Толиб Ёқубов: 1-қисм.  Абдужалил Бойматовнинг навбатдаги тутуруқсиз мақоласи

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг собиқ президенти Абдужалил Бойматов ўзининг тутуруқсиз ва саводсизларча ёзилган навбатдаги мақоласини жамоатчилик эътиборига ҳавола этибди, бироқ уни негадир “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2 йиллик фаолиятига оид хисобот” деб атабди. ЎИҲЖ офиси Парижда жойлашган “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация” (FIDH) ташкилотининг аъзоси эканлигини эътиборга олсак, ЎИҲЖнинг янги раҳбарияти мазкур “Ҳисобот”ни рус тилига таржима қилиб FIDHга тақдим этиши керак. Абдужалил Бойматов ўзининг икки йиллик фаолияти давомида мазкур ташкилотга камида икки марта ҳисобот бериши лозим эди, бироқ у бу ишни бир марта ҳам қилган эмас. Сабаби Абдужалил Бойматов рус тилини билмаслигида эмас, бу масъулиятли иш унинг хаёлига ҳам келган эмас. Мен ўйланиб қолдим: мазкур “Ҳисобот”-мақолани ўзим таржима қилиб Парижга жўнатсам, катта кулгуга қолмасмикинмиз? Федерация ходимлари: “ЎИҲЖга нима бўлди ўзи, ҳисоботчининг томи кетиб қолиб-ю?” демасмикин? Ростини айтганда, бундай ноёб (“шедевр”) “Ҳисобот”ни таржима қилишга менда ҳеч қандай иштиёқ йўқ.

 

Мен эринмай “Ҳисобот”ни ташкил этган жумлаларни рақамлаб чиқдим ва уларнинг тахлилини классификация қилишга ҳаркат қилдим. “Ҳисобот” роппа-роса 115 жумладан иборат бўлиб, ундан олдин уч жумладан иборат тушунтириш хати келтирилган.

 

Бу хатдаги иккинчи жумлани тўлиқ келтираман:  ([117]) “Лекин Абдужалил Бойматов ва унинг тарафдорлари (8 ЎИҲЖ аъзоси) техник сабабларга кўра Анжерсдаги конгрессда иштирок эта олмаганликлари учун тақдим қилинмаган эди”. Бундан Абдужалил Бойматов 2-Конгресс бўлмасдан туриб ташкилотни иккига (ўзининг тарафдорлари ва унга қаршиларга) бўлиб бўлганлиги аён бўлади. Ваҳоланки, Конгрессда қатнашишни таклиф қилиниб Ташкилий Қўмита унинг ўзи, “тарафдорлари” Гулшан Қараева, Башорат Ешова, Нодир Ахатов, Носир Зокир, Ҳайитбой Қўзиевларга таклифнома юборган (қолган учтаси Ташкилий Қўмитага маълум эмас).

 

Хатдаги учинчи жумла ушбудир:  ([118]) “Кеч бўлсада бу ҳисобот ЎИҲЖнинг айрим аъзоларига тарқатилди ва жамоатчилик  учун тақдим қилиняпти”. Бу жумлани ўқигач, вазият билан таниш бўлган ҳар бир одамнинг миясига қўпол бўлса-да, бироқ ўта ҳикматли халқ мақоли келади: “Ҳайит ўтгандан кейин хинани ...га қўй!”. Вазият эса ташкилотнинг “Ички Регламентация”сининг 11.5-моддасида аниқ кўрсатилган:  “Президент ўз ваколати тугашидан икки ой илгари навбатдаги Конгресс ўтказилиши вақтини эълон қилиши, уни ўтқазилишининг ташкилий масалалари билан шуғулланувчи Ташкилий Қўмитани тузиши ва ўз ҳисоботини аъзоларга тарқатиши лозим”.

 

 Абдужалил Бойматов чамаси бошқаларни ҳеч нарсани тушунмайдиган шалпангқулоқ (русча: лох) деб ўйласа керак. [117] ва [118] гапларни ёзишдан олдин у: “Ташкилот устави 7.9-моддасининг 4-қисми [- президент Котибият ва Раҳбарлар Кенгаши мажлислари ҳамда Конгрессга тайёргарлик ишларини ташкиллаштиради – Т.Ё.] ҳамда Ички Регламентациясининг 11.5-моддасида кўрсатилган менга юклатилган вазифаларнинг қайси бирини бажардим?” деган саволни ўзига бериши керак эди. “Ҳисобот”-мақолада бу саволга жавоб топа олмайсиз. Унга жавобни мен беришим мумкин: ҲЕЧ БИРИНИ БАЖАРГАН ЭМАС! Абдужалил Бойматов мазкур саволни ўзига бера олиши қийин эди. Берса ва виждон қийнаса, унинг “Ҳисоботи” бир пулга қиммат эканлиги, ўзи эса икки йиллик фаолиятида арзугилик иш қилмаганлигини тан олиши керак бўлар эди.

 

Абдужалил Бойматов, шундай қилиб, сохтакорлик йўлига ўтган ва шу йўл билан вазиятдан қутилиб кетмоқчи бўлган. Бироқ бу йўл уни зиддият қопқонига туширган. Мас., “Ҳисобот”нинг  [8]-чи жумласида қуйидагича ёзади: “Бугун жамиятимизнинг биринчи конгрессидан кейинги биринчи интернет-онлайн йиғилиши (иккинчи конгресси)”. Кўриниб турибди-ки, у Angers шаҳрида унинг иштирокисиз [у таклифнома олган; иштирок этмагани учун Ташкилий Қўмита жавобгар эмас – Т.Ё.] ўтган 2-Конгрессни тан олмоқда. Бироқ у 2-Конгресс ташкилотчилари у билан телефонда боғлангани, ундан ҳисобот сўралганда жаҳл билан: “Бу Конгресс ноқонуний, мен сизларга ҳисобот бермайман!” деб алоқани узганини “Ҳисобот”га безбетларча ёки уялинқираб киритмаган.

 

Бу зиддият бир қатор саволларга яққол ечим беради: “Нега Абдужалил Бойматов 2-Конгрессни ташкил қилишда иштирок этмади, нега у 23 майдан кейин Толиб Ёқубов билан алоқани тамоман узди, нега у унинг кўпсонли хатларига жавоб бермади, нега у Конгрессга ҳисобот бермади, нега энди у 2-Конгрессни тан олмоқда?”. Ечим оддий ва у юзада кўриниб турибди: Абдужалил Бойматов президент сифатида ҳуқуқбонлик ташкилоти бўлган ЎИҲЖ учун бирор бир пичоққа илинадиган иш қилмаганини яхши тушунади, у ҳисоботга нималарни киритиш кераклигини ҳам охирги кунларгача яхши тасаввур этмаган, шарманда бўлишдан қўрққан! Шунинг учун ҳам унинг: “2011 йилнинг 15 июлида бўладиган конгресснинг кун тартибига президент ҳисоботи белгиланган. Мен ҳисоботни қарийб тамомладим, мен хисоботни конгресс куни ўкиб эшиттираман, лекин унгача Толиб Ёқубовга юбормайман, яъни Толиб Ёқубовнинг “Шотирларга жавобим” мақоласига изоҳ ёзган демократ айтганидек мен Толиб Ёқубовга хисобот бермайман, жамият фаолларига ҳисобот бераман. Ҳисобот интернет-сайтларда чоп этилади, факат конгресс бўлиб ўтгандан сўнг» деб ёзганини тушуниш мумкин [“Янгидунё” сайтига қаранг – Т.Ё.].

 

Ҳисобот Толиб Ёқубовга берилмайди; у тарқатиш учун ташкилот Котибиятига берилади; ҳисобот ташкилот фаолларигагина эмас, БАРЧА аъзоларга ўрганиш, тахлил қилиш ва у ҳақда ўз фикрини шакллантириш учун тарқатилади; ташкилотда 2009 йил 6 майдан бошлаб ҳанузгача мен ягона Котиб ва шунинг учун вице-президент бўлганим сабабли ҳисобот менга жўнатилади! Ташкилотимизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган “Демократ” деган исмсиз шотир-иғвогар ЎИҲЖнинг устави ва Ички Регламентациясини ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиганда эди, у Абдужалил Бойматовга бундай тутуруқсиз “консультация” бермаган бўлар эди.

 

ЎИҲЖнинг МАҚСАДИ уставнинг 5.1-моддасида қайд қилинган:

 

“Жамият Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни ривожлантириш ва фуқаровий жамият қуришга кўмаклашишни ўзининг бош мақсади қилиб олади”.

 

Унинг ВАЗИФАСИ эса уставнинг 5.2-моддасида белгилаб берилган:

 

“Жамиятнинг асосий вазифаси – инсоннинг бошпана олиш ҳамда фуқаровий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари соҳаларидаги халқаро ва регионал конвенция ва пактларни қўлланиши, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш, адолатсизлик, бошбалдоқлик ва инсон қадр-қийматини таҳқирлашга қарши кураш   устида ишлашдан иборатдир”.

 

“Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни ривожлантириш” ибораси соф ҳуқуқбонликни ўз ичига олган иборадир. Бироқ “фуқаровий жамият қуришга кўмаклашиш” ибораси мақсад сифатида ЎИҲЖ мухолифат учун фаолият стратегиясини ишлаб чиқиши керак, деган фикрни МУТЛАҚО англатмайди, бу иш ЎИҲЖ ВАЗИФАСИга умуман кирмайди. Абдужалил Бойматов ташкилот уставига икки йил давомида ё мутлақо қарамаган, ё ташкилот олдидаги вазифалар моҳиятини тушунмаган, ёки ташкилотни обрўсизлантириш учун атайлаб шу фаолиятни танлаган.

 

2-қисм.  Абдужалил Бойматов “Ҳисоботи”нинг шаклу-шамойили

 

“Ҳисобот”нинг [2] - [8] жумлалари ЎИҲЖ тарихи ва Ўзбекистонда ташкилотга ўтқазилган тазйиқлар ҳақида бўлгани учун улар ташкилотнинг кейинги икки йиллик фаолиятига алоқаси йўқ. [10] - [16] жумлалар эса ЎИҲЖ гўё-ки мухолифат стратегиясини ишлаб чиққанлигига бағишланган, бу эса ташкилот вазифасига кирмайди. [24] - [31] жумлалар ҳам олдинги [10] - [16] жумлалар каби ташкилот вазифаларидан ташқаридаги гаплардир, [32] – [34] лар эса ҳисоботга алоқаси бўлмаган жумлалар сирасига киради. [35] – [41] жумлаларни бошлар экан Абдужалил Бойматов бу “вазифалар” бажарилмаганидан афсус чекади. Унинг фикрича ([39]) “Бу кампанияда АҚШ давлат департаменти, АҚШ давлат котибалари Кандализа Райс ва Хиллари Клинтонлар ҳам фаол иштирок этишди” ва ([40]) “Ҳаттоки, АҚШда мактаб ўкитувчилари Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши норозилик намойиши ўтказишди” деб ёзгани ЎИҲЖнинг икки йиллик фаолиятига алоқаси бор ва уларни ҳисоботга киритиш муҳим эмиш!! [43] – [45] ҳам мақолабоп жумлалардан бўлиб, “Иқтисодиётнинг ривожланиши янги иш жойларининг яратилиши, ўзбек меҳнат мухожирларининг камайишидир” деган ташкилот фаолиятига алоқаси йўқ бўлган жумла билан якунланади.

 

[46] жумла яна собиқ президентнинг афсуси билан бошланиб, ўзбек мухолифати ЎИҲЖ эълон қилган бир қатор баёнотларни тушунмаганликда айбланади. [47] ва [48] жумлаларда ЎИҲЖнинг мухолиф ҳаракатлар (Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва “Бирдамлик халқ ҳаракати) билан олиб бораётган ҳамкорлиги ҳақида айтилади, бироқ бу ҳамкорлик ЎИҲЖ вазифасига кирмайди. [49] ва [50] жумлалар ташкилот икки йиллик фаолиятига умуман алоқаси йўқ ва улар собиқ президент ҳуқуқбонлик ва мухолифат вазифалари ҳақидаги тасаввури ўта саёзлигини кўрсатади.

 

[51] – [54] жумлалар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бағишланган бўлиб, шу мавзуга бағишланган мақоладан бошқага ярамайди. Гарчи  [54] да “Бу кампанияда ЎИҲЖ аьзолари фаол иштирок этишди» дейилган бўлса-да, кейинги [55] жумлада ташкилотнинг мамлакат ичида фаолият олиб борётган фақат тўрт аъзосининг исми келтирилган, холос (Нодир Ахатов, Мамир Азимов, Саида Қурбонова, Гулшан Қараева). Умуман, Абдужалил Бойматов мамлакат ичида ҳуқуқбонлик фаолиятини юритаётган аъзоларимиздан фақат шу тўрт ҳуқуқбонни билса керак, холос, чунки [73] (қийноқлар бўйича мониторинг) ва [75] (норозилик акциялари уюштириш ва уларда қатнашиш)) жумлаларда ҳам шу ҳуқуқбонлар номи келтирилган. [81] жумлада диний эркинликлар бўйича мониторинг олиб бораётганлар Гулшан Қараева ва Нодир Ахатов тилга олинган бўлса, [87] жумлада Маматқул Мухторов ва Зоҳиджон Зокиров адресига    собиқ президент “Ўзбекистон ичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб боришябди” деган умумий гап айтиш билан чегараланган.

 

Бундан кўринади-ки, Абдужалил Бойматов 2003 йил октябридан 2006 йил августига (Ўзбекистондан чиқиб кетганига) қадар ЎИҲЖнинг Котибларидан бири бўлиб ишлаган, яъни ташкилотнинг регионал (вилоят, шаҳар ва туман) бошлиқларини яхши таниган ва мулоқат қилган бўлса-да, икки йиллик президентлик даврида мамлакатда фаолият олиб бораётган аъзоларимизни Францияда ташкил этилган ЎИҲЖга тортиш масаласида бирор иш қилмаган – бу эса унинг асосий вазифаси эди. У ҳолда тўртта аъзонинг фаоллигини қандай қилиб ташкилотнинг фаоллиги дея талқин қилиш мумкин: ([54]) “Бу кампанияда ЎИҲЖ аьзолари фаол иштирок этишди”?

 

[56] жумлада Абдужалил Бойматов яна афсус чекади ва болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнат масаласида ўзбек мухолифати ва аҳолининг ижтимоий сиёсий фаолиятсизликда айблайди. Бунинг ЎИҲЖнинг кейинги икки йиллик фаолиятига нима алоқаси бор?

 

Афсусларнинг ([5], [35], [46], [56] ва [90] жумлалар) кўплиги ниманинг далолати бўлиши мумкин? Яққол-ки, битта нарсанинг: Абдужалил Бойматовнинг президент лавозимида ишлаши, турли “стратегия” ва режалар ишлаб чиқиши ҳамда уларни “амалга ошириши”, “Бирдамлик” каби ҳукуматпараст ташкилот билан ҳамкорлик қилиши ўзини оқламаганини билдириши мумкин, холос. Бу - биринчидан, ЎИҲЖнинг вазифаларига кирмайди, иккинчидан, шўбҳа уйғотадиган ҳатти-ҳаракатдир.

 

[57] - [60] жумлалар 2010 йил июнь ойида Қирғизистонда содир бўлган қонли воқеаларга қаратилган бўлиб, “...жамиятимиз ва ўзбек мухолифатининг Қирғизистондаги миллатдошларимизга медиа, моддий ва маънавий ёрдам берганимизни мен жуда ижобий ҳисоблайман” дея иддао этилади, бироқ бу воқеаларни ЎИҲЖ сайтида ёритиб бориш,  “... жамиятимиз ва ўзбек мухолифатининг Қирғизистондаги миллатдошларимизга медиа, моддий ва маънавий ёрдам бергани...” ва қатор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларга петиция, баёнот ва хатлар жўнатилгани айтилса-да, ЎИҲЖнинг конкрет ҳиссаси ва роли мавҳумлигича қолган. [61] жумлада ЎИҲЖ вазифаларига мутлақо алоқаси бўлмаган “фаолият” – (“Жамиятимиз бутун дунё ўзбекларини бирлаштирувчи дунё ўзбеклари конгрессини тузиш ташкилий ишларида фаол (??!!) қатнашди”) келтирилади, [62] жумлада эса бу ташкилот ўз фаолиятини тўхтатганига афсус билдирилади.  Абдужалил Бойматов ўз-ўзидан туғиладиган ушбу саволларга жавоб бераолармикин: муҳтарам собиқ президент, Сиз икки йил давомида ташкилот уставининг 5-моддаси (Жамиятнинг мақсад ва вазифалари)ни ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиганмисиз? Уни тушунганмисиз?

 

[67] – [72] жумлалар Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган ЎИҲЖ аъзоларига бағишланган бўлиб, уларда кейинги икки йил давомида ташкилот ва унинг президенти бу маҳбуслар иши бўйича қандай амаллар қилганлиги ҳақида бир оғиз ҳам гап айтилмаган. Мазкур жумлалар ҳисобот учун эмас, фақат мақола учун ярайди, холос. Мазкур жумлаларнинг охиргиси ([72]) ушбудир: “2009 йилнинг 6 майидан бери Саттор Ирзаев, Санжар Умаров, Фарходхон Мухтаров, Рашид Бекжон, Юсуф Жумалар озод бўлишди”. Информатив характерга эга бўлган бу жумлада хушхабар - бир қатор ватандошларимиз қамоқхоналардан озодликка чиққанлари – айтилса-да, бироқ, муҳтарам ўқувчи, айтинг-чи, ташкилотнинг икки йиллик ҳисоботига бу жумланинг нима алоқаси бор? Ёки навбатдаги [73] жумла: “Қийноқлар бўйича аьзоларимиз Гулшан Қораева, Маъмир Азимов, Нодир Ахатов, Саида Қурбоновалар мониторинг олиб боришди” дан ҳисобот учун қандай информация олиш мумкин?

 

Фақат мақола учун ярайдиган [74] – [76] жумлаларда “...ЎИҲЖнинг аъзолари вилоятларда норозилик акциялари уюштирмоқдалар ва ўзлари ҳам қатнашмоқдалар” дейилади. Уларнинг бири ([75]) эса: “Бу норозилик акцияларида фаолларимиз Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Мамир Азимов, Саида Қурбоновалар жасорат кўрсатмоқдалар” деган қуруқ гапдан иборатдир. Бу гап ҳисоботга киритилиши учун фактлар келтирилиши лозимлигини собиқ президент тушунмаса ҳам керак. Қаралаётган жумлаларнинг охиргиси, яъни ([76]): “Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги Ислом Каримов режимининг тинч норозилик акцияси қатнашчиларини шафқатсиз репрессияларга дучор қилиши ҳаммамизга маълумдир” ўзининг “ноёб фикр”лилиги билан ажраб турса-да, унинг ЎИҲЖ ҳисоботига асло алоқаси йўқ.

 

[77] – [81] жумлаларни ҳисоботчи сўз, ташкилотларга уюшиш ва диний эркинликларига бағишламоқчи бўлганлиги сезилади. Сўз эркинлиги бўйича у ташкилот сайтини юритаётгани, Юсуф Расул эса “Янги дунё” сайтини энг кўп ўқиладиган сайтга айлантирганини ёзади, холос. Ташкилот уставининг 5-моддаси (Жамиятнинг мақсад ва вазифалари)да эса: “Жамият Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни ривожлантириш ва фуқаровий жамият қуришга кўмаклашишни ўзининг бош мақсади қилиб олади” дейилади, яъни ЎИҲЖ инсон эркинликларини ҳимоя қилар экан, бу эркинликлар ЎЗБЕКИСТОНда юзага келиши назарда тутилади. Юсуф Расул ва Абдужалил Бойматов Европада туриб иккита сайтни юритишаётганлари кейинги икки йил ичида Ўзбекистонда сўз эркинлигини яхши томонга ўзгартирганига катта шўбҳа бор. Худди шу шўбҳани ташкилотларга бирлашиш ҳуқуқига нисбатан ҳам айтиш мумкин: кейинги икки йил ичида Ўзбекистонда на бир ҳуқуқбонлик ташкилоти ва на бир мухолиф партия ёки ҳаракат давлат рўйхатига олинди! Сайтларни юритиш ва ЎИҲЖни рўйхатга олиниши Европа шароитида қилинаётганини Абдужалил Бойматов тушунмас экан. “Диний эркинликлар ҳуқуқлари бўйича Толиб Ёқубов, Тўлкин Қораев, Гулшан Қораева, Нодир Ахатовлар айниқса жонбозлик кўрсатишябди” – бу Абдужалил Бойматовнинг [81]-чи иддаоси. Муҳтарам ўқувчидан сўрамоқчиман: Сиз шу нотавон (мазмуни очилмаган, фактларсиз ва ҳ.) жумлани ташкилот ҳисоботига киритармидингиз?

 

[82]: “Кўриб турибмизки, беш асосий эркинликлардан икки йўналиш бўйича катта ютуққа эришганмиз, икки йўналиш бўйича фаол иш олиб бориляпти”. Бу ҳам Абдужалил Бойматов “Ҳисоботи”дан бир жумла. Ким нима тушунди?  Абдужалил Бойматовдан бошқа ким нимани кўриб турибди? Қайси “икки йўналиш бўйича катта ютуққа эришганмиз, икки йўналиш бўйича фаол иш олиб бориляпти”? Катта ютуққа Ўзбекистонда эришилдими ёки Европадами? Яна такрорлайман: “5.1. Жамият Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни ривожлантириш ва фуқаровий жамият қуришга кўмаклашишни ўзининг бош мақсади қилиб олади” (устав моддаси). Мазкур моддадаги асосий объектни  Абдужалил Бойматовга тушунарли бўлиши учун мен тагига чизиб, қорайтириб қўйдим.

 

Абдужалил Бойматовнинг “бетакрор” [83] – [87] жумлаларини тўлиқ келтириш керак эди, бироқ уларни ўзи ўқиб чиқишни мен муҳтарам ўқувчига илтимос қиламан. Гарчи  [83] да: “Яна шу ерда [“Европада” демоқчи – Т.Ё.] Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб бораётган жамиятимиз аьзолари ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман” дейилган бўлса-да, [84] – [86] да сўз фақат Башорат Ешова ҳақида кетади. Бу аъзомиз фаолиятини камситмаган ҳолда айтиш керак-ки Ўзбекистон ташқарисида яшаётган қатор (ташкилотга илгари ва яқинда аъзо бўлган) аъзоларимиз бор-ки, улар ҳисоботчини мутлақо қизиқтирмаганлар. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Маматқул Мухторов ва Зоҳиджон Зокиров ҳақидаги [87] жумла “бу ерда” (яъни, Европада) фаолият юргизаётган аъзоларимиз қаторига тушиб қолишганини Абдужалил Бойматовнинг ўзидан бошқа одам тушунтириб бера олмаса керак!

 

“Ҳисобот”нинг кетма-кет келган ўнта [88] – [98] жумласи Абдужалил Бойматовнинг ЎИҲЖ вазифасига кирмайдиган эски ашуласи – Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифат ташкилотларни демократлаштириш мавзусига бағишланган. Ўта сиёсий саводсизлик ёки соддалик билан ёзилган мазкур жумлаларни тахлил қилишга мутлақо ҳожат ҳам, иштиёқ ҳам йўқ. Бироқ “Ҳисобот” муаллифининг ([97]): «Асосий ютуқ жамоатчилик фикрини шакллантиришга муваффақ бўлинди» ва ([98]): “Жамиятимиз ўзбек мухолифатини демократлаштириш кампаниясини бундан кейин ҳам давом эттиради” деган иддаоларига тўхталишга мажбўрман. Абдужалил Бойматов ва Юсуф Расул уюштираётган ва ташкилот вазифаларига алоқаси бўлмаган кампания қаерда жамоатчилик фикрини шакллантиришга муваффақ бўлди? Ўзбекистондами ёки унинг ташқарисидами? Кампания асосий ютуғининг қандай белгилари бор? ЎИҲЖнинг вазифасига кирмаган кампанияни нега президент ҳисоботига қўшган? Икки йил давомида президент бўлгани учунмикин?

Ҳукумат ва мухолифатни демократлаштириш масаласи билан шуғулланиш сизнинг шахсий ишингиз, у билан хоҳлаганча шуғулланаверинг, бироқ унинг натижасини (ижобийми ёки салбийми – қатъий назар) ЎИҲЖ ҳисоботига киритишга, ташкилот уставини менсимасликка ҳаққингиз йўқ! Жамиятимиз ўзбек мухолифатини демократлаштириш кампаниясини бундан кейин давом ЭТТИРМАЙДИ, хотирингиз жаъм бўлсин. Хоҳламагандан эмас, уставга мувофиқ ташкилотимиз вазифасига кирмагани учун!

 

[99] - “ЎИҲЖда амалга оширилган ташкилий ишлар тўғрисида тўхтаб ўтмоқчиман” номли сарлавҳа бўлиб, унга ташкилот сайти ([100] – [103],  [108]), бошқа давлатларда ташкилот филиалларини очиш ([104] - [107]) ва аъзоларимизнинг скайп, мобил телефонлар ва бошқа янги интернет-технологиялар билан ишлаш ([109] – [113]) масалалари киритилган.  Яхшиям-ки, 2009 йилда Англияда яшовчи бир мусулмон ватандошимиз ЎИҲЖ сайти дизайнини текинга ишлаб берган ва унга материал қўйишни Абдужалил Бойматовга ўргатган экан, акс ҳолда унинг президентлик даврида бирор таъсирли иш қилинмаганлиги билиниб қолар эди. Ва, ниҳоят, [114] – [115] жумлалар “Эътиборларингиз учун раҳмат» тавоъзеси ва «Ҳисобот» ёзилган ёки сайтга қўйилган, бироқ Конгрессга тақдим этилмаган, санадан иборат.

 

3-қисм.  Хулосалар

 

Мен юқорида “Ҳисоботни ташкил этган 115 жумладан 107 таси ё ЎИҲЖ мақсад ва вазифаси доирасига кирмайдиган, ё кўп қисми тутуруқсиз бўлган мақола учун ишлатиш мумкин-у, бироқ ҳисобот учун мутлақо кераксиз бўлган, ё факт, далил ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган қуруқ гапдан иборат бўлган жумлалар эканини кўрсатдим. Демак, “Ҳисоботда фақат 8 (саккиз!!) жумлани у ёки бу маънода ЎИҲЖ мақсад ва вазифалари доирасига кирувчи жумлалар дейишимиз мумкин. Бу ҳисоботнинг бор-йўғи 8,2% ни ташкил қилади, холос! Ушбу рақам асосий 1-хулосага тўла асос бўлади:

 

1-хулоса: Абдужалил Бойматов эълон қилган ҳисобот ҳуқуқбонликка ва ЎИҲЖга ҳеч қандай алоқаси йўқ;

 

Ҳар қандай инсон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалар юзасидан ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Бу – демократиянинг асосий қирраларидан биридир. Хусусан, табиий, Абдужалил Бойматов ҳам мазкур ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланиши мумкин. Бироқ ЎИҲЖ ҳуқуқбонлик ташкилоти ва унинг устав бўйича ўзининг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланган. Мухолиф ташкилотлар фаолият юргизадиган майдон моҳиятан бутунлай бошқа – уларнинг асосий мақсади ва вазифаси у ёки бу йўллар билан ҳокимият тепасига келишдир.

 

Тарқоқ ўзбек мухолифати бошини қовуштириш зарур ва олижаноб иш. Бу ишни  Абдужалил Бойматов фақат мустақил шахс сифатида қилиши мумкин, холос. У ЎИҲЖ раҳбари сифатида мазкур иш уставга биноан ташкилот вазифалари доирасига кирмаслигини билиши ва унга амал қилиши керак эди. Худди шу каби, фалон партия ёки ҳаракатнинг раҳбари демократ ёки демократ эмаслигини “аниқлаш”, мазкур ташкилотларни “демократлаштириш” стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш учун курашиш - уни оқлаш учун қандай важ келтирилмасин - ҳуқубонлик ташкилоти ва унинг раҳбарининг вазифаси эмас. Мустақил шахс сифатида бу иш билан шуғулланса – марҳамат.

 

Мавжуд ўзбек мухолиф ташкилотларининг аъзолари Абдужалил Бойматовга: “Бизнинг лидерлар лавозимини бошқаларга бермай бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни паймол қилишаяпти, бизни улардан ҳимоя қилинг” деб мурожаат қилиш ташаббуси билан чиққан эмас. Ҳуқуқбонлик ташкилотининг ягона муддаоси ҳукумат мулозимлари ўзлари ишлаб чиққан Конституция ва қонунларни бузмаслигини талаб қилишдан иборат эканлигини, яъни ҳуқуқбонлик ташкилоти давлат билан унинг фуқаролари орасидаги муносабатни кузатишини ҳисобга олганда, мухолиф ташкилот аъзоларидан бундай мурожаат ҳеч қачон тушмайди ҳам.  Абдужалил Бойматов шу оддий ҳақиқатни ҳам тушунмас экан.

 

Президентнинг уставда белгиланмаган, бироқ ўта муҳим вазифалари бормиди? Албатта, бор эди! ЎИҲЖ Францияда тузилган янги ташкилот бўлгани учун унинг раҳбарининг олдида бажарилиши биринчи навбатли, муҳим масалалар мавжуд эди. Масалан:

 

1) Ўзбекистондаги, шартли равишда айтганда, “эски” ЎИҲЖ аъзоларини янги ташкилотга жалб қилиш;

2) унинг бюджетини шакллантириш; бунинг учун эса ташкилотга пул излайдиган ва топадиган фондрайзинглар командасини тузиш;

3) ЎИҲЖнинг АҚШ, Канада, Европанинг баъзи мамлакатлари, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда филиалларини очиш;

4) ЎИҲЖнинг Human Rights Watch (HRW), Amnesty International (AI), Fιdιration Internationale des ligues des droits de l'Homme (FIDH), “Мемориал” ва бошқа ҳуқуқбонлик ташкилотлари, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), БМТ Комитетлари ва бошқа структуралари ҳамда турли донор ташкилотлар билан алоқасини мустаҳкамлаш;

 

Буларнинг бирортасини ташкилот президенти бажарган, ва ҳатто шуғулланган эмас. Иккита мисол: 1) 1-Конгрессдан кейин мен Абдужалил Бойматовга Ирландияда чиқадиган иқтисодий ва кўп ўқиладиган газеталарда эълон чиқариб, Францияда давлат рўйхатидан ўтган ташкилотга фондрайзинг излаётганимизни билдиринг, деб айтдим. У шу оддий ишни ҳам қилмади; 2) БМТнинг Қийноқларга қарши комитети ва Инсон ҳуқуқлари комитети сессияларида ЎИҲЖ уч марта ҳукумат докладларига альтернатив бўлган докладлар билан қатнашган (Женева, Нью-Йорк). 2009-2011 ҳисобот йилларида ташкилот бирорта ҳам альтернатив доклад тайёрлаган эмас.

 

Абдужалил Бойматов ўзининг вазифаси доирасига кирмаган ишлар (мас., мухолифат, ҳукумат ва ўзбек жамиятини демократлаштириш) кўлига шунғиб кетди. Мисқолдай ижобий натижага эришганда ҳам майли эди, бироқ, ўзининг таъбири билан айтганда, “афсус, натижа чиқмади”!

 

2-хулоса:  Абдужалил Бойматов икки йиллик президентлик даврида ташкилот уставида белгиланган вазифаларини бажарган эмас; у ўз вазифаларини фақат тайёрланган баёнотлар ва мурожаатларни имзолаш ва Ўзбекистондан келаётган хабарларни тарқатиш билан чегаралади, холос.

 

3-хулоса:  Абдужалил Бойматов ташкилот уставида кўрсатилмаган, бироқ янги ташкилотни шакллантириш ва ривожлантириш учун зарур бўлган бирорта иш қилмади.

 

4-хулоса:  Абдужалил Бойматовнинг “бажарган ишлари”нинг аксарияти шўбҳалидир ва бунга одамлар эътибор қаратишди.

 

Абдужалил Бойматов “Ҳисоботи”ни рақамлаш бўйича ўқувчига тавсиям

 

Мазкур мақолага мен, табиий, Абдужалил Бойматов тақдим этган “Ҳисоботнинг рақамланган вариантини қўя олмас эдим. Сабаби: биринчидан, ўқувчи эътиборига тақдим этилаётган ушбу мақоланинг ўзи катта ҳажмга эга, иккинчидан, рақамланган “Ҳисобот”ни ҳам киритиш ушбу мақола ҳажмини салкам икки баробар оширар эди, учинчидан, “Ҳисобот”ни ўқувчининг ўзи рақамлаб чиқса, ўқувчи уни ўқиган ва маэносини англаган бўлади.

 

Шунинг учун менинг ушбу мақоламга ишончсизлик билдирган ўқувчига мен ўқувчига “Ҳисобот”ни ўзи рақамлаб чиқишини тавсия қиламан. Албатта, бунда менинг ва ўқувчининг рақамлашларимиз бир хил бўлса яхши бўлади.

 

“Ҳисобот”ни мен қандай рақамлаганман? “Ҳисобот” бошидаги “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2 йиллик фаолиятига оид хисобот.

 ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов» жумлаларга мен рақам қўймаганман. [1] рақами “Ҳисобот”нинг “Ҳурматли ЎИҲЖнинг аъзолари, сафдошлар!» деб бошланган мурожаатига қўйилган, [115] рақам эса “Ҳисобот”даги “22-июль, 2011 йил, жума.» санага берилган. «Ҳисобот»дан олдин ёзилган тўрт гапдан биринчиси «Jul 22  2011» бўлиб, рақам қўйилмаган, кейинги учтаси [116], [117] ва [118] лар билан рақамланган. ТАМОМ.

Амал, қурғур, ёмон экан

ёхуд

принципсиз принципиаллик

Давлат амали (лавозими)дан фарқли ўлароқ ҳуқуқбонлик ташкилоти раҳбари бўлиш амали инсонга манфаатга қараганда таққослаб бўлмас даражада машаққат келтиради. Агар бу инсон мазкур амал, яъни ҳуқуқбонлик амалига содиқ бўлса, албатта. Нега? Сабаби шунда-ки, ҳуқуқбонлик, яъни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш моҳиятан табиблик (врачлик)нинг ўзидир – ҳар иккаласи ҳам дўстига ва душманига бирдай эътиборли бўлиши керак: бири инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, иккинчиси инсоннинг соғлиғини тиклашда.

 

Содиқ бўлмаса-чи? Амал баъзиларга банги (наркотик)дай таъсир қилади. Амалга «минган» ҳуқуқбон ҳам, табиб ҳам маълум бир вақтдан кейин ўз касбига содиқликни йўқотганини ва босар-тусарини билмай қолганини, яъни унда сифат ўзгариши пайдо бўлганини кўрганмиз. Буни тасдиқловчи мисоллар етарли. Шунинг учун мисолни узоқдан излаб эмас, ўз ташкилотимиз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) мисолида кўрсатсак маъқул бўлар, деб ўйлайман.

 

Францияда ташкил этилган ва шу давлат рўйхатидан ўтган ЎИҲЖнинг 2009 йил 6 майда Angers шаҳрида ўтган 1-Конгрессида Абдужалил Бойматов менинг тавсиям билан мазкур ташкилотнинг президенти лавозимига сайланди. Бунга қадар у ўз мақоласида ўзининг асосий демократик принципини интернет орқали эълон қилди. Бу принципга кўра мамлакатда демократия шаклланиши учун давлат раҳбаридан тортиб кичик бир ташкилот раҳбаригача ўз ўрнини вақтида бошқа шахсга бўшатиб бериши шарт экан.

 

Абдужалил Бойматов ҳам мисолни узоқдан излаб ўтирмади. У ўқувчи диққатига уч шахс – давлат раҳбари Ислом Каримов, «Бирлик» партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатов ва «Эрк» партияси раиси Муҳаммад Солиҳни рўпара қилди. Асосий хулоса эса ушбу эди: «Булар демократ эмас, чунки улар 20 йилдан бери ўз лавозимларига ёпишиб олиб, уни бошқаларга бўшатиб бермаяптилар». Вақт ўтган сари унинг мақолаларида дастлабки икки шахснинг номи кам ишлатиладиган, Абдужалил камонидан отилган ўқ негадир кўпроқ Муҳаммад Солиҳга тегадиган бўлди.

 

Абдужалил Бойматовнинг публицистик фаолияти  билан бир пайтда яна бир «долбзарб» мавзу пайдо бўлди. Унинг моҳияти қуйидагича эди: «Ўзбекистонда давлат тепасига диндорлар келишига  йўл қўйиш мумкин эмас. Диндорлар давлат бошига келса, улар Ўзбекистонда шариатга асосланган давлат қуришади ва бизга ўхшаган демократик руҳдаги одамларни ўлдиришади. Менга ўхшаган одамларни мамлакатга қўйишмайди». Бу ўта саёз иддаолар мени ҳайрон қолдирар эди ва мен қўлимдан келгунча, билим доирам етгунча унга хатоларини тушунтирар ва мисоллар келтирар эдим. Мас., авторитар, нодемократик Россияда «Москва Хельсинки Гуруҳи» номли ташкилот бўлиб, машҳур ҳуқуқбон Людмила Алексеева бу ташкилотни 1996 йилдан бери бошқарса-да, ҳеч ким уни нодемократликда айблай олган эмас. Россиядаги ҳар бир партия сафида мазкур партияни бемалол бошқариб кета оладиган сиёсатчилар етарли бўлса-да, В.Жириновский 1991 йилдан бери «Россия либерал-демократик партияси»ни бошқариб келмоқда. Мустабид сиёсий тузум шаклланган Ўзбекистонда вазият буткул бошқача: аксарият сиёсий ва носиёсий ташкилотларда уни бошқараётган лидердан бошқа шу вазифани уддалаб кета оладиган одамни топиш амримаҳолдир.

 

Ўзбекистон коммунистик тоталитар СССРдан чиққанини ва мустақиллик йилларида ҳам мамлакатни шу тоталитар ғоя қон-қонига сингган одам бошқариб келаётганини ҳисобга олсак, Ислом дини ҳақидаги ватанимизда шаклланган тасаввур диний эътиқодга чидамсиз бўлган совет пропагандасининг ҳосилидир. Шунинг учун ҳам «мустақил» Ўзбекистонда асосан мусулмонлар хибс қилинаётгани, мисли кўрилмаган азобларга солинаётгани ва ўлдирилаётгани бежиз эмас.

 

Мавжуд авторитар ҳукуматга мухолиф сиёсатчиларни шиддат билан танқид қилаётган Абдужалил Бойматов оддий бир ҳақиқатни билиши шарт эди: ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ҳар қандай авторитар (тоталитар) тузум ИЧКИ ва ТАШҚИ душман излайди, агар у бўлмаса – уни ўйлаб топади. Бу – ҳар қандай авторитар (тоталитар) тузум пешонасига босилган муҳрдир, сиёсий публицистика билан шуғулланаётган Абдужалил Бойматов уни кўриши лозим эди. Билмаса ва кўрмаса, бу сиёсий мавзуга аралашмаслиги керак эди. Билса ва кўрса, Ўзбекистон ҳукумати ИЧКИ ва ТАШҚИ душман сифатида «Бирлик» халқ ҳаракатини ҳам, «Эрк» партиясини ҳам, ҳуқуқбонлик ташкилотларини ҳам (гарчи ҳукумат уларга қарши «мардонавор» курашган бўлса-да!) танламаганлигини, душман сифатида мусулмонларни танлаганини тушунмаслигини тасаввур этиш қийин, яъни, қишлоқча ибора билан айтганда: «Мулла Жаббор, мунда бир гап бор!».

 

Абдужалил Бойматов Францияда тузилган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига президент этиб сайлангач, орамиздаги муносабат ёмонлашиши мумкинлигидан ҳеч бир белги йўқ эди. У деярли ҳар куни (баъзан 2-3 марта) скайп орқали мен билан боғланар эди. Бошида ва бир мунча вақт сўҳбатларимиз турли мавзулар, хусусан ташкилотимиз фаолиятига бағишланиб турди. Бироз вақтдан кейин сўҳбатларимиз бошқа майдонга кўчаётганини мен сеза бошладим: «Ассаломуалайкум»дан сўнг Абдужалил Бойматов юқорида айтиб ўтилган икки – «фалончалар демократ эмас» ва «диндорлар Ўзбекистонда шариатни жорий қилмоқчи» - мавзуга урғу бера бошлади. Дастлаб мен бу масалаларга ўзимнинг  қарашларимни баён этиб, ўзининг хатоларига диққатини қаратар эдим. Мас., мен ҳатто: «Абдужалил, сиз бу танқидларингизни бир марта «Озодлик» радиоси орқали айтдингиз, бир неча мақолаларингизда ёзиб позициянгизни билдирдингиз. Ҳадеб уни такрорлайверсангиз, сиз ўзингизга душман орттиришингиз мумкин, холос» дейишгача бордим. Таъсир этмади ва мен навбатдаги «сўҳбатлар»ни ғазабимни ичимга ютиб, жим турган ҳолда эшитиб ўтирадиган бўлдим. У ҳам натижа бермагач, бир куни: «Абдужалил, бу гапларингизни мен кеча ҳам, кечадан олдин ҳам эшитганман. Бу масалалар бўйича мен ўз қарашларимни сизга ҳисобсиз марта айтганман. Нима қиласиз яна такрорлаб? Яхшиси, сиз ўзингизга ўхшаган бир одам топиб олинг ва шу масалаларни истаганингизча муҳокама қилаверинг» дедим.

 

«Машҳур» сиёсатчига бу гап таъсир қилди ва у аччиқ қилиб бир неча кун жимиб кетди. Отасиникида эрка ўсган ойимча эрига: «Мен керак бўлмасам – қўйиб юборақолинг» деганидай, шундан сўнг Абдужалил Бойматов «Мени президентликдан олиб ташлайверинг, мен ишламайман» дея кўп марталаб аразлаш йўлига ўтди. Мен эса: «Ташкилот менинг шахсий ёки хусусий мулким эмас, сизни президентликдан мен олиб ташлай олмайман; президентликдан кетмоқчи бўлсангиз ўрнингизга одам изланг; ташкилотнинг устави бор ва сизни президентликдан Қурултой бўшатади» дейишдан чарчамадим.

 

Жиддий ихтилоф нимадан чиқди?

 

Бу саволга жавоб бериш учун ЎИҲЖ устави 7.9-моддаси (Президент ваколатлари)нинг 1-, ва 4-қисмларини келтириш зарур. Мана улар:

- ЎИҲЖ номидан фақат  Президент гапиради ва ҳужжатлар (хусусан, баёнотлар, мурожаатлар, Жамият ҳисоботлари)ни имзолайди, ҳукумат билан мулоқот олиб боради; Президент ўз ваколатини бергандагина ЎИҲЖ номидан унинг бошқа аъзоси гапириши мумкин;

- у [яъни, Президент – Т.Ё.] Котибият ва Раҳбарлар Кенгаши мажлислари ҳамда Конгрессга тайёргарлик ишларини ташкиллаштиради; (Иқтибос тугади).

Кўриниб турибди-ки, ЎИҲЖда президентга жуда катта ваколат берилган. Гап президент бу ваколатни қандай бажаришидадир: ақл билан яхши, мукаммал ва тоза бажарса, бундан нафақат ташкилотнинг, балки президентнинг ўзининг ҳам халқ орасида обрўси ошади. Президент вазифасини қўл учида, эътиборсиз ёки - ундан-да ёмони – сохтакорлик билан бажарса, у ҳолда, табиий, 2-Конгрессдан олдин юзага келган жанжал ва кўнгил хиралик келиб чиқиши мумкин, холос.

 

 Абдужалил Бойматов «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати» (ЎХҲ)нинг икки тадбири, Дюссельдорф ва Берлин йиғилишларида ҳатто кузатувчи бўлиб ҳам қатнашмади. Нега? Таклиф қилинмадими? Виза ололмадими? Менга ўхшаш касал-нотавон эдими? Бунинг сабабларини Парвардигор ва ўзидан бошқа ҳеч ким яхшироқ билмайди, бошқалар эса, хусусан мен ҳам, ўз фикрини билдириши мумкин, холос. Бу фикр мантиқли бўлса, албатта. Менинг фикрим ушбудир: Абдужалил Бойматов Германиянинг бу шаҳарларининг ҳеч бўлмаганда биттасига борса, уерда у сўзсиз Муҳаммад Солиҳ билан тўқнаш келишини билар эди. Гарчи Муҳаммад Солиҳ шахс сифатида ҳам, сиёсатчи сифатида ҳам Абдужалил Бойматовдан нафақат бир калла, балки бир бўй юқори турса-да, у Абдужалил Бойматов даражасида пастга тушмас ва унга эътибор ҳам бермас эди, яъни унга қарамасдан ёнидан ўтиб кетар эди. Абдужалил Бойматов яна бир нарсани яхши билган: унинг Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги иддаоларидан хабардор бўлган одамлар бу икки инсоннинг юзма-юз учрашувида улар орасида муносабат қандай бўлишини кузатишлари табиий эди! Хулоса: Абдужалил Бойматов Дюссельдорф ва Берлинга боришдан ҚЎРҚҚАН!

 

Ўзбекистонда 20 йилдан ортиқ вақт ичида шаклланган вазият, дунёда содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олинганда ЎХҲнинг ташкил этилиши, – унинг тақдири қандай бўлишидан қатъий назар, - мамлакатимиз тарихида йирик воқеълик бўлди. Буни ҳукуматнинг саросимага тушиб қолганидан ва ҳатто «Бирдамлик» ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг ғазабнок чиқишларидан яққол сезиш мумкин.  Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ташкилот бу воқеъликка ўз муносабатини, - у ижобий ёки салбий бўлишидан қатъий назар, - ёзма баёнот орқали билдириши керак.

 

Шунинг учун, ЎХҲ ташаббускорлари менга телефон қилиб мурожаат қилишганда мен: «Бу президент ваколатига киради, сизлар Абдужалил Бойматовга телефон қилинглар» дедим. Президент эса уларга: «ЎХҲни менинг ўзим қўллаб-қувватлайман, аммо унга ташкилотимиз қўшилмайди» деб жавоб берган. Агар Абдужалил Бойматов бу жавобини ёзма баёнот чиқариб баён қилганда эди, бирор инсон унинг мазкур қарорини қоралай олмас эди. Гарчи ташкилот Францияда тузилган ва давлат рўйхатидан ўтган бўлса-да, «Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти» номли ташкилотни дунёдаги барча йирик ҳуқуқбонлик ташкилотлари, БМТ ва унинг Комитетлари, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар яхши танир эди. Шундай ташкилотнинг раҳбари оғзаки баёнот тарих учун сақланмаслигини, келажакда кимнинг кимлигини тадқиқодчилар ва тарихчилар ташкилотнинг фақат қолдирилган ёзма ҳужжатлари асосида аниқлашлари мумкинлигини билмаслиги ёки тушунмаслиги мумкинми?

 

2008 йили мен ташкилотни Францияда давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳаракат бошлаганимда, уставни биз яшаётган Angers шаҳрида фаолият олиб борувчи “Инсон ҳуқуқлари лигаси” номли ҳуқуқбонлик ташкилотининг президенти ва ходимлари ёзиб беришди. Уставнинг 11-моддаси “Жамиятнинг ички регламентацияси” деб номланган бўлиб, унда фақат қуйидаги битта жумла келтирилган эди:

“Жамиятнинг Конгресс томонидан тасдиқланган ички регламентацияси мазкур Уставда қайд қилинмаган ташкилий муаммолари, процедуралари, фаолияти ва бошқа жабҳаларига тегишли жиҳатларини аниқлайди”.

Ташкилотнинг ички регламентацияси бўлиши кераклигини мен илгари (Тошкентда) эшитган ҳам эмас эдим. 1-Конгресс уни мазмун билан тўлдириш (яъни, ички регламентацияни ишлаб чиқиш)ни вазифа қилиб қўйди. Мен яна Лиганинг ходимларига мурожаат қилдим ва 2008 йил 18 сентябрда уни ишлаб чиқдик. Ташкилотда фақат иккита раҳбар бор эди, холос: президент ва вице-президент (мен). Шунинг учун, ички регламентацияда келтирилган барча ваколатлар Абдужалил Бойматов ва менинг орамизда тақсимланди. Мас., ички регламентациянинг 11.5-моддасида келтирилган ваколат-вазифа тўлиқлигича президент зиммасига юклатилган:  

 

“Президент ўз ваколати тугашидан икки ой илгари навбатдаги Конгресс ўтказилиши вақтини эълон қилиши, уни ўтқазилишининг ташкилий масалалари билан шуғулланувчи Ташкилий Қўмитани тузиши ва ўз ҳисоботини аъзоларга тарқатиши лозим”;

 

1-Хулоса: Абдужалил Бойматов уставнинг 7.9-моддаси 4-қисмини, яъни ташкилотнинг 2-Конгрессини президент сифатида ўзи ўз вақтида ташкиллаштириши кераклигини тўлиқ бузди.

2-Хулоса:   Абдужалил Бойматов ташкилотнинг Ички Регламентациясининг 11.5-моддасини қўпол равишда бузди: 1) у 2-Конгресс ўтказилиши, муддати ва жойини эълон қилган эмас; 2) Ташкилий Қўмита тузишда қатнашган эмас; 3) ўз ҳисоботини ташкилот аъзоларига тарқатган эмас.

 

Мен ташкилотнинг ички регламентацияси ишлаб чиқилганини Абдужалил Бойматовга ўз вақтида билдирдим, бироқ у бунга тамоман бефарқ қаради. Фикримча, икки йил ичида президент сифатида у ташкилот уставига деярли қарамаган. Бундай иддао қилишимга менда асос бор: агар у уставга ҳар ойда ҳеч бўлмаганда бир марта қараганда эди, уставнинг юқорида келтирилган 7.9-моддасининг 4-қисмига кўра ташкилотнинг навбатдаги Конгрессини ташкил қилиш президент зиммасида эканлигига эътибор қилган бўлар эди.

 

Орамиздаги ихтилоф май ойининг 23 куни (ЎХҲнинг Берлин Қурултойи кунлари) юзага келганини, унгача муносабатимиз яхши бўлганини ҳисобга олсак, 1-Конгресс ўтган 6 майдан 17 кун ўтгандан кейин ҳам Абдужалил Бойматов 2-Конгрессни ўтказиш ҳақида бир оғиз ҳам гап айтмаган ҳолда, 23 майдан кейин у алоқани тамоман узди ва шу санадан кейин у мен билан биринчи бор 15 июль куни скайп орқали гаплашди.

 

2-Конгресснинг қисқача тафсилоти

 

Абдужалил Бойматов ташкилот уставини қўпол бузган ҳолда 2-Конгрессни ташкил қилишдан бош тортгач, барча тайёргарлик ишларини ўзим қилишимга тўғри келди. Улар қуйидагилардан иборат бўлди: (1) таклифномалар тайёрлаш ва тарқатиш; (2) Конгресс ўтадиган конференц-зални гаплашиш; (3) конференц-залда скайп алоқасини ўрнатиш ва уни экранга проекциялашни ташкил қиладиган мутахассисни топиш; (4) Гулшан Қараева ва Абдуҳамид Пўлатовнинг визаларини тўғрилаш учун Франциянинг Ўзбекистон ва Санкт-Петербургдаги Консулликларига ҳужжатлар тайёрлаш; (5) бу икки аъзомиз ва кузатувчи сифатида келаётган Абдусалом Каримов ҳамда Шамсутдин Атаматовга меҳмонхонадан жой бронь қилиш (ва бошқалар).

 

Ҳазратқул Худойберди, Гулшан Қараева ва Шамсутдин Атаматовлар машинада икки соатга яқин кечикиб келганлари сабабли Конгресс соат 12 да бошланди. Конференц-залга ўрнатилган интернет-кабель кучсизлиги ва шунинг учун скайп-алоқа конференцияни кўтара олмаслиги туфайли онлайн-конференция ўтказиш имконсиз бўлди. Баъзи аъзоларимиз, хусусан Насрулло Сайидов, Мамир Азимов, Баҳодир Намозов, Тўлқин Қараев, Турсунбой Ўтамуродов, Абдужалил Бойматов ва бошқалар билан телефон орқали боғланиб, ҳар бир масалада уларнинг фикрини аниқладик.

 

Йиғилиш бошида мен Нодир Ахатовнинг президентликка Абдужалил Бойматовнинг номзодини қўйиш таклифини инобатга олиш зарурлигини айтиб ўтдим. Бироқ, биз Абдужалил Бойматов билан телефон орқали уланиб, ундан ҳисобот беришни талаб қилганимизда, у жаҳл билан: “Сизлар уюштирган Конгресс ноқонуний, мен сизларга ҳисобот бермайман” деб алоқани узди. Бу ҳатти-ҳаракати билан у: 1) ташкилотдан ўзини ўзи чиқарди (русча: самоотстранение); 2) икки йиллик фаолияти тамоман қониқарсиз бўлганини тан олди; 3) Конгресс иштироқчиларига ҳурматсизлик кўрсатди; 4) нега Конгресс ноқонуний деб ҳисоблашига тушунтириш бермади.

 

3-Хулоса:  Абдужалил Бойматов ўзини-ўзи ташкилотдан чиқариб юбориш (русча: исключение) даражасига олиб борди  [Уставнинг 6.6-моддаси: Чиқариш: Жамият Уставини қўпол равишда бузган (... Жамият устави ва ички қоидаларини бузиш, Жамиятда аксилвиждон ишлаш) ҳар қандай аъзо ЎИҲЖдан чиқарилиши мумкин].

 

Абдужалил Бойматов амал учун курашда

 

2-Конгрессдан кейин ЎИҲЖнинг 11 аъзосининг исми-шарифи қўйилган ва Абдужалил Бойматовни қўллаб-қувватлаб ёзилган бир баёнот тарқатилди. Бир кун ўтгач уларнинг учтаси – Мамир Азимов, Лутфулло Шамсутдинов ва Тўлқин Қараев – билан гаплашдим ва уларнинг ҳар бирига битта савол билан мурожаат қилдим: “Фамилиянгиз қўйилган шу баёнотдан хабарингиз борми?”. Уларнинг ҳар бири “ЙЎҚ” деб жавоб беришди. Ўз-ўзидан кўринади-ки, амал учун курашда Абдужалил Бойматов ўзи тарғибот қилаётган принципи – демократик усуллар билан курашишни эмас, сохтакорлик, инсонлар ва сафдошларга нисбатан ҳурматсизлик йўлини танлабди.

 

Икки йил Абдужалил Бойматов учун бекорга ўтмабди – у Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов ва Ислом Каримов кабиларни “АМАЛ” деб аталувчи касалга чалинган деб тинимсиз танқид қилиб келган бўлса-да, шу икки йил ичида ўзи айни касалга йўлиқибди. Амал, қурғур, ёмон нарса-да! Амал ҳар қандай демократик уставнинг ҳар қандай моддасини унутишга, унга ҳар замонда бўлса ҳам бир қараб қўйишга тўсқинлик қиладиган, унга амал қилмасликка ундайдиган наркотик моддадир. Буни Абдужалил Бойматов ўзида синаб кўрди.

 

Баъзилар: “Абдужалил Бойматов ЎИҲЖни бўлиб юборади, бошқа ташкилот тузади ва Носир Зокирга ўхшаганларни ўз томонига тортади” дейишмоқда. Айтишим керак-ки,  Ислом Каримов ҳукумати ЎИҲЖнинг кўплаб аъзоларини қамоққа ташлади, Шавриқ Рўзимуродовни ўлдирди, бироқ ЎИҲЖни йўқ қила олмади. ЎИҲЖни йўқ қилишга ўз вақтида Марат Зоҳидов, Михаил Ардзинов, Васила Иноятова, Сурат Икромов, Сухроб Исмоилов, Самад Маллаевлар уринишган ва ҳатто “ЎИҲЖ йўқ бўлиб кетди” деб қайта ва қайта ёзишди. Абдужалил Бойматов шу шахслар қаторидан ўзига жой қидираётган бўлса, марҳамат, бошлайверсин бўлишни!