С А Ф А Р Б А Р Л И К

Буюк натижаларга эришиш учун биз энг аввало

мўлжални аниқ олишимиз кейин эса ўзимизни

ўша ишга тўлиқ сафарбар қилишимиз керак.

 

Сўнгги бир неча ойлар ичида Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар ўтган 24 йил ичида бўлган воқеалардан жиддий фарқ қилади.Бу фарқ шундан иборатки, ўтган йиллар давомида ҳукумат ичида бу қадар кескинлик ва зиддият бўлмаган эди. Бу зиддиятларга асосий сабаб Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқи давридаёқ тушиб қолган оғир сиёсий ва иқтисодий инқироз ботқоғига янада чуқурроқ ботиб қолганлигидир.

Агар бир инсон ёки ҳайвон бирор ботқоққа ботиб қолса аввалига эндигина тўпиғига келган ботқоқдан тезликда чиқиб олишга ҳаракат қилади. Бу ерда ўша инсон ва ҳайвондан фаросат ва эпчиллик талаб қилинади. Агар сиз ботқоқдан чиқишни йўл йўриқларини билмасангиз у ҳатто кенглиги бор йўғи 2метрли айлана бўлган бўлса ҳам у ботқоқдан чиқа олмай ғарқ бўлишингиз мумкин. Ботқоқдан чиқиш йўлини билган одам эса кенг майдонни қамраб олган ботқоқдан ҳам эпчиллик билан ўтиб олиши мумкин.

Ислом Каримов ҳукуматга келар экан СССР деб аталмиш давлатнинг ботқоққа чўкиб кетганини кўрдию лекин нима учун ўша ботқоққа тушганини ҳам, ва нима учун шундай буюк давлатнинг раҳбарлари ўша улкан ботқоқдан чиқиш йўлларини топа олмаганларини ҳам тушунмади, тушунишга ҳаракат ҳам қилмади. Бунинг оқибати шу бўлдики, катта карвон изидан бораётган кичик карвон ҳам ўша катта карвон тушган йўллардан юриб у ҳам ўша ботқоққа рўпара келди.

Қўлидан ботқоқдан чиқиш ҳунари келмасада Каримов ўзи бошқараётган карвонни ҳеч ўйламасдан, дадиллик билан ўша ботқоққа ҳайдади. Ҳой жаноблар! У ер ботқоқ, бу ботқоқда биздан олдин ўтган катта карвонлар ғарқ бўлган! деб ҳайқирган барча демократик мухолифат вакилларини ҳам, зиёлию диндорларни ҳам қамади, отди, йўқ қилди, қолганларини мамлакатдан қўвғин қилди.

Ниҳоят мамлакатда унга халақит беридиган, мушугини пишт дея олмайдиган, уни ҳатти ҳаракатларини танқид қиладиган ҳеч ким қолмагач, у Ўзбекистон карвонини тўппа тўғри ана ўша машьум ботқоққа қараб ҳайдайверди. Ботқоққа кирдию қотди-қолди жойида.

Энди бу бефаросат раҳбарда на ўз хатосини тан олиш жасорати, на тўғри йўлларни билган одамларни мамлакатга қайтиб келишга ва ҳукуматни тўғри йўлга солишларига имкон бериш қудрати бор.

Ўшандан бери Ўзбекистон деб аталмиш улкан карвон тарихнинг ана шу диктатура деб аталмиш ботқоғида ўз лойига ўзи беланиб ётибди.

Илгари ҳукумат ичида жиддий кескинликлар ва зиддиятлар бўлмаганининг асосий сабабларидан биринчиси бу шахсан Ислом Каримовнинг бошқарув услубига, у ўрнатган тартибнинг куч-қудрати ва қамровига, унинг шахсий жисмоний ва руҳий қудратига ҳамда бу инсоннинг ўз кучига, қилаётган ишларига қаттиқ ишонишига боғлиқ эди.

У карвонни ботқоққа олиб кирган бўлса ҳам буни тан олмай ўз билганича бошқараверди карвонни... Карвон эса йўл юрган сари ботқоққа чуқурроқ ботаверди. Бугунга келиб карвон бошдан охиригача, бошидан туёғигача ботқоққа ботиб қолди.

Токи инсон, у ким бўлиши ва қандай иш билан машғул бўлишидан қатьий назар, агар у бир ишга астойдил берилсагина у бирор сезиларли натижаларга эришиши мумкин.

 

Ҳукумат ичидаги кескинликлар ва зиддиятларнинг кучайишига биринчи сабаб сиёсат ва иқтисод масалаларида ҳукумат карвонини ботқоққа ботишидан келиб чиққан бўлса, иккинчи сабаб оддийроқ қилиб айтганда, физикавий қонунлар туфайли келиб чиқди.

Эсингизда бўлса, биз мактабда 6-7нчи синфларда физика дарсида Қарама қаршиликлар қонуни ҳақида илк бор эшитган эдик.

Бу қонуннинг асосий мазмуни шундан иборатки, ҳар қандай таъсир бор жойда албатта акс таъсир ҳам бор. Агар сиз коптокни қаршингиздаги деворга қанчалик қаттиқ урсангиз у сизга ишлатган кучингизга пропорционал акс таъсир кучи зарби билан қайтиб келади. Бир қараганда кўпчиликда қуйидаги бир фикр туғилиши табиий: Сиз коптокни деворга қанчалик қаттиқ урсангиз у шунчалик шиддат билан сизга қайтиб келади.

Аммо ҳақиқатан ҳам шундайми? Агар масалага яқинроқ ёндошсак биз коптокни қай даражада тез ва шиддат билан бизга қайтиб келиши нафақат биз уни деворга қарата отганда ишлатган кучимизга балки яна бир қанча бошқа сабабларга ҳам боғлиқ эканлигини кўрамиз.

Мен ҳозир сизнинг эътиборингизни айнан ана шу нарсаларга, яьни акс таъсир қудратини аниқлашга, унинг нималардан иборат эканлигига қаратмоқчиман чунки ана шу оддий масалани қанчалик тиниқроқ ва тўлиқроқ тушунсак кейин келадиган ва қийинроқ бўлган давлат ва сиёсат масалаларини ҳам тушуниш ва таҳлил қилиш бизга шу қадар осонроқ бўлади.

 

Демак, деворга отадиган коптокка қайтсак. Коптокнинг бизга қайтиб келишининг шиддати, тезлиги ва зарбини ўзида мужассамлаштирган акс таъсирнинг кучи қуйидагиларга боғлиқ:

1.   Бизнинг коптокни деворга қарата отишда ишлатган кучимизга (умумий жисмоний ва рўҳий ҳолатга, панжалар, билак, елкава ҳатто оёқлардаги кучларга);

2.   Коптокни қандай ушлашимизга(уни қай даражада панжалар билан маҳкам ушлашда),;

3.   Коптокни қандай отишимизга(копток қанчалик қийшиқ отилса куч шунчалик бекорга ва нотўғри тарафга сарф бўлиши мумкин);

4.   Коптокнинг ўзига(у нимадан ясалган, нақадар таранглиги, оғирлиги, диаметри ва ҳоказо);

5.   Деворга(у нимадан ясалган, сатҳи нақадар қаттиқ, силлиқ ва девор нақадар қалин);

6.   Девор ва сизнинг ўртангиздаги масофа

Физиканинг бу қонуни ва ушбу мисолга хулоса қиладиган бўлсак таъсир ва акс таъсирнинг ўзаро бир бирига боғлиқлиги жуда кўп нарсаларга бориб тақалар экан.

Энди бирламчи масалага қайтадиган бўлсак, йиллар ўтган сари ҳар қандай инсоннинг жисмоний ва рўҳий қудрати, биз истаймизми, йўқми, қатьий назар секин аста сўниб бораверади. Бу табиат аксиомаси, яъни инкор қилиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқатдир.

Бу аксиомадан жаноб Ислом Каримов ҳам холи эмас. У 51 ёшида(1989й.) Ўзбекистон республикасига раҳбар бўлди. 2014йил феврал ойида И.Каримов 77 ёшга қадам қўяди.

Албатта бу ёшда инсон кўп ишларни қилишга қодир аммо унинг жисмоний ва рўҳий қудрати ўтган 25 йиллик яккаҳукмронлик даврида қаттиқ дарз кетди. Буни сабабларига тўхталиб ўтирмаймиз, аммо шуни айтиш мумкинки, агар одам ўз елкасига ўзи кўтара олиши мумкин бўлган юкдан бир неча баробар оғир юкни олса ва устига устак уни узоқ муддат кўтариб юрса уни кўп ўтмай ҳолдан кетиши табиийдир. Ҳеч бир фаросатли инсон ўзининг қудрати етмаган нарсани ўз елкасига олмайди.

Аммо ҳокимиятни бошқариш деган нарса шундай нарсаки у бир қараганда унчалик оғир ишга ўхшамайди. Чунки чор атрофингда юзлаб вазирлар, ҳокимлар, депутатлар, минглаб турли туман амалдорлар, генераллар ва миллионлаб мулозимлар сенинг буйруқларинга маҳтал бўлиб қараб туришади. Сенга фақат уларга ўз вақтида тўғри топшириқлар бериш кейин эса топшириқларингни қай даражада бажарилишини назорат қилиш қолади холос.

Худди ана шу ерда ҳокимиятни бошқаришнинг ўта оғир юки гарданингга келиб тушади. Фаросати бор раҳбар бу юкни минглаб бўлакларга ажратиб кейин уларни минглаб амалдорларга, ишларни бажарилишини назорат қилишни эса бошқа бир гуруҳ амалдорларга топширади.

Бу каби миллионлаб каттаю кичик ишларни қайта-қайта кўриб чиқмаслик ва такрорламаслик учун инсониятнинг минг йиллик тарихида кўплаб ақлли хулосалар чиқарилган, турли туман давлат тузилмалари синаб кўрилган ва охир оқибатда давлатни бошқариш фақат қонунлар асосида бўлиши лозим экан деган асосий хулосага келинган.

Аммо инсоният тарихи ва унинг ривожланишини ўрганмаган мамлакатларда давлатни бошқариш қадимий яккаҳокимлик асосида давом эттириб келинмоқда. Бугун дунёда 30га яқин ана шунақа давлатлар бор. Шулардан биттаси қудратли Совет Иттифоқи эди. Аммо айнан ана ўша тарихий сабоқни ўрганмаган совет раҳбарларининг сиёсий кўрликлари ва саводсизликлари сабабли СССР деб аталмиш дунёдаги иккинчи қудратли давлат 4 йил ичида (ислоҳотлар бошланган 1986 йилдан кенг қамровли халқ норозиликлари бошланиб кетган 1989йиллар ичида) инқирозга учради.

СССР қулаши арафасида омади чопиб Ўзбекистон Компартиясига Москва томонидан биринчи котибликка тайинланган Ислом Каримов Ўзбекистон ҳукуматига раҳбар бўлди.

Умрининг асосий қисмини Совет давлати мактабини ўрганишга сарф қилган Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлгач, СССР қулагач бу қудратли давлатнинг қулаш сабаблари билан қизиқмай, айнан ўша совет услубини қўллаган ҳолда, яъни яккаҳукмронлик билан мамлакатни бошқара бошлади.

Бу Ислом Каримов учун таббий танланган йўл эди, чунки у на ўзгача мактабни кўрган, на да кейинчалик, ўз ҳаёти давомида бошқача бошқариш усуллари билан қизиқиб ҳам кўрмаган инсон эди.

Хуллас Ислом Каримов бугунга келиб ҳукумат карвонини ботқоқлика бўғзигача ботириб бўлди. Энди ҳукумат вакиллари, Каримовга содиқ юзлаб вазирлар ва минглаб амалдорлар тўсатдан бир нарсани англаб етдилар: Карвон ботқоққа кириб қолибди, карвонбоши эса уларни на ботқоқдан чиқариб олиш қудратига, на да бошқа бирор жиддийроқ қарорлар қабул қилиш қудратига эга.

Яъни бу ерда юқорида айтилган физикавий қонун ўз кучини кўрсатаяпти, Каримовнинг товуши қанчалик сўниб борган сари у бошқариб келган мулозимларнинг товушлари қаттиқроқ янграмоқда.

Каримовнинг қўл остидагиларнинг энг кучлиларидан бири Миллий Хавфсизлик Хизмати бўлгани учун айнан ана шу гуруҳ раҳбарларининг товушлари қаттиқроқ чиқа бошлади.

Улар кексайиб кучдан қолган карвонбошини энди назар писанд қилмайдиган даражага ҳам чиқа бошладилар, унинг яқинларини сиқувга олиб, бошқарув аслида МХХнинг қўлига ўта бошлаганини амалга исбот қилмоқдалар.

Афсуски бу ерда ҳам СССРнинг асосий меросхўри бўлган Россия ҳукумати йўл қўйган хато, яьни Россия ҳукуматни секин аста КГБнинг давомчиси бўлган ФСБнинг вакилларига топширгани каби Ўзбекистон ҳукумати ҳам секин аста КНБнинг меросхўри бўлган МХХга топширилмоқда.

Айни пайтда мамлакатда воқеаларнинг бундай ривожланишининг оқибати ёмон тугашини кўпчилик сезиб турибди.

Шу сабабдан бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг турли туман гуруҳ вакиллари ҳам, мухолифатнинг кучлари ҳам яқинлашиб келаётган оғир инқироз дақиқаларида ҳокимият учун кескин курашларга имкон қадар яхшироқ тайёр туришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ана шундай кучлардан бири Ўзбекистон Озодлик Ҳаракатидир. Бу Ҳаракат тузилганига эндигина ярим йил тўлди ва у бошқа кучлардан асосан ўзининг адолатли бошқарилиши ва аниқ мақсадлари билан ажралиб туради.

Аммо бугун барча мухолифат кучларини жиддий ривожлантириш ва уларни кенг халқ оммаси ичига кириб бориши учун мўҳим бир нарса етишмай турибди. Бу барча адолатпарвар, озодлик ва ҳуррият, инсон ҳақ ҳуқуқларини тўлиқ таъминланишини истаган инсонларни Озодлик ҳаракати таклиф қилган аниқ ғоя ва аниқ мақсадлар атрофида тўплашда ташкилий ва иқтисодий қийинчилар бор.

Ушбу сатрларни ўқиётган барча биродарлар, опа сингиллар уларни бошқаларга ҳам сурункали равишда тарқатиб турсалар, келажак ҳақида. Уни қандай қилиб ўз қўлларимиз билан яратиш ҳақида доимий равишда қайғуриб турсалар ҳаракат сафлари кескин оша бошлайди.

Мен бу мақолани номини сафарбарлик деб атадим. Бундан мақсад бугундан бошлаб ҳаммамиз ўзимизни Ўзбекистондек гўзал диёримизни диктатура чангалларидан озод қилиш, ўзимиз, бола чақаларимиз, ёру биродарларимиз ва барча фуқаролар учун бу диёрни эркин ва озод бўлиши учун курашга жалб қилишга ҳаракат қилишимиз керак.

Чет элларда юрган тадбиркор биродарлар!

Бугун Ўзбекистон ҳам, унинг жасур ўғил ва қизлари бирлашган Озодлик ҳаракати ҳам сизларнинг қўллаб қувватлашингизга , ҳаракатимизни ғоя, фикр ёки иқтисодий томондан қўллашингизга боғлиқ. Кимдир курашнинг олдинги сафларида ғоя билан курашга кирса, кимдир бу курашни қўлидан келганича қўллаб туриш имконига эга.

Келинглар, бугундан бошлаб Ўзбекистонни диктатурадан озод қилиш ишига ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам сафарбар қилайлик.

 

Ҳазратқул Худойберди

2014.01.02