Самарқанд вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга
Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Салимжон Дусматовга

Вилоят ҳокимининг саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алимжон Алихўжаевга
Нусхалари: Марказий ҳокимият вакилларига

 

Бизга етиб келаётган шошилинч хабарларга қараганда ушбу кунларда Самарқанд тумани, Даштакиболо қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Рустамқишлоқ, Оқмачит, Даштак, Қумзор, Саримозор, Шалғамон маҳаллаларида истиқомат қиладиган минглаб фуқароларнинг ҳаёти ўта аянчли аҳволда! Бугунги совуқ кунларда қариялаар, касалмандлар, гўдаклар, ёш болалар ва уларнинг оналари газ, электр ва сув еетишмовчилиги туфайли  оғир азиятлар чекмоқдалар.

Бундай азиятларга дош бераолмаётганлар ҳаёт билан видолашмоқдалар, кундан кунга жанозаалар сони кўпайиб бормоқда. Бир муаммо иккичисини туғилишга сабаб бўлмоқда. Газ йўқлиги сабабли одамлар уйларини электр мосламалари билан иситишга уринаётганлари боис электр станциялари тўсатдан кучайиб кетган босимни кўтара олмай бирин кетин ишдан чиқмоқда. Бу эса аҳолини сув билан таъминлайдиган  ва электр билан ишлайдиган башняларнинг ҳам ишдан чиқишига ва натижада аҳолига сув етказиб беришда ҳам янги муаммоларни яратмоқда. Ана шулар сабабли фуқаролар бугун совуқ ва зулматга чўккан уйларда яшашга, сув излаб кўчама кўча юришга ҳам мажбур бўлмоқдалар.

 

Хуллас қўҳна Самарқанд шаҳрининг шундоққина ёнида жойлашган ушбу туман авария ҳолатида! Фуқароларнинг арзларини тинглаб уларни ечиш ўрнига ҳокимият вакиллари улкан қарзларни баҳона қилишаяпти. Ҳолбуки кўплаб фуқаролар коммунал ҳизмат пулини олдиндан тўлаб бораётган бўлса, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа давлат идораларида ишлайдиганларнинг маошларидан ҳар ой систематик равишда коммунал хизмат ҳақларини ундириб олишаётган бўлса яна қанақа улкан қарзлар ҳақида гапириш мумкин? Фуқаролар арзини турли баҳоналар ва важ карсонлар билан қайтариб ташламасдан уларни зудлик билан ечиш эмасми ҳокимият вакилларининг энг асосий вазифалари?

Вазият шундай ҳолатга келганки фуқаролар ўз додларини кимга айтишни ҳам билмай қолганлар. Уларни умидсизлик ботқоғи борган сари ўз домига тортмоқда.

 

Шу сабабдан биз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти сиз жаноб ҳоким Зойир Мирзаев ва сизнинг ана шу масалалар бўйича масъул ўринбосарларингиздан бу ерда кўтарилган муаммоларга жиддий ва атрофлича эътибор беришингизни сўраймиз.

 

Умид қиламизки сиз бу масалалар билан жиддий шуғулланасиз ва тез кунлар ичида Самарқанд туманида жойлашган Даштакиболо қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Рустамқишлоқ, Оқмачит, Даштак, Қумзор, Саримозор, Шалғамон маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг яшаш шароитлари билан танишиб чиқиш учун махсус гуруҳни тайёрлаб уларни вазиятни жойида ўрганиб чиқиш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз қарорларингизни тез кунларда  эълон қиласиз деб умид билдирамиз.

 

Ҳурмат билан

Ҳазратқул Худойберди

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти раиси

2011 йил 20-ноябр