтирибди. Марҳамат Ҳисобот учун сўз сизга” дейилди.

А.Бойматов: “Мен ҳисобот бермайман. Мен бу Қурултойни ноқонуний деб ҳисоблайман” деди ва телефонини ўчирди.

 

Жамиятнинг собиқ президенти Абдужалил Бойматовнинг Қурултой қатнашчиларига нисбатан бундай ҳурматсизлик қилиши кўпчиликни ажаблантирди.  Шундан сўнг Қурултой қатнашчилари А.Бойматов ўзининг бундай ҳатти  ҳаракатлари билан Жамиятнинг бир неча моддаларини қўпол равишда бузаганлигини қайд этди. Жумладан А.Бойматов Жамиятнинг 1-нчи Қурултойи унга топширган вазифалардан энг муҳимлари бўлган 2-нчи Қурултойни ташкиллаштириш, унга Ҳисобот бериш ҳамда Жамият ичида гуруҳбозлик яратишга интилиб келаётгани, ўзига топширилган масъулиятли ишларни бажаришдан воз кечиб, Жамият Низомининг бир неча моддаларини қўпол равишда, ошкора бузганлигини қайд этилди. Ана шу сабаблар боис Толиб Ёқубов ўз хулосасида Абдужалил Бойматовни Жамият аъзолигидан чиқариш ҳақидаги таклифини кейинроқ алоҳида кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида гапирди.

 

 

3.ЎИҲЖ Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

Бу масалалар бўйича аввалига Толиб Ёқубов сўзлади ва у 3та вице президент лавозими таьсис этиш ҳақида гапирди. Кейин сўз олган Ҳазратқул Худойберди 2 вице президентлик етарли бўлиши, агар келажакда Жамиятнинг фаолияти кенгайса ва унинг имкониятлари етарли бўлса 3та вице президентлик киритилиши ҳақида сўзлади. Ундан ташқари у бугун Қурултой Жамиятнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ўз муносабатини махсус бир қарор билан билдириши кераклигини, Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши умумий курашда Жамият ҳам бирга бўлиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапирди.

Ундан кейин сўз олган Абдуҳамид Пўлатов Россия Федерациясида ҳамюртларни  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим эканлиги, ҳар жойда Жамиятнинг ўз вакиллари бўлиши ва у ўша ердаги муаммоларни чуқур ўрганиши лозимлиги ва шу учун 3 вице президентлик лавозими маъқулроқ эканлиги ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг Жамиятнинг вице президентлари масаласи бўйича Т.Ёқубовнинг таклифи, яъни Жамиятнинг 3 вице президенти лавозимини таьсис этиш кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

 

Кейинги масала Жамият номини "Абдуманноб Пўлатов номидаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти" деб ўзгартириш эди. Бу масала бўйича Т.Ёқубов, Гулшан Қараева ва Ҳ.Худойберди турлича фикрларни баён қилдилар, мас., Т.Ёқубов Абдуманноб Пўлатовнинг Жамиятни 1992 йилда тузишдаги хизматлари катта бўлганлиги, аммо айни пайтда у Францияда расман руйхатдан ўтган Жамиятга муносабати бошқача бўлганлиги, аммо шунга қарамасдан унинг қилган хизматларини ҳисобга олиб Жамиятга унинг номиини беришни таклиф қилди. Г.Қараева Жамиятга Шовриқ Рўзимуродов номини беришни, Ҳ. Худойберди эса адолат нуқтаи назаридан бирор кишининг номини Жамиятга бермасликни, одамларни номларини мукофотларга берилса маъқулроқ бўлишини таклиф қилди ва бу сўнгги таклиф кўпчилик овоз билан қабул қилинди, яъни Жамият ўз номида қоладиган бўлди.

 

Навбатдаги масала: Жамиятнинг Шовриқ Рўзимуродов номидаги махсус мукофотини таъсис этиш. Бу таклиф кўпчилик овозда қабул қилинди.

Бу масала бўйича телефон орқали фикрлари сўралган Жамият фаолларидан бири Баҳодир Намозов бу таклифни қўллаган ҳолда яна бир қўшимча таклифни қабул қилишни сўради. Уни таклифи бўйича сиёсий фаолияти, демократия ва инсон ҳақлари учун курашиб қатағон/репрессияга учраганларга ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш учун махсус Ёрдам Жамғармаси ташкил қилиш. Бу таклиф ҳам бир овоздан қабул қилинди.

 

Кейинги масала Жамият Котибиятини сайлаш бўлди, аввалига вице президентлар котиблар ролини бажаради деган  таклиф (Т.Ёқубов) ўрнига Котибият ва вице-президентликни аралаштириб юбориш лозим эмас, шу учун Котибият зарур эмас деган таклиф (Ҳ.Худойберди) қабул қилинди.

 

Шундан сўнг ЎИҲЖнинг президенти сайлови масаласи кўриб чиқилди.

Т.Ёқубов бу масалада Нодир Ахатовдан Абдужалил Бойматов номзодини президентликка қўйиш ҳақида талаб тушганини хабар қилди.     

Иккинчи номзод сифатида Ҳазратқул Худойберди ва учинчи номзод сифатида Насрулло Сайидов кўрсатилдилар.

 

А.Бойматовнинг Жамият Низомини бир неча бор бузганлиги, Ҳисобот беришдан воз кечганлиги ва Қурултой қатнашчиларига ҳурматсизлиги туфайли унинг номзоди Жамиятнинг Президенти сайлаш жараёнидан олиб ташланди.

 

Насрулло Сайидов ўз номзодини кўрсатилгани учун ташаккур билдириб, у Ҳ.Худойберди номзодига овоз беришини маълум қилди. Қурултой қатнашчиларининг аксарият кўпчилигининг овозлари билан Ҳазратқул Худойберди Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро  Жамиятининг Президенти этиб сайланди.

 

    Навбатдаги масала: ЎИҲЖ вице-президентлари сайлови

Жамиятнинг асосий фаолият майдони Ўзбекистон бўлгани учун иш энг аввало шу масала бўйича, яъни Жамиятнинг Ўзбекистон бўйича вице-президенти лавозимига номзодлар кўрсатишдан бошланди.

 

Т.Ёқубов Баҳодир Намозов номзодини, Ҳ.Худойберди эса Гулшан Қараева номзодини таклиф қилишди. Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг Гулшан Қараева ўз номзодини қайтариб олгач, Б.Намозов номзодига овоз берилди ва у кўпчилик овоз билан Жамиятнинг Ўзбекистон бўйича вице-президенти этиб сайланди.

 

Жамиятнинг МДҲ давлатлари бўйича вице президенти лавозимига Абдуҳамид Пўлатов номзоди кўрсатилди ва у бир овоздан сайланди.

 

Жамиятнинг демократик давлатлардаги вице-президенти лавозимига бирор муносиб номзод кўрсатилмагани учун у вақтинча вакансия деб эълон қилинди.

 

 

Ундан кейинги масала Жамиятни узоқ йиллардан бери бошқариб келган Толиб Ёқубовнинг истеъфоси бўлди. Бу масала бўйича турли фикрлар илгани ташланди. Кўпчиликнинг фикри бўйича Т.Ёқубовни Жамиятнинг фахрий раиси лавозимида қолдириш ва асосий масъулиятни унинг уч вице-президентларига топшириш таклиф қилинди. Аммо Т.Ёқубов соғлиги кўтара олмаслиги учун истеъфо беришга қарор қилганини ва ўзи маслаҳатчи/консультант лавозимида қолиб, қўлидан келганича Жамият фаолиятида иштирок этишга рози эканлигини айтди. Бу таклиф кўпчилик овоз билан қабул қилинди ва Толиб Ёқубов бундан буён Жамиятнинг маслаҳатчиси ролини олиб боради.

 

 Сўнгги муҳим масалалардан бири бу Жамиятнинг «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати»га расмий муносабати ҳақидаги масала муҳокамаси бўлди. Бу ҳақда Ҳ.Худойберди сўз очиб, бугунги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг ролини «Тез ёрдам» тиббий хизматига қиёслади. Яъни Жамиятнинг асосий фаолияти - бу тўсатдан қамоққа олинган инсонларнинг ёки турли сабабларга кўра ҳуқуқлари поймол қилинган фуқароларни ҳимоя қилишдан иборат, ҳолбуки бундай ҳуқуқ бузилиши ҳолларини олдини олиш бирламчи ва муҳимроқ иш бўлиши керак эди аслида. 

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолияти айнан ана шундай асосларга қурилган, яъни у мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги, Ўзбекистонда қонун устиворлигини таъминланиши учун курашдан иборат бўлади, бу эса айни пайтда фуқароларнинг ҳууқуқлари поймол қилинишига йўл қўймасликка қаратилгандир. Ана шунинг учун ҳам Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти нафақат фуқароларнинг ҳуқуқларини улар поймол қилингандан сўнг ҳимоя қилиш, балки фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишини олдини олиш ҳақида ҳам қайғуриши ва бу йўлдаги барча ҳаракатларга фаол қатнашиши тадбири жоиздир, деди.

Бу масала бўйича давом этган қарийб барча фикрлар Жамиятнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кириши ва у ерда ўз вакили орқали доимо фаол иштирок этиши лозим деб топилди. Аммо бу масалада бир истисно бор эди.

 

Бу ҳақда Жамиятнинг Қашқадарё вилояти раиси Гулшан Қараева сўз олиб Жамиятнинг Ўзбекистон ичидаги аъзоларининг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига муносабати уларнинг ўз ихтиёрларида бўлиши лозимлиги ҳақида гапирди. Жамият аъзоларининг ҳаётлари хавфсизлигини таьминлаш керак, агар улар Ҳаракат фаолиятига қатнашсалар уларнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин, деди. Г.Қараеванинг бу таклифи мажлис аҳли томонидан инобатга олинди ва Жамиятнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига муносабати ҳақидаги махсус хабарга қуйидаги қўшимча киритилди:

” Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти Ўзбекистон бўлими аъзоларининг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолиятига қатнашишлари ихтиёрийдир, истаганлар унга қўшилишлари, истамаганлар эса қўшилмасликлари мумкин”.

 

Қурултой кўрган бошқа масалалар таркибида Жамиятнинг ўз fundriserини, яьни Жамият фаолияти учун, унинг Жамғармалари учун махсус бир моддий ёрдамларни ташкиллаштирувчи лавозим таъсис этиш кўриб чиқилди ва бу фикр қабул қилинди.

 

 

Соат 11.50да бошланган Қурултой кеч соат 21.00да ўз ишини тугатди.

Қурултойни олиб борувчилар:

Толиб Ёқубов, раис

Гулшаной Қараева, котиба

2011 йил 15-июл, Angers шаҳри, Франция