Сабрнинг сўнгги томчисидан огоҳ бўлинглар!

Бир давлатда халқнинг исёни бошланиб кетишига бир зўравон ҳоким ёки бир бефаросат архитекторнинг бир ахмоқона қарори ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Эсингизда бўлса, Араб баҳори деб ном олган ва кўплаб араб давлатларини қамраб олган, 30 ва 40 йиллик диктаторларни авра­-астари билан ағдар-тўнтар қилиб ташлаган қудратли инқилоблар тўлқини бошланиб кетишига тунислик бир муттаҳам аёл полициячи сабабчи бўлган эди.

Туниснинг кичик бир шаҳарчасида ҳар кунгидек эрталаб ўзининг дўкон-араваcини олиб келиб энди савдо бошлайман деган Муҳаммад Боязизни ёнига полиция ходими бўлган ўша аёл келиб “Қани, жўна бу ердан!” деб ўшқирган.

Ҳар куни озроқ пора бериб бу полициячидан қутилиб юрган Муҳаммаднинг чўнтагида  ўша машъум куни сариқ чақа ҳам бўлмаган. Шу сабаб Муҳаммад ўша полиция хонимга:“Опа, илтимос, бугунча индамай туринг. Сал пул ишлаб олай, кейин албатта ҳақингизни тўлайман” деб ёлворган. Аммо нақд порага ўрганган муттаҳам полиция ходими бу гапга унамай Муҳаммаднинг дўкон аравачасини судраб олиб кетган.

Ўзининг ягона даромад манбаидан ажралган ва кечаси билан эзилиб, кўнгли бузилиб ётган Муҳаммад эртасига эрталаб шаҳар ҳокимияти биноси олдига бориб, “бундай ноҳақликлардан тўйиб кетдим” деб ўзига ўт қўйиб юборган.

Боёқиш Муҳаммад Боязиз ўзига ўт қўяр экан бу ўт аслида унинг ёшгина танасига эмас балки узоқ йиллардан бери диктаторлар чангалида қийналиб ётган бутун араб дунёсининг зўравон ҳокимиятларига қарши улкан аланга эканини билмай шаҳид бўлиб кетди бу ёлғончи дунёдан...

 

      Матбуотда ва ижтимоий тармоқларда гоҳи гоҳида Ўзбекистонда учраб турадиган турли туман ноҳақликлар ва муттаҳам амалдорларнинг ахмоқона қарорларини ўқир эканман Ўзбекистонда ҳам бир кун халқ ғалаёнлари бошланиб кетишига ё бир милиса ёки ҳокимнинг зўравонлиги, ёки бир бефаросат архитекторнинг ахмоқона бир қарори ҳам сабабчи бўлиши ҳам мумкин деб ўйлаб қоламан.

Чунки ширин жони ҳам совуқдан, ҳам йўқчиликдан бўғзига келиб турган бирор инсонга шу қийинчиликлар етмагандек, ўлганни устига тепгандек қилиб, бирор бефаросат амалдор ноқонуний равишда уни бор йўғидан маҳрум қиладиган бўлса, у бечора тўсатдан, шахд билан ўрнидан қўзғалиб, ўша милиса ёки амалдорни шартта бўғзидан олмайди деб бирор одам кафолат бера оладими?

Ёки аламдан у ярим тунда бориб ҳокимият биносини ёқиб юбормайди ва унинг бу дадил ҳаракати халқнинг кескин қўзғолишига сабабчи бўлмайди деб ким кафолат бера олади?

Ана шунинг учун шундоқ ҳам эзилган ва барча ҳуқуқлари топталган халқнинг яна бирор ҳуқуқини оёқ ости қилишдан олдин Каримов ва унинг барча муттаҳам амалдорлари ва милисалари сабрнинг сўнгги томчиси ҳақида бир ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмайди.

Шундай ноҳақликларга мисол тариқасида қуйида Жиззахлиқ бир бефаросат архитекторнинг ахмоқона қарори ҳақида ўқиб кўринг.

Қаҳратонда жиззахликларга ўз уйини бузиш буюрилди.

Жиззах шаҳри Навоий маҳалласидаги Навоий кўчасида жойлашган хонадон эгалари 12 январь куни шаҳар Бош архитекторидан 10 кун ичида “ўзига тегишли уй-жойни бузишни бошлаш" ҳақида огоҳлантириш хати олди. Озодликка хабар берган жиззахликка кўра, қаҳратон қишда келган бу огоҳлантирувдан кўча аҳли эсанкираб қолган.

Тафсилотлар: http://www.ozodlik.org/content/article/25229845.html

 

Ҳазратқул Худойберди

2014.01.14                                                       Бош саҳифага ўтиш

                                                                 Давлат ва фуқаролар саҳифасига ўтиш